Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Александр Лукашенко тор доирада ҳамда расмий делегациялар аъзолари иштирокида музокара ўтказди.

Учрашув аввалида Ўзбекистон раҳбари сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини алоҳида таъкидлади.

Ушбу ташрифга тайёргарлик доирасида Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгаши йиғилишлари, сиёсий маслаҳатлашувлар, таҳлилий доиралар учрашувлари, Ўзбекистон маданияти кунлари ҳамда бошқа тадбирлар муваффақиятли ўтказилди.

Ўзаро савдо ҳажми барқарор суръатда ўсиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Сўнгги беш йилда бу кўрсаткич қарийб 3 баробар ошиб, ўтган йил якунига кўра салкам 1 миллиард долларга етди. Жорий йилнинг ортда қолган даврида унинг ҳажми яна 30 фоизга ошди. 360 та қўшма корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда.

Етакчилар куни кеча ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш бўйича аниқ ҳаракатлар келишиб олингани ҳамда қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, фармацевтика, электротехника, енгил саноат, мебелсозлик ва саноатнинг бошқа тармоқларида янги кооперация лойиҳаларидан иборат чора-тадбирлар режаси қабул қилинганини олқишлади.

Ўзбекистон тинч атомдан фойдаланиш ва шу соҳада инфратузилмани барпо этиш борасидаги тажрибани алмашишдан манфаатдор экани билдирилди.

8 июл куни Минск шаҳрида бўлиб ўтган учинчи Ўзбекистон-Беларус ҳудудлараро форумининг самарали натижалари алоҳида эътироф этилди. Унинг якунида савдо шартномалари ва инвестиция битимларининг салмоқли тўплами имзоланди.

Томонлар халқаро тузилмалар, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, МДҲ, ШҲТ ва Қўшилмаслик ҳаракати доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттиришга қатъий интилишларини тасдиқлади.

Фаол маданий-гуманитар алмашинувни изчил давом эттириш муҳимлиги таъкидланди.

Мирзиёев Минск шаҳрида Ўзбекистон – Беларус дўстлиги хиёбонини барпо этиш ташаббуси учун Лукашенкога миннатдорлик билдирди.

Жорий йил охирига қадар қўшма туризм, тиббиёт ва таълим форумларини ташкил этишга келишиб олинди.