Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ғазода очлик қуролга айлантирилмоқда

Туркия ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан Ғазога ҳуманитар ёрдам олиб кириш 50 кундан буён тўлиқ тўхтаганини маълум қилди. Унга кўра, Исроил очликни фаластинликлар учун жазо ва босим воситаси сифатида қўлламоқда.

Фидан бу ҳақда Анқарада Норвегия ташқи ишлар вазири билан ўтказилган матбуот анжуманида гапирди. Унинг сўзларига кўра, Ғазода шунча аҳоли қирилаётгани дунё ҳамжамияти кўз ўнгида содир бўлмоқда.

Туркия вазири Исроил ҳаракатларини инсон ҳуқуқлари ва виждонга қарши жиноятлар, деб баҳолади. У Ғазога ҳуманитар ёрдамни узлуксиз етказиш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Фидан шунингдек, Марказий Осиё давлатларининг Кипр билан муносабатлари ва Европа Иттифоқининг бундай жараёнларга таъсири ҳақида ҳам фикр билдирди. У Анқара турк дунёси билан бирдамликни сақлаб қолишини айтди.

Сурия АҚШдан санкцияларни бекор қилишни сўради

Сурия президенти Аҳмад аш-Шаръа The New York Times нашрига берган суҳбатида АҚШдан мамлакатга нисбатан санкциялар сиёсатини қайта кўриб чиқишни сўради. Унинг таъкидлашича, айрим шартлар қўшимча музокара ва мувофиқлаштиришни талаб қилади.

Аш-Шаръа мамлакат армиясини тубдан қайта қуриш учун вақт кераклигини айтди. У санкциялар Сурияни тиклаш жараёнига жиддий тўсиқ бўлаётганини таъкидлади.

Президент ҳеч бир давлат Сурия ҳудудидан қўшниларга таҳдид қилиш учун фойдаланмаслиги кераклигини қайд этди. Чет эл аскарлари фаолияти мамлакат қонунларига мувофиқ бўлиши шарт.

Аш-Шаръа Сурия Россия билан мавжуд озиқ-овқат ва энергетика шартномаларини бажаришда давом этишини билдирди. Ғарб қуроли билан алмаштириш бўйича таклифлар ҳозирча келиб тушмаганини аниқлаштирди.

Бу вақтда Буюк Британия Сурия Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва бош разведка идораларига қўйилган санкцияларни олиб ташлаганини маълум қилди.

Зеленский: АҚШ Россия агрессор эканини тан олиши керак

Украина президенти Владимир Зеленский АҚШни Россияни расман «агрессор» деб тан олишга чақирди. У бу фикрни америкалик журналист Бен Шапиро билан суҳбатда билдирди.