Ўзбекистон | 20:03 / 04.01.2024
7439
2 дақиқада ўқилади

Иқтисодчи ёки иқтисодий журналистмисиз? Kun.uz'га ишга келинг

Биз иқтисодий мавзуларда кўрсатувлар тайёрлай оладиган мутахассис излаяпмиз. Агар Ўзбекистон иқтисодий сиёсатини шарҳлаб бора оладиган иқтисодчи ёки журналист бўлсангиз, камера қаршисида ишлай олсангиз, сизга муносиб меҳнат шартлари ва шахсий брендингизни яратиш имкониятини таклиф этамиз.

Фото: Kun.uz

Бугун Ўзбекистон иқтисодий ҳаётида фаол муҳокама қилинаётган мавзулар жуда кўп. Лекин бу муҳокамаларнинг мингдан бири ҳам очиқ медиамаконда рўй бермаяпти.

Очиқ муҳокамалар ва мустақил экспертларнинг чиқишлари кўп бўлиши – бир томондан, аҳолининг иқтисодий билимларини оширади, бошқа томондан, қарор қабул қилувчиларга муқобил фикрларни етказиб, уларнинг соғлом ижтимоий босим остида бўлишига ёрдам беради.

Ҳатто зиёли қатлам ва мансабдорлар орасида ҳам фундаментал иқтисодий қонуниятларга зид тушунчалар кўп учраши – медиамаконда сифатли иқтисодий контентни кўпайтириш заруратидан дарак беради.

Шунга кўра, Kun.uz видеокўрсатувлар тайёрлаш орқали Ўзбекистон иқтисодий сиёсатини шарҳлаб борадиган мустақил иқтисодчи ёки иқтисодий журналистни ишга таклиф қилади.

Бу лавозимга қабул қилинадиган мутахассисдан молия, иқтисодиёт, банк, солиқ ва бошқа соҳаларга оид видеохабар, кўрсатув ва интервюлар тайёрлаш талаб этилади.

Энг муҳими, иқтисодчи ёки журналист мавзуни ўзи яхши тушунган ҳолда, уни томошабинга содда тилда етказа олиши керак.

Kun.uz рақобатбардош ойлик маошни таклиф этади, унинг миқдори ўзаро келишув асосида белгиланади. Мутахассис Тошкент шаҳрида доимий яшаши мақсадга мувофиқ.

Номзодлардан ўзи ҳақида эркин тарзда ёзилган маълумотларни Тelegram'даги @kunuzkadr манзилига юбориш сўралади. Кадрлар бўлими танлаб олинган номзодлар билан телефон орқали боғланади.

Мавзуга оид