Коронавирус пандемияси вақтида АҚШдаги катта шаҳарлар аҳолисининг бир қисми (баъзилари вақтинча, баъзилари доимий тарзда) табиатга яқин чеккароқ жойларга кўчиб кетишди. Натижада бундай кичик манзилларда уй-жойга талаб ошиб, инфратузилма тезлик билан ривожланиб кетди. Масалан, Оклаҳомадаги Хочатаун сайёҳлар эътиборига тушиб, кутилмаганда гавжум масканга айланди. Бунда Airbnb иловасининг ҳам хизматлари катта бўлди.

Фото: Hotels.com

Хочатаун Оклаҳома штати жануби-шарқидаги Брокен-Боу кўли соҳилида жойлашган. Шаҳар аҳолиси ҳафтанинг қайси куни эканига қараб 50 минг кишидан 200 минг кишигача етади. Техасдаги йирик мегаполис Далласдан бу ергача уч соатлик йўл. Шу сабаб кўплаб далласликлар шаҳар шовқинидан қочиб дам олиш кунлари Хочатаунга келишади-да, қайиқда сузишади, балиқ овлашади, ўрмонлар ва шаршаралар бўйлаб саёҳат қилишади.

Археологлар чақмоқтошли найзалар ва ўқ изларига қараб, бу ерда одамлар эрамиздан 6000 йил аввал ҳам яшаган деган хулосага келишган. Кейинчалик бу ҳудуддан маҳаллий каддо қабиласи авлодлари ов қиладиган жой сифатида фойдаланган. 1883 йилда эса Америка ҳукумати томонидан мажбуран кўчириб юборилган чокто қабиласи вакиллари жойлашган.

Хочатаундаги мактаб ўқувчилари. 1930 йил \ Фото: Oklahoma Historical Society

XIX аср охири – XX аср бошларида ҳудудни ёғоч ишлаб чиқарувчилар эгаллайди. АҚШда маст қилувчи ичимликлар ишлаб чиқаришни тақиқлаган «қуруқ қонун» амал қилган вақтларда эса бу ерларда қўлбола вино тайёрлашган. Маҳаллий тадбиркорлар ҳудудни Хочатаун деб аташган. Аммо бу ном расман қайд этилмаган.

1960-йилларда Хочатаун аҳолиси 100 кишидан кам бўлган. Кўпчилик маҳаллий аҳоли вакиллари тўғон қурилиши сабаб кўчиб кетади, шаҳарчанинг кўп қисмини сув босиб ҳам кетади. Оқибатда ҳудуддаги почта бўлимлари ёпилиб, Хочатаун почта индексидан маҳрум бўлиб, ҳатто харитадан ҳам ўчиб кетади. 2020 йил Хочатаунда 400 та уй қолган ва улар Airbnb меҳмонхона қидирув иловаси орқали сайёҳларга ижарага берилганди.

Брокен-Боу кўли бўйидаги уй \ Фото: Investment Fertilizer / Shutterstock.com