Украина ҳукумати ўтган ҳафтада РФ армияси назоратига ўтган Авдийивка шаҳрида украиналик ҳарбий асирлар отиб ташлангани эҳтимоли юзасидан текширув ўтказмоқда. Украин қўшини чекинаётганда шаҳар шарқидаги «Зенит» таянч пунктида олти нафар ярадор ҳарбий қолдирилган: қариндошлари ва бошқа украин ҳарбийларига кўра, улар асир тушишга тайёрланган. Аммо кейинроқ Россиядаги телеграм-каналлар ушбу ҳарбийларнинг жасадлари акс этган видеони намойиш этди.

BBC ўша фожиали воқеалар кетма-кетлигини аниқлаш учун қуршовда қолиб кетган ушбу ҳарбийларнинг қариндошлари, шунингдек «Зенит»да бўлган бошқа ҳарбийлар билан гаплашди.

Уларнинг ҳикоялари нафақат россиялик ҳарбийлар томонидан содир этилган ҳарбий жиноятлар ҳақида, балки украин қўшини тартибсиз чекингани ва эҳтимол шахсий таркибда кўплаб йўқотишларга учралгани тўғрисида картина ҳосил қилади.

17 феврал куни эълон қилинган Авдийивкадан чиқиш бошланишидан олдинроқ ҳаво ҳужумидан мудофаа қисми жойлашган «Зенит» таянч пунктидаги ҳарбийлар ўз қўмондонлигига зудлик билан чекиниш лозимлигини билдирган. 110-Алоҳида механизациялашган бригададан бўлган ва сўнгги ҳафталарни «Зенит»да ўтказган Виктор Билякнинг айтишича, аскарлар ҳатто ротада хизмат қилишдан бош тортишини маълум қилишганди.

«Мен нима қилишни билмаяпман»

Жанг қилиб чекиниш ҳақида буйруқ келганида эса жуда кеч бўлганди — уларнинг позицияси аллақачон қуршаб олинганди.

Ҳарбий шифокор Иван Житник 13 феврал куни ўз куёви Дмитрога шундай ёзади: «Бизга чекинишни айтишди, ортда эса [россияликлар]. Мен нима қилишимни билмайман. Шокдаман».

Иван Житник россияликлар позицияга кириб келишидан бир неча соат олдин қариндошлари билан гаплашган

Ҳудуддан чиқишга уринган биринчи гуруҳ амалда рақибни яксон қилиб, қолганлар учун ўтиш йўлини таъминлаши режалаштирилганди. «Булар энг жасур аскарлар эди», — дея хотирлайди Виктор Биляк. Бу гуруҳдан Иван Житник, шунингдек унинг хизматдоши Андрий Дубницкий ҳам жой олганди. Улар ўшанда ҳали «Зенит»да ташлаб кетиладиган олти ҳарбий ичида бўлишларини билишмасди.

Уларнинг гуруҳи 13 февралдан 14 февралга ўтар кечаси йўлга чиқади. «Ташқарига чиқиши билан улар рақиб билан тўқнашади, — дея ҳикоя қилади Биляк. — Отишма бошланади ва уларнинг устига артиллерия ўқлари ёғдиришади». Гуруҳ ортга қайтишга мажбур бўлади. Базага ўн кишидан фақат уч киши, жумладан Житник ва Дубницкий қайтиб келади.