Ўзбекистон | 12:34 / 30.01.2024
2278
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг олтита ҳудудида 1,8 млрд сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари фош этилди

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги департамент

Тошкент шаҳри, Навоий, Наманган, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида табиий ресурс тармоқларига ноқонуний уланиш ҳолатлари фош этилди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.

Департаментнинг Ғозғон шаҳар бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Текширувда «Г.С.» МЧЖ масъул шахслари тошни қайта ишлаш заводининг электр трансформаторига қасддан ташқи таъсир ўтказиб, 667,3 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.

Департаментнинг Олмазор туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда ЯТТ «Қ.Ж.» умумий овқатланиш шохобчасини электр тармоқлари корхонаси билан шартнома тузмасдан умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ўзбошимчалик билан улаб, 306,4 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани маълум бўлди.

Департаментнинг Наманган туман бўлими томонидан туман ЭТК ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда «Н.Т.» ва «Н.» МЧЖ раҳбарлари ҳеч қандай ҳужжатсиз умумий овқатланиш ошхонасини тижорат мақсадида умумий фойдаланишдаги электр тармоғига улаб, жами 260,2 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.

Шу каби департаментнинг Бўстонлиқ туман бўлими томонидан ИИБ ва ЭТК ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Б.С. дала ҳовлисини тўғридан тўғри электр ҳисоблагичдан ташқари ўғрилик йўли билан умумий фойдаланишдаги электр тармоғига улаб, жами 241,8 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани маълум бўлди.

Бухоро шаҳрида эса ЯТТ «Б.А.» ва фуқаро Ж.Б. новвойхона ва билярдхона биносини ўзбошимчалик билан умумий фойдаланишдаги электр тармоғига улаб, 185,2 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган.

Департаментнинг Каттақўрғон шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда эса фуқаро Ж.Х. ўзи яшаб турган уй томорқасидаги иссиқхонани ҳеч қандай ҳужжатсиз тижорат мақсадида газ тармоғига улаб, жами 177,1 миллион сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдалангани аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид