Қирғизистонда мустақил ОАВ журналистларида тинтувлар ўтказилди
Қирғизистоннинг Temirov Live ва «Айт Айт Десе» YouTube-каналларига қарши оммавий тартибсизликларга чақириш моддаси бўйича жиноий иш очилди.
Қирғизистонда 16 январ, сешанба куни полиция бир қанча мустақил нашрлар журналистлари, жумладан, сиёсий мавзуларга ихтисослашган Temirov Live YouTube-канали муаллифлари офислари ва уйларида тинтув ўтказди. Бу ҳақда Kloop ва Kaktus Media онлайн-нашрлари, шунингдек, журналист Болот Темиров хабар берди.
Қайд этилишича, Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги бош тергов бошқармасига ўн нафар журналист олиб кетилган, улар орасида: Махабат Тажибек қизи (Temirov Live директори); Сапар Акунбеков («Айт айт десе»); Азамат Ишенбеков («Айт айт десе»); Сайпидин Султоналиев («Арча Медиа»); Актилек Капаров («Алга Медиа»); Тинистан Асипбеков («ПолитКлиника»); Мақсат Тажибек ўғли (Temirov Live); Жоодар Бузумов; Жумабек Турдалиев ва Айке Бейшекеева. «Оператор Акли Ўрозбеков ҳам тинтув қилинди», деб таъкидлайди Kaktus Media..
Бу онлайн-нашр адвокат Баатирбек Ботобековга таяниб ёзишича, унинг Temirov Live ходими бўлган тўрт нафар шогирди гувоҳ сифатида сўроқ қилинган. Бироқ хабар чиққунга қадар журналистлар қўйиб юборилмагани айтилган. Адвокат буни уларнинг ҳуқуқлари бузилиши деб ҳисоблади. «Улар саккиз соатдан бери Давлат тергов бошқармаси биносида олиб ўтирилибди. Бу қанчалик қонуний эканлиги ҳам катта савол», - дея таъкидлади у.
Оммавий тартибсизликларга чақириқлар бўйича иш
Айни пайтда «ПолитКлиника» нашри журналисти Тинистан Асипбеков журналистларни тинтув ва сўроқ қилиш оммавий тартибсизликларга чақириш моддаси бўйича очилган жиноий иш билан боғлиқлигини айтди.
Суриштирув билан шуғулланувчи журналист Сайпидин Султоналиев ҳам оммавий тартибсизликлар бўйича жиноий ишда гувоҳ сифатида сўроққа чақирилгани ҳақида хабар берди. Унинг сўзларига кўра, компютер ва ноутбукни олиб кетишган.
Кейинроқ Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги «Айт Айт Десе» ва Temirov Live лойиҳаларига нисбатан оммавий тартибсизликларга чақирув моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилганини тасдиқлади.
«2023 йилнинг 30 декабр куни полиция ходимлари «Айт Айт Десе» ва Temirov Live саҳифаларида ижтимоий тармоқлардан бирида интернетни кузатиш чоғида оммавий тартибсизликларга чақирувчи маълумотларни аниқлади», — дея Kloop ИИВ вакилидан иқтибос келтирди. Ҳозирча гап қайси маълумот ҳақида кетаётгани номаълум, дея аниқлик киритди журналистлар.
24.kg агентлиги офисида тинтувлар
Бир кун аввал, 15 январ куни 24.kg агентлигининг Бишкекдаги офисида тинтув ўтказилди. Kloop онлайн-нашрининг ёзишича, офисдан барча жиҳозлар олиб кетилган, унга кириш жойи муҳрланган. Шу билан бирга, нашр раҳбарияти Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига сўроқ қилиш учун жўнатилган. Нашр Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига таяниб таъкидлашича, тинтув урушни тарғиб қилиш моддаси бўйича жиноий тергов доирасида ўтказилган.
2023 йил сентябр ойида Украинадаги урушга бағишланган тўртта дайжест туфайли Россияда 24.kg сайтига кириш блокланган эди.
Мавзуга оид
22:01 / 12.11.2024
Қирғизистонда ҳокимиятни эгаллашга тайёргарлик кўрган етти киши қўлга олинди
16:44 / 11.11.2024
Саудия тараққиёт жамғармаси Қирғизистонда 38 та мактаб қуриб беради
17:21 / 06.11.2024
Туркий давлатлар ташкилоти саммитида 8 та ҳужжат имзоланди
21:34 / 05.11.2024