12:44 / 16.01.2021
22798

Таниқли шоира Гулчеҳра Нуруллаева вафот этди 

Фото: Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизмати

Жорий йилнинг 15 январь куни таниқли шоира Гулчеҳра Нуруллаева 83 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар берди.

Гулчеҳра Нуруллаева 1938 йилда Тошкент вилоятининг Чоштепа қишлоғида туғилган. 1956-1964 йилларда Тошкент университетининг журналистика бўлимида таҳсил олган. 

У 1961-1967 йилларда «Ўзбекистон хотин-қизлари» журналида ишлаган. 1967—1969 йилларда эса Москвадаги икки йиллик олий адабиёт курсида ўқиган.

Нуруллаеванинг биринчи шеърий тўплами 1965 йилда «Қуёш табассуми» номи билан чоп этилади. Шоиранинг турли йилларда «Орзуларим қоқади қанот», «Ташнаман», «Иккинчи баҳор», «Лирика», «Бағишлов», «Пахта ҳиди», «Нурли нуқталар», «Муҳаббатнинг суврати» номли китоблари ҳам чоп этилган.

 «Мен унинг шеърларини ҳамма вақт ўқиб, кузатиб бораман, – деб ёзган эди Саида Зуннунова. – Шоира ҳиссиётидаги нафислик, теранлик, аёл қалбига хос майинлик ҳамма вақт мени хурсанд қилади. Гулчеҳра шеърлари устида қунт билан ишлайди. Бу унинг сатрларининг пишиқлигидан, янги, чиройли образлар топа билишидан кўриниб туради».

Шоира ўзининг танқидий фикрлари учун 1990-йилларда маълум муддат таъқибга учраган, Ёзувчилар уюшмаси аъзолигидан четлатилган. 2018 йилнинг ноябр ойида эса у Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қайта қабул қилинган. 

2019 йилнинг 9 май куни Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси томонидан I даражали «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони (олтин медали) билан тақдирланган.

Гулчеҳра Нуруллаева 16 январь куни Тошкентдаги Дўмбиробод қабристонига дафн этилган.

Kun.uz шоиранинг яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.

Top