Мирзиёев ва Лукашенко биргаликда Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқот қилди
7 феврал куни, Лукашенконинг Тошкентга ташрифи вақтида икки мамлакат раҳбарлари биргаликда озарбойжонлик ҳамкасби Илҳом Алиев билан қўнғироқлашди.
Шавкат Мирзиёев ва Александр Лукашенко Илҳом Алиевни Озарбойжон президенти сайлови муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади.
Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати хабарига кўра, Шавкат Мирзиёев сайловчилар иштироки ва фаоллиги юқори даражада бўлганини қайд этиб, қардош озарбайжон халқи давлат келажаги, кучли ва гуллаб-яшнаган Озарбойжон учун овоз бериб, тўғри қарор қабул қилганига ишонч билдирган.
“Суҳбатда Ўзбекистон-Озарбойжон стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Олий даражада эришилган келишувларни тўлиқ амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорлик ижобий суръатда ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Ўтган йил якунларига кўра товар айирбошлаш 30 фоизга ошди. Қўшма Инвестиция компанияси ўз ишини бошлади, автомобилсозлик, электротехника, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, туризм ва бошқа тармоқлардаги кооперация лойиҳалари фаол амалга оширилмоқда.
Халқаро тузилмалар, шу жумладан Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди. Бўлажак тадбирлар режаси кўриб чиқилди”, – дейилади президент матбуот хизмати хабарида.
Ўз навбатида, Лукашенко унинг мамлакати Озарбойжон учун ишончли дўст экани, икки мамлакат адолатли ва тенг ҳуқуқли давлатлараро муносабатларни қуриш, хавфсизликни мустаҳкамлаш, мулоқот ва ишонч борасида бир хил ёндашувларга эга эканини таъкидлаган.
Озарбойжон президентлигига муддатидан илгари сайлов 7 феврал куни бўлиб ўтди. Мамлакат Марказий сайлов комиссиясига кўра, Илҳом Алиев 92,05 фоиз овоз билан етакчилик қилмоқда.
62 ёшли сиёсатчи – 1993–2003 йилларда Озарбойжон президенти бўлган Ҳайдар Алиевнинг ўғли. У 2003 йилдан буён мамлакатни бошқариб келмоқда. Кечаги сайловда Озарбойжон томонидан ўз назоратига қайтарилган Қорабоғда ҳам сайлов участкалари иш олиб борди.
Мавзуга оид
10:44 / 14.12.2024
ГФРда ХДИ/ХСИнинг икки аъзоси Озарбойжонга пора эвазига ёрдам берганликда айбланмоқда
18:53 / 10.12.2024
Лукашенко: Беларусда ўнлаб ядровий каллаклар бор
14:22 / 08.12.2024
Озарбойжонда мушкул вазиятда қолган Ўзбекистон фуқароси ватанга қайтарилди
02:18 / 07.12.2024