Ўзбекистон | 14:17 / 07.10.2025
5658
4 дақиқада ўқилади

“Юксалиш” ҳаракати: Божлар ёрдамида монополия яратмаслик керак

Хорижга чиққан ўзбекистонликлар шахсий эҳтиёжи учун олиб келаётган iPhone'лари учун бож тўлашга мажбурланаётгани ҳақидаги муҳокамалар ортидан, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати дадил баёнот билан чиқиб, қатор таклифларни илгари сурди. Ҳаракат позициясига кўра, божлар ва лимитлар қонун билан белгиланиши ҳамда монополия яратиш қуролига айланмаслиги керак.

Фото: Божхона қўмитаси

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистонга шахсий фойдаланиш учун божсиз товар олиб кириш лимитлари пасайтирилганини танқид қилиб, бу борада қатор таклифларни илгари сурди.

“Бож тўловлари монополияга сабаб бўлмаслиги керак”, дейилади ҳаракат тарқатган баёнот сарлавҳасида.

Маълумки, 2025 йил 1 майдан Ўзбекистонга шахсий эҳтиёж учун олиб кириладиган товарлар бўйича янги божсиз нормалар кучга кирди. Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, жисмоний шахслар учун лимит қуйидагича белгиланган: ҳаво транспорти орқали келишда – 1000 доллар, темирйўл ва дарё транспортида – 500 доллар, автомобил ва пиёда ўтиш пунктларида – 300 доллар, халқаро курьерлик жўнатмаларида – 200 доллар, почта орқали эса – 100 доллар.

“Юксалиш” ҳаракатига кўра, бу меъёрлар амалда фуқароларга қўшимча молиявий харажат юклаяпти, қолаверса, бозордаги рақобатга ҳам таъсир кўрсатмоқда.

“Божхона тўловлари монополия хавфини кучайтирмоқда. Ўзбекистонда расмий дистрибютори бўлмаган товарларни, табиийки, фуқаролар четдан олиб келишга мажбур. Аммо, 30 фоизлик бож бу товарларни сунъий қимматлаштириб, истеъмолчи танловининг чекланиши ва йирик импортчиларнинг мавқейи мустаҳкамланишига сабаб бўлади.

Натижада, рақобат пасайиши, нархлар ошиб, товарлар сифати ёмонлашиши ва кичик ҳамда ўрта тадбиркорлар учун бозорга кириш имкониятлари чекланиши мумкин. Бунинг оқибатида истеъмолчилар танлов ҳуқуқидан маҳрум бўлади ва соғлом бозор ривожланиши тўхтайди.

Шунинг учун яширин иқтисодиётга қарши бошқача, самарали ҳамда инсон ҳуқуқларига дахл қилмайдиган механизмлар ҳақида ўйлаш мақсадга мувофиқ”, – дейилади ҳаракат 7 октябр куни эълон қилган баёнотда.

Юқоридаги муаммоларга ечим сифатида, “Юксалиш” қуйидагиларни таклиф қилди:

  • жисмоний шахслар томонидан ўз эҳтиёжлари учун товарларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда қўлланадиган бож тўловлари, лимитлар ва ставкалар фақат қонун даражасида белгиланиши лозим;
  • тижорат мақсадидаги импортни шахсий эҳтиёж учун олиб кириладиган товарлардан аниқ ажратиш механизмини ишлаб чиққан ҳолда, нормадан ошган қисмига нисбатан 30 фоиз ўрнига пастроқ, мутаносиб ва прогрессив ставкаларни қўллаш;
  • божхона тарифларини маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш кўринишида монополияни шакллантириш воситаси эмас, балки фақат ҳақиқий контрабандага қарши кураш ҳамда рақобатни ривожлантириш воситаси сифатида қўллаш;
  • ички бозорда етарлича рақобат шаклланмаган товарлар учун импорт шартларини енгиллаштириш;
  • рўйхатга олиш жараёнини соддалаштириш ва бож тўлови талаб қилинмаган ҳолларда (масалан, 1-2 дона шахсий қурилма) UzIMEI орқали рўйхатга олишни бепул қилиш.

“Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, шахсий товарларга юқори божлар қўйиш – оддий фуқароларнинг мулк ҳуқуқига зарар етказади. Бож сиёсати адолатли ва иқтисодий эркинликни қўллаб-қувватловчи бўлиши керак”, – дея хулоса қилди “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Қонунчилик палатаси депутати Бобур Бекмуродов.

  • Божхона қўмитаси маълумотига асосланиб, Kun.uz бажариб кўрган ҳисоб-китобларга кўра, Дубайдан Ўзбекистонга шахсий эҳтиёжи учун iPhone 17 Pro Max 512 смартфонини олиб кираётган фуқаролар давлат божи, божхона йиғими ва IMEI-регистрацияси учун жами 2,5 млн сўмдан ортиқ харажат қилишига тўғри келмоқда.
Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид