Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қозоғистон 2027 йилда Россиядан электр энергияси олишни тўхтатади
Мамлакатда янги энергетика объектлари ишга туширилиши кутилмоқда.
Қозоғистон 2027 йилдан бошлаб Россиядан электр энергияси олишни тўхтатмоқчи. ТАСС хабарига кўра, бу ҳақда Қозоғистон энергетика вазири ўринбосари Сунгат Есимханов матбуот анжуманида маълум қилди.
«Агар шу йил охири - келаси йил бошида барча режалаштирилган [энергетика] объектларимизни ишга туширсак, 2027 йилда биз умуман [Россиядан электр энергиясини сотиб олмаймиз] деб ўйлайман».
Есимханов сўзларига кўра, жорий йилда Қозоғистонга 1-1,2 миллиард кВт·соат электр энергияси сотиб олиш керак бўлади. Шу билан бирга, 2024 йилда электр энергияси тақчиллиги 2,1 миллиард кВт·соатни, 2025 йилда эса тахминан 1,5 миллиард кВт·соатни ташкил этган.
Апрель ойи охирида «Интер РАО» (Россиядаги электр энергияси экспорти ва импортининг ягона оператори) жорий йил январь-март ойларида электр энергияси экспортини 5,8 фоизга ошириб, 2,12 миллиард кВт·соатга етказганини маълум қилди.
Январь ойида Қозоғистоннинг Ulysmedia нашри Хитой 2025 йилда Россия электр энергиясини сотиб олишни қисқартирганидан сўнг, Қозоғистон унинг энг йирик импортчисига айлангани ҳақида хабар берган эди. Натижада Россия экспортининг қарийб 60 фоизи (деярли 4,5 миллиард кВт·соат) ушбу мамлакат ҳиссасига тўғри келди. Пекин 2026 йил 1 январдан бошлаб Россиядан электр энергияси импортини бутунлай тўхтатди.
«Коммерсант» нашрининг ёзишича, қарорнинг асосий сабаби январь ойидан бери электр энергияси етказиб беришнинг экспорт нархи Хитойнинг ички бозоридаги электр энергияси нархидан ошиб кетганидир.