Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эрон ва Покистон ўртасида кутилмаган ракета зарбалари алмашуви: Хитой уларни яраштирадими?
Эрон 16 январ куни Покистоннинг Балужистон вилоятига ракета зарбалари йўллаб, жангариларга қарши амалиёт ўтказганини билдирди. Кўп ўтмай худди шундай даъво билан Покистон ҳам жавоб зарбаларини йўллади. Шарқшунос-афғоншунос Суҳроб Бўронов “Геосиёсат” дастурида бу воқеалар юзасидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
— Эрон Ироқ ва Суриядаги нуқталарга ва бир неча кун олдин Покистоннинг Балужистон ҳудудидаги жангариларга зарба бергани кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Эрон нега кутилмаганда бундай фаоллик қиляпти, сабаби нима?
— Эроннинг бу қарорлари жуда қизиқ бўляпти. Булар 2020 йилдаги Қосим Сулаймонийга суиқасддан кейинги энг катта операция бўлди, бирйўла 3 та давлат ҳудудига ракета зарбалари берди. Ироқдаги ва Суриядаги ҳарбий ҳаракатлар тушунарли, бу бўйича баёнотлар берилди. Ироқнинг Исроилга яқин бўлган Эрбил шаҳрига зарба бериши Исроил учун ўзига хос сигнал бўлди.
Покистонга амалга оширилган ҳужумни Эрон томони “Дайш ул-Адл” террористик гуруҳига қаратилган зарба деб изоҳлади. Барчасини таҳлил қилиб айтадиган бўлсак, бу зарбалар Эроннинг Кирмон шаҳридаги портлашга алоқадор гуруҳларга бериляпти. Покистонга учирилган ракета ҳам шунга боғлиқ, яъни бу Покистон давлатига қаратилган эмас, айнан террорчиларга қаратилган, дейилди. Покистоннинг жавоби ҳам худди шундай бўлди ва худди шу маънодаги баёнот берди.
— Покистон бу зарбани суверенитетнинг бузилиши деб баҳолади ва Эрон ҳудудидаги Покистонга қарши кучларга зарба бериш орқали жавоб қайтарди. Бу воқеалар янада авж олиб, давлатлар ўртасидаги ҳарбий ҳаракатларга айланиб кетиши эҳтимоли қанчалик?
— Бундай деб ўйламайман. Аммо можаролар анча жиддий тус олаётгани кўриниб турибди. Икки томондан ҳам тинч аҳоли қурбон бўлган: Покистонда 2 нафар бола, Эронда 3 нафар аёл ва 4 нафар бола ҳалок бўлган. Лекин жиддий уруш ҳолати юзага келмайди деб ҳисоблайман. Икки давлат ташқи ишлар вазирлари мулоқот қилди ва икки томон ҳам бир-бирининг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини ҳурмат қилиши ҳақида баёнот берди. Икки давлатга ҳам бундай низо манфаат келтирмайди.
Айни вазиятда Эрон Яқин Шарқдаги ҳолатга ҳам аралашиб қолган, бундай ҳолатда иккита фронтда жанг қилиш қийин вазиятни вужудга келтиради. Покистон эса сайловлар арафасида турибди. Сайловлар арафаси ва ички этник муаммолар бўлиб турган ҳолатда Покистон учун ҳам бу уруш керак эмас.
Умумий вазиятнинг қисқа таҳлилида 3 та версия илгари суриляпти. Биринчиси, Эрон ва Покистон бу операцияларни келишган ҳолда амалга оширган, деган фикр. Бунга кўра, уларнинг асосий мақсади Афғонистондаги “Толибон”га алоқадор бўлган кучларга шу орқали жавоб бериш.
Иккинчиси, ростдан ҳам бу икки давлат ўртасидаги низо ва вазият расмий баёнотлардаги каби бўлган, деган фикр. Учинчиси эса бошқа ташқи кучларнинг ҳам қўли бор, деган тахмин.
Ташқи кучлар Эроннинг минтақавий таъсир доирасини чеклаш учун шундай ҳолатни келтириб чиқарган эҳтимоли бор. АҚШнинг Янги Яқин Шарқ деган концепциясига кўра, Яқин Шарқ ва Жанубий Осиёга яқин ҳудудларда бир қатор янги давлатлар ташкил топиши кўзда тутилади. Унга кўра, Ироқ 3 қисмга бўлинади, Покистон ҳудудида ҳам Балужистон давлати тузилиши назарда тутилган.

— Конфликт фақат икки давлат ўртасидами ёки учинчи томон борми?
— Бу ҳолатда кўлам кенгроқ ҳам деб ўйлайман. Чунки бу ерда Хитой манфаатлари ҳам бор. Балужистон орқали Гвадар портига чиқиш йўли бор. Хитой мана шу ердан ўтувчи Хитой–Покистон иқтисодий коридорига 60 млрд доллардан ортиқ сармоя киритишни мақсад қилган. Айнан Хитой Эрон ва Покистон ўртасида воситачи бўлиш таклифи билан чиқди, чунки барқарорлик бўлиши керак Хитой учун. Икки томон ҳам Хитой таклифини қабул қилади деб ўйлайман. Чунки баёнотлар кескин бўлса-да, икки давлат ҳам можародан қочишга ҳаракат қиляпти.
Умуман, Яқин Шарқдаги вазият бошқа ерларга ҳам кўчяпти. Шу ўринда айтиш керакки, бир давлатнинг ҳудудий яхлитлигига таҳдид солиш, турли баҳоналар билан ички ишларга арашиш сўнгги вақтларда жаҳон сиёсатида кўпайиб боряпти. Бу эса халқаро ҳуқуқ меъёрларини ислоҳ қилишни талаб этади. Аммо буни амалга оширувчи БМТ заиф ташкилот сифатида намоён бўляпти.
Бундан ташқари, Эрон ва Покистон ШҲТ доирасида ҳамкор давлатлар ҳисобланади. Шу маънода, бу вазият ШҲТдаги ҳамкорлик жараёнларига таъсир кўрсатиши мумкин. Ташкилотдаги кучли давлатлар ўз сўзини айтиши керак. Покистон ва Ҳиндистон ўртасидаги можарода ШҲТ бу масала фақат икки давлатга тегишли эканини айтганди, бу ҳолатда ҳам шундай бўлиши мумкин.
Абдураҳмонов НормуҳаммадАли суҳбатлашди.
Мавзуга оид
09:32 / 20.06.2026
Бокуда саккиз нафар Россия фуқароси қамоқ жазосига ҳукм қилинди
08:55 / 20.06.2026
ОАВ: Уиткофф Эрон билан музокаралар учун Швейцарияга йўл олди
22:39 / 19.06.2026
Тушунарсиз келишув: Теҳрон уни «Америка устидан ғалаба» деб талқин қилмоқда
21:38 / 19.06.2026