Жаҳон | 20:20
937
8 дақиқада ўқилади

Трамп Эрондаги кўприклар ва электр станцияларини портлатиш билан таҳдид қилди

АҚШ президенти Доналд Трамп, агар Теҳрон музокаралар столига қайтмаса, келаси ҳафтадаёқ Эрон кўприклари ва электр станцияларига зарба бериш билан таҳдид қилди. Бу ҳақда у АҚШ ва Эрон ўртасида тўртинчи кун давом этаётган зарбалар алмашинуви фонида Fox News телеканалига берган интервюсида маълум қилди.

Graeme Sloan/EPA/Bloomberg via Getty Images

Аввалроқ Трамп Ҳўрмуз бўғози орқали ўтадиган барча юкларга 20 фоизлик бож жорий этиш ғоясидан воз кечган, бироқ бир вақтнинг ўзида Эрон портларига денгиз блокадасини қайта эълон қилганди.

«Кейинги ҳафтада улар учун ҳаммаси ҳақиқатан ҳам жуда ёмон бўлади, – деган Трамп. – Биз уларнинг барча электр станцияларини ишдан чиқарамиз. Агар улар музокаралар столига ўтирмаса ва келишувни бошламаса, уларнинг барча кўприкларини вайрон қиламиз».

Доналд Трамп апрел ойида ҳам Эрондаги фуқаролик инфратузилма объектлари, жумладан, кўприклар ва электр станцияларга зарба бериш билан таҳдид қилганди.

Ўшанда БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолкер Турк «халқаро ҳуқуққа кўра, тинч аҳолига ва фуқаролик инфратузилмалари объектларига қасддан ҳужум қилиш ҳарбий жиноят ҳисобланиши»ни эслатганди.

Уруш олиб боришни тартибга солувчи 1949 йилги Женева конвенцияси тинч аҳоли учун ҳаётий аҳамиятга эга бўлган объектларга зарба беришни тақиқлайди.

Бироқ, сешанба куни кечқурун Special Report with Bret Baier дастури учун берган интервюсида Трамп Эроннинг энергетика инфратузилмаси Америка зарбаларининг эҳтимолий нишонларидан бири бўлиб қолаётганини яна бир бор маълум қилди.

«Энергетика объектларини охирига олиб қўяман, аммо охир-оқибат биз уларга ҳам зарба берамиз», – деган АҚШ президенти.

Трампнинг сўзларига кўра, сешанба куни кечқурун америкалик музокарачилар Эрон томонига қатъий огоҳлантириш юборган.

«Улар келишувни тузгани маъқул. Акс ҳолда уларда ҳеч нарса қолмайди», – дейди Трамп.

Зарбалар алмашинуви ва шикастланган кемалар

Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси катери. Америка ҳарбийлари томонидан зарба беришдан олдин олинган сурат.
U.S. Central Command / Reuters / Scanpix / LETA

АҚШ марказий қўмондонлиги (Centcom) «Эроннинг кемачиликка таҳдид қилиш қобилиятини янада заифлаштириш» мақсадида Ҳўрмуз бўғози яқинидаги ўнлаб нишонларига зарбалар берганини маълум қилди. Эрон армияси чоршанба куни мамлакат жануби-шарқидаги Бампур шаҳридаги базага берилган зарбалар оқибатида камида етти нафар эронлик ҳарбий хизматчи ҳалок бўлгани ҳақида маълум қилган. Эрон давлат нашрлари Бандар-Аббос порт шаҳри яқинида, Ҳўрмуз бўғозидаги Кешм оролида ва Бандар-Ҳумайнийда портлашлар содир бўлгани ҳақида хабар берган. Кейинроқ мамлакатдаги ягона фуқаролик атом электр станцияси жойлашган Бушир порти ҳам зарбага учрагани маълум бўлди.

Ўз навбатида, Эрон Американинг Иордания, Кувайт ва Баҳрайндаги базаларига жавоб зарбалари йўллаган. Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси баёнотига кўра, Баҳрайнда АҚШнинг Бешинчи флоти ўққа тутилган. Кувайт, Баҳрайн ва Иорданиядаги ҳарбийлар чоршанба тонгида ҳаво ҳужумлари қайтарилгани ҳақида хабар қилишди.

Кувайтда яшовчилар AFP журналистларига тонгда ҳаво ҳужумидан огоҳлантирувчи сиреналар чалинганини айтган.

«Ҳар куни уйғониб, вазият яхшиланадими ёки аксинча, ёмонлашадими, деб ўйлайман, – дейди асли суданлик бўлган 39 ёшли ҳисобчи Мустафо Муҳаммад. – Ўзингизни хотиржам ҳис қилиш ёки бирор нарсани режалаштириш қийин бўлиб қолди, чунки ҳаммани мавҳумлик қамраб олган».

«Энг ёмони шуки, буларнинг барчаси қачон тугашини билиб бўлмайди. Кутишнинг ўзи ҳолдан тойдиради», – дея қўшимча қилади асли мисрлик бўлган 38 ёшли давлат хизматчиси Жорж Атиф.

Сешанба куни кечқурун АҚШ ҳарбийлари Эрон еттита тижорат кемасига зарба бериб, минтақадаги «тинч аҳолига қасддан ҳужум қилгани», натижада «экипаж аъзоларидан ўнлаб кишилар ҳалок бўлгани, бедарак йўқолгани ёки яралангани» ҳақида хабар қилди.

Қайси кемалар назарда тутилганига аниқлик киритилмаган, бироқ сўнгги кунларда ушбу ҳудудда кемаларга зарар етказилгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Хусусан, Бирлашган Араб Амирликлари душанба куни кечқурун Эрон қанотли ракеталари иккита танкерига зарба бергани, натижада ҳиндистонлик денгизчи ҳалок бўлгани ва яна саккиз киши жароҳатлангани, улардан тўрт нафари оғир яраланганини маълум қилганди.

Якшанба куни Ҳўрмуз бўғозида Кипр байроғи остида сузган GFS Galaxy номли юк кемаси ҳалокат сигнали тарқатган, Ўмон фавқулодда хизматлари унинг саҳнидан 23 кишини қутқариб олган, бир ҳиндистонлик бедарак йўқолган. Чоршанба куни унинг оиласи жасад топилганини маълум қилди.

Кейинчалик Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси огоҳлантиришларга эътибор бермаган, навигация тизимларини ўчириб қўйган ва миналаштирилган йўлдан ўтишга уринган иккита танкерга зарба берилганини тасдиқлади.

Инқирозли вазиятларга реакция қилиш билан шуғулланувчи MTI Network компанияси сешанба куни эрталаб Ўмон қирғоқларида номаълум қурилма портлаши натижасида Норвегия танкери шикастланганини маълум қилди.

Кувайт ҳам Эроннинг ракета-дрон ҳужуми натижасида ўз ҳарбий кемаларидан бири шикастлангани, натижада экипажнинг тўрт нафар аъзоси яралангани ҳақида хабар берган.

Трампнинг бўғоз учун режаси

Ҳўрмуз бўғози орқали ҳаракат кескин секинлашган

Душанба куни Трамп АҚШ энди Ҳўрмуз бўғозининг «қўриқчиси» эканини айтди ва уни ҳимоя қилишни молиялаштириш учун ушбу сув йўли орқали ташиладиган барча юкларга 20 фоизлик бож жорий этишга ваъда берди. Бундан ташқари, у АҚШ Эрондаги шундоқ ҳам мураккаб иқтисодий вазиятни янада чуқурлаштириш учун ҳарбий-денгиз блокадасини қайта тиклашини маълум қилди.

Centcom томонидан маълум  қилинишича, Эроннинг денгиз блокадаси 14 июл куни Гринвич вақти билан соат 20:00 да (Тошкент вақти билан 15 июлга ўтар кечаси соат 01:00) кучга кирган.

Кейин Трамп Truth Social ижтимоий тармоғи орқали режа ўзгарганини маълум қилиб, АҚШ 20 фоизлик йиғим ўрнига Форс кўрфази мамлакатлари билан савдо ва инвестиция келишувлари тузиши ҳақида ёзди.

«Бу инвестициялар УЛКАН, аммо айни пайтда уларнинг келажаги учун жуда фойдали бўлади», – дея ёзди у ва бўғоз Эрондан ташқари бошқа барча давлатларнинг кемалари учун очиқ бўлишини қўшимча қилди.

Кейинроқ, Вашингтонда Ироқнинг янги бош вазири Али аз-Зайдий билан учрашувдан сўнг, Трамп Форс кўрфази давлатлари раҳбарларининг кўплаб қўнғироқлари туфайли бож ундириш бўйича дастлабки режасини ўзгартирганини айтиб ўтди.

Эрон эса бўғозни назорат қилишда давом этаётганини айтмоқда. Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Козим Ғарибободий Трампнинг блокада тўғрисидаги қарори аввалроқ келишилган сулҳ битимини «маълум маънода бузгани»ни таъкидлади.

«Агар АҚШ бизга қарши чораларни, ҳарбий ҳаракатларини ва иқтисодий қамални кучайтириш орқали бизни музокараларга қайтишга мажбур қилади деб ўйлаётган бўлса, улар хато қилмоқда», – дегн у давлат телевидениесига.

АҚШ апрел ойида Эронга денгиз блокадасини жорий қилганди. Америка ҳарбийларига кўра, бу қамал амал қилган беш ҳафта мобайнида Эронга алоқадор бўлган 100 та тижорат кемаси қайтариб юборилган ва тўрттаси ишдан чиқарилган.

Июн ойидаги ўзаро англашув меморандуми доирасида қамал бекор қилинганди.

Кемачилик маълумотлари шуни кўрсатадики, бўғоз орқали ўтадиган трафик икки ойлик энг паст даражага тушиб кетган. Brent маркали нефт нархи кескин ошган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид