Жаҳон | 20:21 / 04.01.2024
15637
9 дақиқада ўқилади

Эрондаги теракт, ректорларни истеъфога чиқараётган АҚШ ва Илон Маскнинг янги ташаббуси — кун дайжести

Айни дақиқаларгача жаҳонда рўй берган энг муҳим янгиликлар, воқеалар, ҳодисалар ва баёнотлар жамланган кунлик дайжестимизни одатдагидек эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Эрондаги теракт

Эроннинг Кирмон шаҳрида 4 йил муқаддам ўлдирилган генерал Қосим Сулаймоний дафн этилган Гулзори Шаҳидаий қабристони ёнида портлаш рўй бериб, генерални хотирлаш учун бораётган оломон ичида қурбонларга сабаб бўлган.

Эрон соғлиқни сақлаш вазири Барҳом Айнуллоҳий портлаш қурбонлари сони 103 кишидан ошганини хабар қилди. Ярадор бўлганлар сони 180 дан ошади.

Гувоҳларга кўра, қабристон дарвозаси яқинига ўрнатилган иккита сумка портлаган.

Эрон ички ишлар вазири Аҳмад Воҳидий «Эрон хавфсизлик кучлари имкон қадар тез фурсатлар ичида портлаш учун масъул бўлганларга жавобан қақшатқич ва қатъий зарба бериши»ни ваъда қилган. Эрон Бош прокуратураси теракт бўйича иш очиб, тергов-суриштирув ишларини бошлаган.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған, Россия президенти Владимир Путин ва бошқалар Эрон президенти Иброҳим Раисийга теракт қурбонлари сабаб ҳамдардлик билдиришган.

Турли манбаларга кўра, ушбу терактнинг Исроил махсус кучлари, Суриядаги Эронга қарши ИШИД жангарилари амалга оширган бўлиши мумкин, деган версия илгари сурилмоқда. АҚШ ва Исроил Эрондаги терактга алоқаси йўқлигини маълум қилди.

Эронда теракт қурбонлари хотирасига бугун мотам куни деб эълон қилинди. 

Ғазо аҳолисини депортация қилиш

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Ғазо аҳолисини мажбурлаб анклавдан депортация қилишни геноцидга тенглаштирди. Депортация қилинган одамларни қабул қилишга розилик берган давлатлар эса геноцид жиноятининг шериклари ҳисобланади, деди БМТнинг махсус докладчиси Балакришнан Ражагопал.

Бу депортациянинг геноцид деб топилишига асосий сабаб — Ғазо аҳолисининг катта қисми болалардан иборат эканида.

Аввалроқ Исроилнинг ўта радикал ўнг миллатчилар партияларидан чиққан икки вазири — молия вазири, «Ҳа-Цийонут ҳа-Датит» («Диний сионизм») партияси етакчиси Бецалел Смотрич ва ички хавфсизлик вазири, «Оцма Яҳудит» («Кучли Исроил») Итамар бен Гвир Ғазо секторидан фаластинликларни бошқа бир давлатга мажбурий-ихтиёрий депортация қилиш ҳақида гапирган эди.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ҳам «айбдорларни жазога тортиш кераклиги»ни таъкидлаган.

Евроиттифоқ дипломатияси раҳбари Жозеп Боррел ҳам Исроил вазирларининг бу «масъулиятсиз ва провокацион баёнотлари»ни кескин қоралаган.

Гарчи АҚШ ҳам бу баёнотларни қоралаган бўлса-да, давлат департаменти эса ҳозирча Ғазо секторида ҳеч қандай геноцид аломатлари кўринмаётганини таъкидлаган.

Дарвоқе, БМТ халқаро суди 11-12 январ кунлари Жанубий Африка Республикасининг Ғазодаги вазият бўйича Исроилга қарши берган даъво аризасини кўриб чиқа бошлайди. 

АҚШда ректорлар истеъфо бермоқда

Ҳарвард университети президенти АҚШнинг яҳудий лоббиси босими остида ўз лавозимини тарк этди.

Ҳарвард университети президенти Клодин Гэй хоним антисемитизмда айблангач, истеъфога чиқди. Ўз баёнотида у ўз қарорини «тасвирлаб бўлмас даражада қийин» деб атаб, бу ишга у «Ҳарвард манфаатлари» ҳамда «университет ҳамжамияти бу фавқулодда чақирув онларини алоҳида бир инсонга эътибор қаратиб эмас, таълим муассасасига диққат-эътиборни жамлаб қарши олишлари учун» қўл урганини айтган.

Исроил Ғазога бостириб киргач, АҚШдаги етакчи университетлар талабалар ҳамжамиятлари ва ўқитувчилар иттифоқи Ғазодаги қон тўкилишини тўхтатишга чорлаб чиқишлар қила бошлаган. Бу эса Конгрессдаги исроилпараст вакиллар ва АҚШдаги жуда кучли яҳудийлар лоббиси томонидан антисемитизм кўриниши сифатида қабул қилинган.

Ҳарвард президенти Клодин Гэй, Пенсилвания университети президенти Лиз Мэгилл ва Массачусетс технология институти президенти Салли Корнблут АҚШ вакиллар палатасига эшитиш учун чақирилган ва қаттиқ сўров ва босим остига туширилган. Уларда «урушни тўхтатиш» талаби «яҳудийларни геноцид қилиш» билан тенг нарса эканини тан олишдан бошқа илож қолмаган.

Профессорларнинг «фикр билдириш эркинлигини ҳимоя қилиш ҳисобга олиниши лозимлиги» тўғрисидаги эътирозларига жавобан конгрессменлар уларни антисемитизмда айблай бошлаган. Эшитишлардан сўнг Конгресс аъзоларидан 70 киши уч университет кенгашларидан президентларни ишдан бўшатишни талаб қилган. Лиз Мэгилл аллақачон истеъфога чиқарилган. Клодин Гэй иккинчи бўлди. 

Россия-Украина уруши

АҚШ Россияда Украина бўйича музокараларга тайёрлик аломати кўрмаяпти, — деган Оқ уйнинг миллий хавфсизлик кенгаши стратегик коммуникациялар координатори Жон Кирби.

«Турли оммавий ахборот воситаларида жаноб Путин кутилмаганда музокаралар ҳақида гап очгани ҳақида хабарлар чиқди, лекин у ўзини музокараларга тайёр одам сингари тутмаяпти», — деган Жон Кирби Россиянинг 29 декабр ва 2 январ куни Украинага ёппа ракета ва дронлар зарбасига ишора қилиб.

Узоқ танаффусдан кейин Россия ва Украина ўртасида яна асирлар алмашинуви амалга оширилди.

Украина президенти Володимир Зеленский 200 дан ошиқ украиналик ҳарбий асирликдан озод этилганини, Россия мудофаа вазири эса 248 нафар рус аскари ватанга қайтганини маълум қилган. Асирлар алмашинувида БАА воситачилик қилган. 

Қизил денгиздаги вазият

Аl-Jazeera телеканалининг хабар беришича, Яманнинг «Ансоруллоҳ» ҳаракати кучлари Исроил томон йўл олган кемага ҳужум уюштирган.

Яман томонидаги манба телеканалга берган маълумотга кўра, ушбу кема Яманнинг огоҳлантиришларига қулоқ солмаган ва жавоб бермагани сабабли унга ҳужум уюштирилган.

Яман армияси ҳозирча бу ҳужум учун масъулиятни расман ўз гарданига олгани йўқ. Бироқ яқин соатлар ичида армия вакили бу борада чиқиш қилиши кутилмоқда. 

Россия-ТВдан воз кечган Қозоғистон

Қозоғистонда Россиянинг 10 дан ортиқ телеканаллари эфирдан олиб ташланди

Қозоғистон миллий телерадиоэшиттириш оператори «Қазтелерадио» АЖ ҳамкори «TVCOM» бир қатор Россия телеканалларини сунъий йўлдош ва интернет-телевидениеси – «Биринчи канал-МДҲ», «Дом Кино», «Победа» ва бошқа телеканалларни трансляция қилишни тўхтатди. Компания раҳбарияти «ахборотга узатишга ихтисослашган хорижий каналлар улушини аста-секин камайтираётганини» маълум қилган. Уларнинг ўрнини илмий-оммабоп каналлар эгаллайди.

Аввалроқ Қозоғистон ҳукумати қарори билан Россия Федерациясининг асосий тарғибот каналларини эфирга узатувчи «Sputnik24» портали ва «Царьград» сайти блокланган эди.

Дарвоқе, Қозоғистонга оид яна бир хабар.

Мамлакатнинг амалдаги президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистонда 2026 йилги президентлик сайловларида иштирок этмаслигини билдирди

Тўқаев конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум ўтказиш режаси ҳақидаги миш-мишларни рад этди ва президент фақат бир марта сайланиши мумкин бўлган қоида «энди ҳеч қачон ўзгармаслиги»ни таъкидлади. 

Рамзон Қодировнинг баёноти

Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров республика кучишлатар тузилмалари ходимларини ҳуқуқ-тартибот органларидан қочиб юрган жиноятчиларнинг қариндошларини жазолашга чақирган.

Қодировнинг бу мавзуда ўтказган мажлиси ўзининг Теlegram-каналида эълон қилинган.

«Инсон ҳаётига ҳар қандай таҳдид айбдорнинг қариндошларига ҳам таъсир қилади. Яқин қариндошлар уларнинг оиласи вакили нималар билан машғуллигини билиш, у учун масъул бўлиши керак, бу асрлар оша чеченларнинг одати бўлиб келган», — деган Рамзон Қодиров.

Чечен тилида гапирган Қодиров қотилликни амалга оширган жиноятчининг қариндошларидан бири ҳам ўлдирилиши кераклигига шама қилган.

«Асрлар оша, қариндошларидан бири айб қилса ва жиноятчини топа олишмаса, унинг ака-укаси ёки отасини ўлдиришган. Қонли қасосни шу йўл билан тезгина қайтаришган», деган Қодиров. 

Илон Маскдан янгилик

SpaceX смартфонлар уланиши мумкин бўлган илк Starlink сунъий йўлдошларини учирди.

«Бу Ер куррасининг исталган нуқтасида мобил телефонлар орқали интернетга уланиш имкониятини беради», — деб ёзган Илон Маск.

Яъни энди сунъий йўлдошли интернетга уланиш учун қабул қилувчи товоқлар керак эмас. Смартфон ўзи тўғридан тўғри уланади. 

Рекордни урган АҚШ давлат қарзи

АҚШ давлат қарзи тарихий кўрсаткичларга етди ва илк марта 34 трлн доллардан ошди.

2023 йил охирида давлат қарзи миқдори бир кунда 33,911 триллион доллардан 34,001 триллион долларга кўтарилган.

Конгрессменлар келаси ҳафта федерал бюджет харажатларини муҳокама қилиш учун таътилдан қайтади.

Мавзуга оид