“Даромад солиғимизнинг 60 фоизи ўзимизга қайтади” – Германияда ойига 2400 евро топаётган бургер пиширувчи
Ўзбекистонликларнинг Германияга кетиши қийинми? Европага виза олиш-чи? Борган ишчиларга қанча тўланади? Яшаш харажатлари қимматми? Хориждан келувчиларга қандай қулайликлар бор? Kun.uz 2 йилдан бери Германияда гастрономия соҳасида ишлаётган ўзбекистонлик ҳамюртимиз Музаффар Валижонов билан бўлган суҳбатда шулар ҳақида гаплашди.

Музаффар Валижонов Наманган вилоятининг Чуст тумани Олмос қишлоғида туғилган. Асли оддий деҳқон оиласидан бўлган қаҳрамонимиз 2011-2015 йилларда Наманган давлат университетининг немис тили факултетини ўқиб, тамомлаган. 2015-2022 йилгача ўқитувчилик билан шуғулланган.
У Kun.uz билан бўлган суҳбатда Германияга қандай бориб қолгани, у ерда нима иш қилаётгани, яшаш ва ишлаш шароитлари ҳақида батафсил гапириб берди.
Ушалган Германия орзуси
Германияга келиш истаги лицейда ўқиб юрган вақтимизда бошланган. 2008-2011 йилларда лицейда ўқиб юрганимизда немис тилини ўрганиш билан биргаликда шу давлатга бориш, немис маданиятини кўриш ёки табиати, инсонлари билан яқиндан танишиш истаги пайдо бўлган. Университетда ўқиб юрган вақтимизда бу орзу орзулигича қолиб кетди. Ундан кейин 2022 йил насиб қилиб, устозимиз ва Consulting.uz компаниясининг ёрдами билан Германияга келганмиз.
Consulting.uz компанияси Германиянинг энг йирик иш берувчиси Europa-park истироҳат боғи билан биргаликда шартнома асосида ишлайди. Яъни бу – ишчи ҳамда aусбилдинг (ҳам ўқиб, ҳам ишлаш дастури) учун ўқишга Ўзбекистонда фуқароларни олиб келиш учун тузилган компания. 2021 йил август ойида ҳужжат ишларини бошладик, 2022 йил феврал ойида дастлабки сертификат имтиҳонлари бўлиб ўтди.
Яъниким Германияга келиш учун тил сертификати, қилинадиган даража Б1 бўлиши лозим. Биз ўша сертификатни ва бир қанча сўралган ҳужжатларни олиб, Сonsulting.uz фирмаси раҳбари Ориф Аҳмадалиевга берганмиз. Ундан кейин бизга 2022 йил 25 мартида элчихонага кириш айтилди, суҳбатга элчихонага кирдик. Визамиз бир ҳафтада чиқди, шу билан 2022 йил 12 апрел куни Германиянинг Баденбург вилоятида жойлашган Europa-park истироҳат боғига ишлашга келганмиз. Истироҳат боғининг ҳудудда ошхоналари, “food station”лари бор, ҳозирда бу ерда гастрономия соҳасида ишлайман.
Кетиш учун қандай ҳужжатлар керак?
Албатта, бу жараёнда ишга ёки ўқишга кетиш йўналиши сўралади. Агар иш учун бўлса, номзоддан тил сертификати сўралади. Сертификат бўлмаса, ўқув марказларида ўқиб, тил сертификатини олиб келиши мумкин. Аусбилдинг (ҳам ўқиб, ҳам ишлаш)га келадиганлар эса тил сертификатига эга бўлишса, Сonsulting.uz компаниясига шу қоғозни беришади. Шу ўринда айтиб кетаман, аусбилдинг бу ўқишга келиш ҳисобланади. Бу дастурда ҳам ўқиб, ҳам ишланади. Унда ҳафтада 5 кун ишланади, кунига 8 соатдан қилиб белгиланган, мисол учун Europa-parkʼда шундай. 1 ой ишласангиз, 2 ҳафта ўқиш қўйилади. Ўқиш давомида ўрганганларингизни боғга келиб, ишлаётган жойингизда амалиётда қўллашингиз ҳам мумкин.
Ишга келиш учун сўраладиган ҳужжатларни айтсам, масалан, тил соҳасини битирганлар учун немис, инглиз, француз тиллари бўйича олий таълим дипломи бўлса ёки менежмент, туризм, озиқ-овқат, бизнес бошқаруви каби соҳаларда ҳам олий таълимни тамомлаган бўлса, дипломни ҳамда хорижга чиқиш паспорти ва албатта тил сертификатини тақдим этиши керак бўлади.
Энг асосийси – тил билиш. Чунки бу ерга тил билмасдан келсангиз, бошлиқлар томонидан айтиладиган ишларни тушунмай қолишингиз мумкин ёки қилаётган ишингизни тушунтириб беролмай қолишингиз мумкин. Тилсиз келиш қийинроқ. Иш жараёнида ўзингизни ноқулай ҳис қиласиз.
Виза олиш қийинми?
Виза олиш жараёнига ҳам Сonsulting.uz компанияси ёрдам беради. Яъни элчихонага бериладиган ҳужжатларнинг ҳаммасини тайёрлашда шу компания ёрдам беради. Europa-park компанияси томонидан келаётган ҳар бир фуқаро учун ижара шартномаси берилади. Ижара шартномаси иш шартномасидан ташқари турар жой учун берилади. Europa-park компанияси иш ва ижара шартномаси, қолаверса, ўзларининг махсус ҳужжати бор, шу 3 та ҳужжатни тайёрлаб беришади. Элчихонага кирадиган ҳар бир фуқаронинг электрон почтасига жўнатилади. Шу ҳужжатлар ва элчихонага киришда миллий виза сўровномаси бланкаси бор, шу бланкани тўлдириб, тил сертификати, хорижга чиқиш ҳужжати, диплом билан биргаликда кириб борилади.
Ҳозирда Германияга қизиқиш кўп бўлгани сабаб термин олиш жараёни бироз қийинлашган. Лекин бунга ҳам Сonsulting.uz компанияси ёрдам беради. Ҳар бир фуқаронинг ўзи элчихона сайтига кириб, термин олиши шартмас. Гуруҳ шаклида, мисол учун, ҳафтанинг қайсидир кунида 5 нафар фуқаро учун фирманинг ўзи термин олиб беради. Термин бу – элчихонага киришга рухсат ҳужжати.
Мигрантлар қандай қўлланади?
Айнан ўзим мисолимда айтсам, энг биринчи ўринда турар жой билан таъминлашларини қайд этардим. Шунга ўхшаш ҳар бир катта компания ўзининг ишчиларини турар жой билан таъминлайди. Тўсиқларга келадиган бўлсак, ҳали 2 йил ичида бирор тўсиққа учрамадим. Бошида бир йилга виза олиб келганмиз. Визамизнинг муддатини узайтириш учун 2022 йил декабр ойида ҳужжат ишлари бошланган, бунда ҳам боғ маъмуриятининг ўзи ёрдам берган. Яъни бизнинг бу ерга келишимизда биз билан биргаликда ҳужжат ишларида ишлаган Europa-park компанияси вакиллари хоналарига чақириб, виза муддатларини узайтириш бўйича суҳбатлар қилишади.
Бу жараёнда тайёрланадиган ҳужжатларни мигрантлар билан биргаликда текшириб кўриб, тўлдириб беришади. Чет элликлар билан ишлаш бўлими бор, шу бўлимга юқорида тайёрланган ҳужжатларни топширишади. Кейинги виза чиққунича, талабгорлардан хабар олиб туришади. Биринчи виза электрон тарзда почтадан юборилади, бўлим ходимлари шу дастлабкисини олдингизми ёки виза тўлдириш муддатингиз кам қолди деб сўраб туришади. Қисқача айтганда, сизни четда қолдиришмайди.
Яна бир яхши томонлари: айнан биз ишлаётган компаниянинг қўриқлаш хизматлари бор. Сиз яшаб турган ҳудуд доимий равишда Europa-park компанияси томонидан қўриқланади. Бу компаниянинг ўзида тез ёрдам хизмати ҳам бор. Иш жараёнида қайсидир соҳада ишлаётганларга биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатиш керак бўлса, боғ маъмуриятининг ўзидаги тиббий ходимлар етиб боришади.
Ишдаги афзалликларини айтадиган бўлсам, кунлик ишлаш соатимиз 8,5 соат. Бизда апрелдан сентябргача ёзги мавсумда меҳмонлар сони кўпроқ бўлади, шунда 9-9,5, яъни қўшимча 1-1,5 соат ишлашимиз мумкин. Лекин бу ҳам биз учун яхши, чунки қўшимча соатлар йиғилиб, ойнинг сўнгида ҳисоблаб, қўшимча сумма тўланади. Ҳафталик ишлаш соатимиз 40-42 соат, агарда бир ойда 200 соат ишланса ва ходимнинг нормал ишлаш вақти 175 соат бўлса, қолган 25 соат учун ортиқча пул тўланади ва бундан давлат солиғи олинмайди.
Шунингдек, Германияда тиббий суғурта бор. Бу ерга келгандан кейин ҳар ким мажбурий суғурталанади. Пенсия фондига ҳам пул тўланади. Энди мажбурий суғуртанинг яхшилиги шундаки, агарда бирор жойингиз оғриб, бетоб бўлсангиз, шифохонага борасиз, шифокор дори ёзиб беради. Дорихонада мажбурий суғуртангиз бор бўлгани учун бу дориларни чегирма асосида олишингиз мумкин. Қайсидир дорилар ҳатто бепул берилади, мисол учун, оғриқ қолдирувчилар.
Ишловчилар қанча даромад топади?
Германияда ишловчилар яхши пул топишмаганида, мен билан келган 32 кишидан 28 нафари қолмаган бўларди. 4 киши қайтиб кетди, шунда ҳам оила сабаб 3 нафар қиз ва бир нафар йигитимиз Ўзбекистонга қайтишга мажбур бўлди. Лекин қолганлар шу ерда. Кўпчилигимиз 1 йил ишлаб, қайтамиз дегандик. Аммо ҳаммага ёқди, энди 2 йил тўлиқ ишлаб, ундан кейинги шартномамиз муддатсизга кўчирилди. Энди истироҳат боғида хоҳлаганимизча ишлашимиз мумкин. Демак, нимасидир ёқдики, шу ерда ишлаяпмиз. Яъни ойлик маошлари қониқтиргани учун давом этяпмиз.
Энг камида 2400 евро брутто билан ишчи визаси олиб, бу ерга келинади. Брутто солиқлари билан биргаликда, энди бу суммадан қўлга тегадиган миқдори, яъни неттоси 1800-1900 еврони ташкил этади. Бу яхши дегани. Қолгани мажбурий суғурта, пенсия жамғармаси ва даромад солиғи учун ушлаб қолинади. Даромад солиғининг яхши томони шундаки, йил давомида тўланган солиқнинг қанчадир миқдори қайтариб берилади. Биз 2022 йилда шунинг аризасини ёзиб топширганимизда 2023 йилнинг апрел ойида 2022 йилда тўлаган даромад солиғимизнинг салкам 60-70 фоизини давлат қайтариб берди. Бу ҳам мигрантлар учун яхши.
Бу ерга келганингиздан кейин доимий 2 400 евролик ойлик билан қолиб кетмайсиз. Маошни ошириш ўзингизнинг қўлингизда. Агар яхши ишласангиз, берилган топшириқ-вазифаларни сидқидилдан, хатосиз бажарсангиз, ишга бўлган талабчанлик бўлса, иш жараёнини тўғри бошқара олишлик бўлса, ўз вақтида ишга борсангиз, ойлигингиз ўзгариши мумкин. Шу ўринда айтиб ўтаман, менинг ҳам ойлигим 2 400 бўлган, лекин 2 йил ичида бу сумма анча ошди. Ҳар шартнома ўзгарганда бу миқдор кўтарилади. Уни кўтариш эса ўзингизнинг қўлингизда.
Германияда яшаш қимматми?
Германияда ижарада яшаш қиммат, энг арзонлари ҳам 400-500 еврогача боради. Лекин Europa-park компанияси ишчиларига енгиллик яратиш мақсадида махсус турар жой ташкил қилган ва бу уйлар энг арзони ҳисобланади. Ҳозир мен яшаб турган хона учун 150 евро ижара тўловини қиламан. Бунинг ичида коммунал тўловлари йўқ.
Бундан ташқари, ишчилар учун иш вақтида тушлик бепул. Ходимларга боғнинг ўзида 3 та ошхона ташкил қилинган. Кечки 5 гача ишлайди, агар сиз соат 10-11 оралиғида овқатланишга борсангиз, кечки 4-5 гача яна очиқиб қолсангиз, бошлиғингиздан рухсат олиб, яна қайта овқатланишингиз мумкин. Овқатланишлар боғ томонидан тўлаб берилади ва бунинг чекланган миқдори йўқ. Бир ойда 30 кун бўлса, сиз 30 марта овқатланишга имконингиз бор дегани эмас. Истасангиз ундан кўпроқ ейишингиз мумкин. Қанча есангиз ҳам боғ маъмурияти тўлаб беради.
Келгуси режаларим – Ўзбекистонга, ватанга қайтиш. Қайтиб борсам, севимли соҳам ўқитувчилик касбини давом эттираман.
Дилшода Шомирзаева тайёрлади.
Тасвирча Муҳаммаджон Ғаниев,
Монтаж устаси Абдуқодир Тўлқинов.
Тавсия этамиз
Зеленскийдан мамнун, Россия зарбаларидан ҳафсаласи пир бўлган. Трампнинг охирги баёнотларидан асосий гаплар
Жаҳон | 16:21 / 28.04.2025
Туркиялик эркак операциядан кейин она тилини унутиб, бошқа тилда гапиришни бошлади
Жаҳон | 19:42 / 27.04.2025
Ҳаво исиб кетиши ва қурғоқчиликка тайёр туришимиз керак – Эркин Абдулаҳатов
Ўзбекистон | 15:55 / 26.04.2025
Муддат қўювчи Трамп: бунинг охири борми?
Жаҳон | 22:09 / 24.04.2025
Сўнгги янгиликлар
-
ЕЧЛ. Дембеленинг голи "ПСЖ"га "Арсенал" устидан ғалаба келтирди
Спорт | 03:25
-
«Мен Украинани қутқаряпман» — Трамп
Жаҳон | 01:02
-
Нидерландиядаги музейда бола 50 млн евролик картинага шикаст етказди
Жаҳон | 00:31
-
Франция Россия ҳарбий разведкасини мунтазам равишда киберҳужумлар уюштириб келганликда айблади
Жаҳон | 23:49 / 29.04.2025
Мавзуга оид

19:09 / 26.04.2025
Саудия Арабистони Ҳаж мавсумида ўзбекистонликларга электрон виза беришни тўхтатиб қўйди

14:36 / 25.04.2025
Ўзбекистонликлар БААда жиноят содир этиши кўпайгани сабабли визасиз режим бекор қилиниши мумкин

08:10 / 19.04.2025
Ўзбекистон ва Жанубий Корея виза талабларини соддалаштириш масаласини муҳокама қилмоқда

23:47 / 18.04.2025