Жамият | 20:23 / 11.01.2024
5804
5 дақиқада ўқилади

Гулчеҳра Нуруллаеванинг мустақиллик йилларидаги илк шеърий тўплами нашр этилди

Марҳум шоира 90-йилларда тақиқда эди.

Фото: Kun.uz / Muhammadjon G'aniyev

Марҳум шоира Гулчеҳра Нуриллоҳ қизининг танланган шеърларидан иборат уч томлик шеърий тўплами нашр этилди.

«Юрак билан суҳбат» номли биринчи жилдга бир пайтлар китобларига киритилган шеърлар саралаб олинган, «Мартабаси баланд қуёшнинг» номли иккинчи жилдидан шоиранинг 1987 йилдан 2003 йилгача ёзилган сатрлари жой олган. «Ҳаққа ҳақиқатга» номли учинчи жилд эса шоира ижодининг 2004 йилдан 2020 йилгача бўлган даврини қамраб олган.

Ижтимоий тармоқларда ижодкорлар ва мухлислар шоира ҳамда унинг мазкур тўплами тўғрисидаги илиқ фикрларини билдириб ўтган.

«Бугун Ўзбекистон бутунлай бошқача қиёфада бўлиши мумкин эди, янги тарихимиз ҳам бошқача кечган бўларди, магарам пешонамизга Гулчеҳра Нуриллоҳлардан бирон ўнта битган бўлганда. Ижодкор ва Шахс ўз ғоялари йўлида ҳеч нимага чалғимаслиги кам кузатилади. Одатда диққат ҳаммаслакларинг, йўлдош улуғ шахслар, манфаатлар узра сочилиб кетади. Бош маслакдан узоқлашасан ёки айро тушасан. Яқин тарихимизда бунга мисоллар жуда кўп. Аммо Гулчеҳра опа ҳаммадан воз кечиб бўлса ҳам, якка ўзи ҳаммага қарши бориб бўлса ҳам олий Мақсади, бош Ғоясидан чалғимаган Шахс ўлароқ гавдаланди кўз ўнгимда. Тўпламларини нашр этишга бироз ҳиссам қўшилиб қолганидан ғоят мамнунман», дейди тўпламлар нашр этилган «Академнашр» нашриёти раҳбари Санжар Назар.

«Севимли Эркин Воҳидовнинг «Гул ёниб, гулгун ёниб, гулшан аро Гулчеҳралар» деб бошланувчи машҳур ғазалидаги Гулчеҳралардан бири мана шу жўмард аёл эди. Ўсмирлигимда «Саодат» журналини Ҳалима опам раҳбар йилларидаги сонида «Мен она бўларман жўмард зотига» сарлавҳали бир туркум шеърларини ўқигандим. Маҳлиё бўлгандим.

Вақтлар ўтиб, шоиранинг ўзи ва Ватани тақдири билан боғлиқ изтиробли, лекин улуғвор бир қатъият руҳидаги шеърларини ўқидик. Узоқ йиллар халқидан айро қилинган шоирамиз ижоди билан тўлиқ танишиш имкони бор энди. Бу китобдаги айрим шеърларни ўқиб, одамзотга, айниқса, улкан истеъдодларга зулм қилиш ҳеч қачон йўлбошчиларга зеб бўлмаслигини англадим», дейди шоира Гулжамол Асқарова. 

«Янги йил арафасида таому дастурхонни ўйламай, шеър ўқиб ўтириш ҳам бир бахт. Айниқса бу Гулчеҳра Нуриллаеванинг шеърлари бўлса... Шоиранинг сўнгги китоби 1988 йили чоп этилган экан. Мен 13 ёш бўлган эканман... Даҳшат! Асарлари ҳали-бери кун кўрмаслигини билиб туриб ҳам шоира  ёзаверган, ижодини тўхтатмаган. Халқимизнинг шундай қизлари бор!» дейди журналист Назокат Азим.

«Кеча Гулчеҳра Нуруллаеванинг уч жилдлик китоблари чоп этилганидан хабар топган эдим. Бугуноқ уларни сотиб олдик. Опанинг шахсияти, ижоди билан қисман таниш эдим. Ютоқиб ўқишни бошладим. Мен опани хаёлимда доим Анна Ахматовага ўхшатиб келганман. Шеъриятидаги жўшқинлик, шахсиятидаги жасорат туфайлидир балким. Айниқса, китобларнинг иккинчи ва учинчи жилдига шоиранинг 32 йил мобайнида деярли чоп этилмаган шеърлари жамлангани, ўйлайманки, барча мухлисларига опадан ҳассос бадиий хотира бўлса ажаб эмас», дея фикрларини билдирган ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси Алишер Шойимов.

***

Гулчеҳра Нуруллаева 1938 йилда Тошкент вилоятининг Чоштепа қишлоғида туғилган. 1956-1964 йилларда Тошкент университетининг журналистика бўлимида таҳсил олган. 

У 1961–1967 йилларда «Ўзбекистон хотин-қизлари» журналида ишлаган. 1967–1969 йилларда эса Москвадаги икки йиллик олий адабиёт курсида ўқиган.

Шоиранинг биринчи шеърий тўплами 1965 йилда «Қуёш табассуми» номи билан чоп этилади. Кейинроқ турли йилларда «Орзуларим қоқади қанот», «Ташнаман», «Иккинчи баҳор», «Лирика», «Бағишлов», «Пахта ҳиди», «Нурли нуқталар» номли китоблари ҳам нашрдан чиққан.

Танқидий қарашлари туфайли мустақилликнинг илк йилларида таъқибга учраган шоира адабий муҳитдан четда қолган ва ҳатто Ёзувчилар уюшмасидан четлатилган, китоблари чоп этилмаган – бунгача унинг сўнгги китоби «Муҳаббатнинг суврати» (1988 йил) бўлиб қолганди. 

Фото: Kun.uz / Muhammadjon G'aniyev

У фақат Ўзбекистоннинг ҳозирги президенти Шавкат Мирзиёев бошқаруви даврида «оқланади» ва 2018 йилда Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига ҳам тикланади, 2019 йил 9 май куни Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси томонидан I даражали «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони (олтин медали) билан тақдирланади.

Шоира 2021 йил январида 83 ёшида оламдан ўтади.

Ушбу китобни Инобат Ахатова (@I_A_95) билан боғланиб харид қилиш мумкин.

Мавзуга оид