Жаҳон | 21:43 / 17.01.2024
9140
2 дақиқада ўқилади

Яман ҳукумати АҚШдан ҳусий исёнчиларга қарши зарбаларни давом эттиришни сўради

Ҳукумат вакили агар кескинлашув давом этса, Яман яна икки давлатга бўлиниши мумкинлигидан огоҳлантирди. 

Фото: EPA

Яман президентлик кенгаши раҳбари ўринбосари Айдарус Аз-Зубайдий Қўшма Штатлар ва Буюк Британияни ҳусий исёнчилар позицияларига зарба беришни давом эттиришга чақирди. Бу ҳақда EFE агентлигига таяниб Interfax ёзди. 

«Яманда аҳолининг энг катта қисми, 80-90 фоизи импортга қарам ҳисобланади. Ҳусийлар эса гуманитар инқирозни кучайтирмоқда. Агар кескинлашув давом этса, Яман яна икки давлатга бўлиниши мумкин», деди у. 

Расмийнинг қўшимча қилишича, «Боб ал-Мандиб бўғози халқаро аҳамиятга эга, шунинг учун халқаро ҳамжамият уни ҳимоя қилиши керак». 

Аз-Зубайдий Яманнинг халқаро тан олинган ҳукумати вакили ҳисобланади. Ушбу ҳукумат 2014 йилдан бери ҳусий исёнчилари билан тўқнаш келмоқда. Бу ҳукумат Яманнинг шарқини, ҳусийлар эса мамлакат ғарби ва шимолидаги ҳудудларни назорат қилади. 

Ўтган ҳафта АҚШ ва Буюк Британия Қизил денгизда кемаларга давом этаётган ҳужумларга жавобан Ямандаги ҳусийлар ҳарбий нишонларига бир қатор ҳаво зарбаларини берди. Ҳужумлар Австралия, Нидерландия, Баҳрайн ва Канада кўмагида амалга оширилди. Бунга жавобан ҳусийлар Қизил денгиздаги ҳужумлари нишонлари доирасини кенгайтириш билан таҳдид қилишди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид