Жаҳон | 20:03 / 29.01.2024
10158
7 дақиқада ўқилади

АҚШ ҳарбий базасига зарба, Мона Лизанинг шўрига шўрва ва 4 кунлик иш ҳафтасини синаётган Германия — кун дайжести

Сўнгги кун ичида дунёда содир бўлаётган аҳамиятли янгиликлар, воқеа-ҳодисалар ва баёнотларнинг қисқача шарҳи билан кун дайжестида таништирамиз. 

Ғазо ва Ливандаги вазият

ҲАМАСнинг Ғазо секторида барпо этилган ерости туннелларининг 80 фоизига зарар етказилмаган. Бу ҳақда Wall Street Journal нашрининг манбалари хабар беришмоқда.

АҚШ ва Исроил мутахассисларининг фикрича, 7 октябрдан буён давом этаётган Исроил ҳужумлари натижасида Ғазодаги улкан туннеллар тармоғининг фақат 20–40 фоизи ишдан чиқарилган ёки зарарланган бўлиши мумкин ва уларнинг катта қисми Ғазонинг шимолий қисмида зарбага учраган.

Исроил Ғазодаги босқинини бас қилиб, Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати билан жангга киришиши мумкин. Номи ошкор қилинмаётган араб давлатларидан бири Ливандаги шиаларнинг «Ҳизбуллоҳ» ҳарбийлашган ҳаракатига берган разведка маълумотларига кўра, Исроил айни пайтда Ливанга бостириб киришни режалаштирмоқда. Бу ҳол минтақада таранглик янада авж олишига олиб келади.

Ливанга бостириб киришдан кўзланган мақсад — «Ҳизбуллоҳ»нинг ҳужум салоҳиятини Литани дарёсидан нариги ёққа итқитиб ташлаш. «Ҳизбуллоҳ» айни пайтда вақти-вақти билан Исроилнинг шимолий ҳудудларига ракета ва дрон зарбалари уюштириб келмоқда. 

Қизил денгизда нима гап?

Ҳусийчиларнинг Россиядан юкланган нефт маҳсулотлари ортилган танкерга ҳужуми жаҳон нефт бозорларига салбий таъсир ўтказиши мумкин, деб ёзади Bloomberg агентлиги.

Яманлик ҳусийчилар Россия нефти ортилган Marlin Luanda нефт танкерига ҳужум қилган. Агентликка кўра, айни дамда Сувайш канали орқали асосан Россия нефти ташилмоқда. Гарчи ҳусийчилар Россия ва Хитой маҳсулотлари ортилган кемаларга тегинмасликка ваъда берган бўлса-да, кафолат Россия нефт маҳсулотлари ортилган танкерга ракета ҳужуми АҚШ, Исроил ва Буюк Британияга кучсиз алоқаси бўлган кемаларга тааллуқли бўлмаслигини билдирмоқда.

Marlin Luanda танкери оператори Лондондаги Oceanix Services фирмаси экани ҳусийчиларга унга ҳужум қилиш учун асос бўлган. Bloomberg агентлигининг қайд этишича, ҳусийчилар ўз нишонларини очиқ манбалардан суриштириб топишмоқда, Россиядан нефтни эса асосан эгаси номаълум бўлган «яширин флот» деб аталувчи танкерлар ташимоқда.  

Бу эса Россия томонидан Қизил денгиз орқали Осиё мамлакатларига экспорт қилинаётган 3 млн баррел нефт хавф остида эканини билдиради. Ҳужум юз берганидан сўнг нефт нархлари баррелига 2 долларга кўтарилган.

Боз устига, авваллари Россия нефтини Қизил денгиз орқали ташишга жон-жон деб рози бўлган танкер эгалари энди бу ишни рад этишлари мумкин. Бу ҳам ғарб санкциялари остида бўлган Россия нефти экспорти учун қўшимча қийинчиликлар яратиши тайин. Кемалар Африкани айланиб ўтишга мажбур бўлади. Бу етказиш муддатлари ва нархлар ошишига олиб келади.

Қолаверса, ҳусийчиларнинг таҳдиди Миср иқтисодиётига ҳам катта зарар етказмоқда. Сувайш канали маъмурияти раҳбарининг таъкидлашича, каналнинг 2024 йил январ ойидаги даромадлари ўтган йилнинг январига нисбатан 44 фоизга камайган. 

АҚШ ҳарбий базасига зарба

АҚШнинг Ўрдундаги ҳарбий базасига дронлар воситасида берилган зарба туфайли уч ҳарбий ҳалок бўлгани, камида 35 нафар ҳарбий ярадор бўлгани АҚШ қуролли кучлари марказий қўмондонлиги томонидан хабар қилинди. Бу Ғазода уруш бошланганидан буён Яқин Шарқда америкалик ҳарбийлар ҳалок бўлгани билан боғлиқ илк ҳолатдир.

АҚШ президенти Жо Байден ушбу ҳужум учун жавобгарлик «Эрон тарафдори бўлган» гуруҳлар зиммасида эканини қайд этди.

АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин эса АҚШ ўзининг Яқин Шарқдаги қўшинларига қилинаётган ҳужумларга тоқат қилолмаслиги ва ушбу ҳужумга ҳам, албатта, «жавоб» қайтарилишини айтиб ўтди.

Ўрдун вазирлар девони расмий вакилининг хабар беришича, зарба Ўрдун қироллиги ҳудудида эмас, АҚШнинг Суриядаги ат-Танф ҳарбий базасига берилган. Ушбу ҳарбий база Ўрдун билан чегарада жойлашган.

Эрон томони бу зарбага ҳеч қандай алоқаси йўқлигини билдирди. Эрон Ислом Республикасининг БМТдаги доимий вакили Вашингтон маъмуриятининг айбловларини асоссиз деб атади. 

Европанинг Венгрияга таҳдиди

Европа Иттифоқи тарихда илк бор ўзига аъзо бўлган давлатга Украина туфайли зарба беришга тайёр, деб ёзмоқда Financial Times. Агар расмий Будапешт шу ҳафта ичида Украинага янги ёрдамни блоклайдиган бўлса, Евроиттифоқ Венгрия иқтисодиётини саботаж қилади.

Яъни Венгрия бош вазири Украинага қарши чиқишни бас қилмас экан, Европа Иттифоқининг бошқа етакчилари иттифоқ томонидан Будапештни молиялаштиришни тўхтатишади. Бусиз Жаҳон ва Европа компаниялари Венгрияга инвестиция киритишдан тийилишади. Бундай жазо давлат тақчиллиги ошиши ва миллий валюта курсининг пасайишига олиб келиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Венгрия атом соҳасини қамраб олувчи Россияга қарши санкцияларнинг 13-пакетига қарши чиқмоқда. Шунингдек, Будапешт Украинага 50 млрд евро ёрдам ажратишни ҳам қўллаб-қувватламаяпти.

Венгрия Украинага душманона муносабатда бўлган Европадаги ягона мамлакат. Масалан, мамлакатнинг ултраўнг сиёсатчиларидан бири Ласло Тороцкаи агар Украина тўлиқ маҳв этилса, Венгрия унинг Карпаторти ҳудудларига даъво қилишини таъкидлаган. 

Мона Лизанинг шўрига шўрва

Парижнинг Лувр музейида сақланаётган машҳур «Мона Лиза» картинасига радикал экофаоллар шўрва сепишди. Усти ўқ ўтказмайдиган шиша билан қоплангани туфайли картинага зарар етгани даргумон.

Кузатув камерасида олинган видеода икки намойишчи «соғлом озиқ-овқат ҳуқуқи» талаб қилаётганини кўриш мумкин.

«Нима муҳимроқ? Санъатми ёки соғлом ва экологик тоза овқатланиш ҳуқуқими? Бизнинг қишлоқ хўжалиги тизимимиз касал!» — дея бақиришган улар.

Сўнгги кунларда Франция пойтахтида фермерларнинг норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда. Жума куни намойишчилар Парижга олиб борувчи асосий йўлларни тўсиб қўйишган.

Намойишчилар ёнилғи нархи ошиши, Украинадан ғалла импорти, шунингдек, қишлоқ хўжалигидаги бюрократик тартибларнинг қийинчиликларидан норози бўлишмоқда.

Леонардо да Винчининг XVI асрда мўйқаламда чизган ушбу ноёб портрети — дунёдаги энг машҳур санъат асарларидан биридир. Картина Париждаги Лувр музейида сақланади. Унга бир неча бор зарар етказишга ҳаракат қилишган. Ҳаттоки 1911 йилда уни ўғирлаб кетишган. Лекин икки йил ўтгач у барибир топилган. 

Ҳафтада 4 кунлик иш

1 февралдан бошлаб Германияда қисқартирилган иш ҳафтаси синовдан ўтказилади. 6 ой давомида 4 кунлик иш ҳафтаси жорий этилади. Ишчи ва ходимлари ҳозирги маоши сақланиб қолган ҳолда жума, шанба ва якшанба кунлари ишламайди.

Бунга меҳнат бозоридаги инқироз туфайли қўл урилмоқда. Лойиҳада 45 та компания иштирок этмоқда. Тажриба тугагандан сўнг, иш ҳафтасини қисқартириш ишлаб чиқариш унумдорлигига таъсир қилиш-қилмаслигига ойдинлик киритилади.

Тажрибада иштирок этаётган компаниялардан бирининг раҳбари 4 кунлик дастур ходимларнинг мотивацияси ва меҳнат маҳсулдорлигига фойдали таъсир кўрсатишидан умидкор эканини айтган. 

Мавзуга оид