Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Путин Россия коинотда ядровий қуролни жойлаштиришга қарши эканини айтди
Шунингдек, Россия коинотда ядро қуролини жойлаштирмагани ва жойлаштиришни режалаштирмагани, бундай лойиҳалар йўқлиги таъкидланди.
Россия президенти Владимир Путин Москва коинотда ядро қуроли жойлаштирилишига мутлақо қарши эканини айтди ва бошқа давлатларни мавжуд келишувларга риоя қилишга чақирди.
«Бу савол сўнгги пайтларда Ғарбда, жумладан, Қўшма Штатларда коинотда ядровий қуролларни жойлаштириш билан боғлиқ шов-шувларга тегишли. Бизнинг позициямиз аниқ ва ошкора: биз коинотда ядро қуролини жойлаштиришга доимо қарши бўлганмиз, ҳозир ҳам қаршимиз», деди у мудофаа вазири Сергей Шойгу билан учрашувда.
Шойгу, ўз навбатида, Россия коинотда ядро қуролини жойлаштирмагани ва жойлаштиришни режалаштирмагани, бундай лойиҳалар йўқлигини таъкидлади.
«Биринчидан, [коинотда ядро қуроли] йўқ. Иккинчидан, улар [АҚШ] бизда йўқлигини билади <...>, шунга қарамай улар шовқин-сурон қилишмоқда», деди Россия Мудофаа вазирлиги раҳбари.
Аввалроқ, АҚШ Вакиллар палатасининг разведка қўмитаси раиси Майк Тёрнер Конгрессда «миллий хавфсизликка жиддий таҳдид» мавзусида ёпиқ брифинг ўтказганини эълон қилди. Кейинроқ АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирбининг аниқлик киритишича, бу Россиянинг сунъий йўлдошга қарши қуролларни ишлаб чиқиши билан боғлиқ эди. Унинг сўзларига кўра, Америка президенти Жо Байден Москва билан бу масала бўйича тўғридан-тўғри мулоқот ўтказишни буюрган ва у билан аллақачон боғланган.
ABC News разведка маълумотларига таяниб, Россиянинг коинотда ядро қуролини жойлаштириш режалари ҳақида ёзди. Reuters таҳлилчиларининг тахминига кўра, Россия сунъий йўлдошларга ҳужум қилиш учун ядро қуввати билан таъминланган, аммо ядро каллагисиз қурилмани ишлаб чиқмоқда.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков аввалроқ бу айбловларни Конгрессни Украинага ёрдам бериш тўғрисидаги қонун лойиҳасига овоз беришга кўндиришга қаратилган «Оқ уйнинг ҳийласи» деб атаган эди.
Мавзуга оид
08:29 / 18.06.2026
Путинга яқин деб ҳисобланган бизнесмен қамоққа олинди
10:45 / 16.06.2026
Зеленский Путинга G7 саммитида учрашув ўтказишни таклиф қилди
08:59 / 15.06.2026
Зеленский G7 саммитида Трамп билан учрашишини маълум қилди
10:02 / 13.06.2026