Ўзбекистон | 19:17 / 03.01.2024
13037
2 дақиқада ўқилади

2023 йилда Ўзбекистонда 68 турдаги дори воситаси қалбаки экани аниқланди 

Шунингдек, 1,3 млн ўрамдан ортиқ дори воситасининг тиббиёт амалиётида қўллаш мумкин эмаслиги ҳақида экспертиза хулосаси берилган. 

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги департамент

2023 йилда 68 турдаги 7029 ўрам дори воситаси қалбаки экани аниқланди. Бу ҳақда Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази хабар берди. 

Қайд қилинишича, 2023 йилда Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказига Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва тиббиёт ташкилотлари ҳамда фуқаролар томонидан дори воситалари ва тиббий буюмларни экспертиза қилиш юзасидан 1671 та мурожаат келиб тушган. 

Ушбу мурожаатлар асосида тақдим қилинган фармацевтика маҳсулотлари ўрнатилган тартибда лаборатория текширувидан ўтказилган. Таҳлил натижаларига кўра 6304 турдаги 1,3 млн ўрамдан ортиқ дори воситасининг тиббиёт амалиётида қўллаш мумкин эмаслиги, 2288 турдаги 542 минг ўрам дори воситасининг мувофиқлик сертификати йўқлиги, 241 турдаги 11,7 минг ўрам дори воситаси ёрлиқлаш кўрсаткичи бўйича номувофиқлиги, 152 турдаги 1278 ўрам дори воситасининг яроқлилик муддати ўтгани, 68 турдаги 7029 ўрам дори воситасининг қалбаки экани тўғрисида экспертиза хулосаси берилган. 

Қайд қилинишича, фармацевтика маҳсулотлари техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги тасдиқланиши мажбурий бўлган маҳсулот ҳисоблангани боис, қонунчиликда ўрнатилган тартибда аккредитация қилинган, фармацевтика маҳсулотларининг белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқлашга оид фаолиятни амалга оширувчи сертификатлаштириш органлари томонидан сертификатлаштирилади. 

Амалдаги тартибга мувофиқ, давлат рўйхатидан ўтган ва импорт қилинган дори воситаларининг ҳар бир серияси сертификатлаштириш жараёнидан ўтади ҳамда ҳар бир серия маҳсулотга мувофиқлик сертификати расмийлаштирилади. Сертификатлаштирилмаган дори воситаларининг божхона ҳудудидан олиб чиқилишига ва реализация қилинишига йўл қўйилмайди. 

Ўзбекистон ҳудудига олиб кириладиган дори воситаларининг ва тиббий буюмларни сертификатлаштириш синовлари натижасида қўллаш учун яроқсизлиги аниқланган бўлса, бундай дори воситалари ва тиббий буюмлар Ўзбекистон Республикаси божхона қонунчилигида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига чиқариб юборилади (реэкспорт) ёки божхона режимида жойлаштирилади ва йўқ қилинади. 

Мавзуга оид