Ўзбекистонда маиший чиқиндиларнинг йиллик ҳосил бўлиш ҳажми 16 млн тоннага етиши мумкин
Ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистонда маиший чиқиндиларнинг йиллик ҳосил бўлиш ҳажми прогнози 14-14,5 млн тонна атрофида баҳоланиб, аҳолининг ўртача 1,5 фоизга кўпайиш суръатини ҳисобга олганда, ушбу кўрсаткич 2028 йилга бориб 16-16,7 млн тоннага етиши мумкин. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси депутати Моҳира Хўжаева маълум қилди.
Билдирилишича, соҳада бир қатор камчилик ва муаммолар сақланиб қолаётганлиги санитар тозалаш корхоналарининг самарали фаолиятига, аҳоли пунктларининг санитария ва экологик ҳолатига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Мавжуд қаттиқ маиший чиқинди полигонларининг санитария талаблари ва экологик меъёрларга мувофиқ келмаслиги, соҳада кўрсатилган хизматлар учун марказлашган электрон тўлов тизимининг тўлиқ жорий қилинмаганлиги, соҳада кўрсатилган хизматлар учун дебиторлик қарзларнинг юқори эканлиги, бунинг натижасида эса тадбиркорлик субъектлари ҳисобланган санитар тозалаш корхоналарининг иқтисодий ҳолатининг қониқарсиз ҳолатга тушиб қолиши, соҳада мукаммал назорат ва фаол рағбатлантириш механизмларининг мавжуд эмаслиги шулар жумласидан.
Президентнинг “Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан ваколатли давлат органларига аҳолининг маиший чиқиндилар билан боғлиқ хизматлар сифатидан тўлиқ қониқишини таъминлаш, ушбу хизматлар даражасини халқаро стандартларга етказиш ҳамда назорат тизимини кучайтириш мақсадларида бир қатор вазифалар юклатилди.
Фармонга асосан, қатор вазирлик ва идораларга соҳадаги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича қўшимча ваколат ва мажбуриятлар юклатилмоқда. Экология ва ички ишлар органлари ҳамда Миллий гвардияга белгиланган тартибда автомобил йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганлигини махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситаларини ўрнатган тадбиркорлик субъектларига экологик ҳуқуқбузарликларни қайд этиш ва Давлат экологик назорат инспекциясига хабар бериш ҳуқуқи берилмоқда.
Бунда, тадбиркорлик субъектлари жавобгарликка тортиш чоралари кўрилиши натижасида жарима сифатида ундирилган маблағларнинг 20 фоизи миқдоридаги пул мукофоти билан рағбатлантирилиши белгилаб қўйилмоқда.
Аҳолига ўз ташаббуси билан чиқиндихоналарга айланган ёки тизимли равишда чиқиндилар ноқонуний равишда ташлаб кетилиши кузатиладиган ҳудудларда ўз маблағлари ҳисобидан фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситаларини ўрнатиш юзасидан Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига буюртма бериш имконияти яратилмоқда. Жавобгарликка тортиш чоралари кўрилиши натижасида жарима сифатида ундирилган маблағларнинг 20 фоизи миқдоридаги пул мукофоти билан буюртма берган шахслар рағбатлантирилиши кўзда тутилмоқда.
Мавзуга оид
14:38 / 30.10.2024
Италияда фаррош аёл 50 минг евролик пул ва тақинчоқлар солинган эски тўшакни чиқиндига ташлаб юборди
11:46 / 30.10.2024
1 ноябрдан бошлаб чиқиндидан қарзи борларга электр учун тўлов қилиш чеклаб қўйиладими?
12:10 / 29.10.2024
Тошкент вилоятида фуқаро ўзи ташлаган чиқиндини ўзи тозалади
14:50 / 25.10.2024