Жаҳон | 23:33 / 31.01.2024
19255
3 дақиқада ўқилади

Путин Ил-76 самолёти Американинг Patriot ракетаси билан уриб туширилганини айтди

У, шунингдек, агар самолёт тасодифан уриб туширилган бўлса ҳам, «бу барибир жиноят эканини» қўшимча қилди. 

Фото: Reuters

Россиянинг Ил-76 ҳарбий-транспорт самолёти Белгород вилоятида Американинг Patriot зенит-ракета мажмуаси ёрдамида уриб туширилди, деди Россия президенти Владимир Путин. Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, у украиналик ҳарбий асирларни олиб кетаётган эди. 

«Самолёт Американинг Patriot тизими томонидан уриб туширилган, бу аллақачон аниқланди. Экспертиза буни тасдиқлади», деди Путин. Шунингдек, у Россия содир бўлган воқеа юзасидан халқаро тергов ўтказилишини талаб қилишини айтди. 

Шу билан бирга, Путин Украина Қуролли кучлари самолётни эҳтиётсизлик туфайли уриб туширган бўлиши мумкинлигини тан олди. 

«Украина Қуролли кучлари ўзининг 65 нафар ҳарбий хизматчиси бўлган самолётимизни уриб туширди. Сиз нима учун бундай қилишганини сўрадингиз. Билмайман. Мен тушунмаяпман», деди Путин. У, шунингдек, агар самолёт тасодифан уриб туширилган бўлса ҳам, «бу барибир жиноят эканини» қўшимча қилди. 

Бундан ташқари, президент Россия содир бўлган воқеаларга қарамай, маҳбуслар алмашинувини тўхтатиш ниятида эмаслигини маълум қилди. Шунингдек, у россиялик ва украиналик маҳбуслар нисбати «бирга ўн» эканини айтди. 

«Бизнинг ҳарбийларимиз орасида минглаб асирлар бор, уларники ўн минглаб, балки юз минглаб. Агар Украина томони бунга тайёр бўлса, биз барибир йигитларимизни қайтарамиз. Улар бунга тайёр эканини билдирмоқда», деб қўшимча қилди Путин. 

24 январ куни Белгород вилоятининг Яблоново қишлоғи яқинида Ил-76 ҳарбий-транспорт самолёти ҳалокатга учради. Ҳалокатдан сўнг Россия Мудофаа вазирлиги самолёт уриб туширилгани, унинг бортида айирбошлаш учун олиб кетилаётган 65 нафар украиналик ҳарбий асир бўлганини маълум қилди. Департамент воқеани теракт деб атади ва бунда Украинани айблади. 

31 январ куни Россия ва Украина ўртасида маҳбуслар алмашинуви бўлиб ўтди. Россия Мудофаа вазирлиги бу «195 га 195» формуласи бўйича амалга оширилганини маълум қилди. Украина президенти Володимир Зеленский эса 207 киши, жумладан, тинч аҳоли вакиллари ҳам ватанга қайтиши ҳақида ёзди.

Мавзуга оид