Британия компаниялари юзлаб миллион фунтлик асбоб-ускуналар ва машиналарни Россияга етказиб бермоқда, деб хабар берди Sky News.
Қайд этилишича, дронлар ва оғир техникалар учун ускуналар Буюк Британиядан Кавказ ва Марказий Осиё давлатларига, жумладан, Қирғизистон, Арманистон, Ўзбекистон ва бошқа мамлакатларга жўнатилмоқда. У ердан эса мазкур жиҳозлар Россияга йўналтирилади.
Статистик рақамларга кўра, Россияга қарши савдо санкциялари жорий этилганидан кейин товарлар оқими кескин қисқарганига қарамай, Британиядан катта ҳажмдаги «икки хил мақсадда фойдаланса бўладиган» товарлари ҳали ҳам Москвага йўл олмоқда. Бу эса Россия армиясини эҳтиёт қисмлари ва жиҳозлар билан таъминлашга ёрдам беради.
«Санкция натижасида Британия товарларининг Россияга кириб келиши 74 фоизга камайди. Ҳозирда экспортнинг катта қисмини озиқ-овқат, тиббий буюмлар ва бошқа гуманитар товарлар ташкил этади. Оғир техника, электр жиҳозлари ва автомобиллар етказиб бериш деярли нолга тушди», дейилади мақолада.

Юқоридаги рақамлар санкциялар режимининг муваффақиятли бўлганлигини кўрсатиб турибди, аммо расмий савдо статистикасини чуқурроқ таҳлил қилиш бошқа фикрлар пайдо бўлишига олиб келади. Яъни Россияга тўғридан тўғри экспорт камайган бўлса-да, Россиянинг бир қатор қўшни мамлакатлари – Грузиядан тортиб Ўзбекистонгача экспорт ўта юқори даражада ўсган.
Хусусан, Британиядан Қирғизистонга экспорт 1100 фоиздан кўпроққа ошган. Экспорт таркибида тўғридан-тўғри Россияга жўнатиб бўлмайдиган оғир техника ва транспорт воситалари устунлик қилади.

IFF’нинг собиқ бош иқтисодчиси Робин Брукснинг сўзларига кўра, бошқа Европа давлатлари, айниқса Германия ва Полшадан ҳам Марказий Осиё ва Кавказ давлатлари орқали Россияга катта миқдордаги ускуналар кириб бораётган бўлиши мумкин.
«Улар аниқ бир буюртмани Марказий Осиё мамлакатларидан бирида рўйхатдан ўтган ташкилотдан олаётган бўлиши мумкин», деган Брукс.
Россияга яқин бошқа давлатларга ҳам экспорт кескин ошган
Буюк Британиядан экспорт нафақат Қирғизистонга, балки Арманистонга ҳам кескин ошган.


















