Жаҳон | 08:40 / 15.02.2024
16194
2 дақиқада ўқилади

Туркияда яхшилик қиламан деб ўзи билмаган ҳолда қотилга ёрдамлашган Ўзбекистон фуқароси қамоққа олинди 

Истамбул шаҳридаги Бош консулхона фуқаролардан ҳар қандай вазиятда, айниқса хорижий мамлакатларда даставвал ҳолатни чуқур ўрганиб, сўнгра қарор қабул қилишни сўрамоқда.

Истамбул Фото: Kun.uz

Истамбул шаҳрида ўзи билмаган ҳолда қотилга кўмаклашган ўзбекистонлик 33 ёшли йигит қамалиб қолди. Бу ҳақда Истамбул шаҳридаги Бош консулхона ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Истанбул шаҳрининг Малтепа қамоқхонасида ашёвий далилларни йўқ қилиш ёки ўзгартириш айби билан 33 ёшли Ўзбекистон фуқароси Д.А. сақланмоқда.

Бош консулхона ходимлари томонидан у билан ташкил қилинган суҳбат давомида маълум бўлишича, 2023 йилнинг сентябр ойи охирларида ўзбекистонлик 25 ёшли М.А. ундан уйидаги чиқиндиларни олиб чиқишда ёрдам сўраган. Бир нечта полиэтилен халталар ва қоплар орасида катта гилам ҳам бўлиб, Д.А. ва М.А. уни чиқиндихонага олиб бориб ташлаганлар. Бироқ, Д.А. гилам ноодатий тарзда оғир эканлигини пайқаб қолиб, М.А.дан гиламнинг ичида нима борлигини сўраганида у турли чиқиндилар бор, деб жавоб берган ҳамда воқеа жойидан қочиб кетган.

Кейинчалик ушбу гилам ичида Туркия фуқаросининг жасади бўлганлиги аниқланиб, ҳар иккала йигит қўлга олинган. 

Ҳозирда М.А. қасддан одам ўлдириш, Д.А. эса ашёвий далилларни йўқ қилиш ёки ўзгартириш айби билан терговга жалб этилган.

“Ҳозирда фуқаро Д.А.га консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда. Фуқаро М.А. эса консуллик-ҳуқуқий ёрдамдан воз кечиб, Бош консулхона ходимлари билан учрашишдан бош тортмоқда. Ҳар холда, бу фуқаро М.А.нинг бегуноҳ бир инсон ҳаётининг остун-устун бўлиб кетишига сабаб бўлган номақбул қилмиши учун пушаймонлигидан дарак бўлса керак”, дейилади хабарда.

Бош консулхона фуқаролардан ҳар қандай вазиятда, айниқса хорижий мамлакатларда даставвал ҳолатни чуқур ўрганиб, сўнгра қарор қабул қилишни сўраган.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид