Жаҳон | 16:03
601
2 дақиқада ўқилади

“Нилс” довули сабаб Европа жанубида уч киши ҳалок бўлди

Франция ва Испанияда “Нилс” довули оқибатида уч киши ҳалок бўлди, ўнлаб одам турли даражада жароҳат олди, минглаб уйлар электрсиз қолди.

Фото: Ed Jones/AFP

AFP агентлиги жума куни, 13 февралда хабар беришича, Европанинг жануби-ғарбида кузатилган “Нилс” довули натижасида камида уч киши ҳалок бўлган.

Франциянинг жануби-ғарбида бир киши бўрон пайтида ўз боғида зинадан кўтарилаётганда ҳалок бўлганини жума куни TF1 радиоси эфирида ҳукумат матбуот котиби Мод Брежон маълум қилди. Испанияда эса 46 ёшли аёл омборхона томи қулаши оқибатида вафот этган. Бундан бир кун олдин Францияда юк машинаси ҳайдовчиси дарахт шохи автомобилнинг олд ойнасини синдириб юборганидан кейин ҳалок бўлган.

Франция ва Испанияда довули туфайли яна беш киши оғир жароҳат олган. Ўнлаб одам енгил тан жароҳатлари олган. Жума тонгига келиб Франциянинг жанубида тахминан 450 минг хонадон электр таъминотисиз қолган — бу бир кун олдингига нисбатан икки баробар кам. Бир нечта ҳудудларда сув тошқинлари давом этмоқда, Француз Алпларида эса кўчки тушиш хавфи мавжуд. Франция жанубидаги Сет порт шаҳрида 550 тоннали кран қулаган ва юк кемаси устига тушган.

Франция метеорология хизмати Météo-France маълумотига кўра, об-ҳаво хавфи пуштиранг ёки қизил даражада деб баҳоланган ҳушёрлик режими 25 та департамент учун ҳали ҳам амал қилмоқда. Хизматга кўра, довули Франциянинг ғарбий соҳилларига чоршанба кечасидан пайшанбага ўтар пайтда кириб келган, ҳозир эса шарқ томон — Европа ичига қараб ҳаракатланмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид