Жаҳон | 09:21 / 23.02.2024
8760
3 дақиқада ўқилади

ХВЖ эксперти: Россия иқтисодиётида «қизиб кетиш» аломатлари кузатиляпти

Россиянинг Украинага қарши ҳужуми бошланганидан кейин Ғарб Россияга қарши кенг қамровли санкциялар киритди. Бироқ, Россия иқтисодиёти барқарорлигича қолмоқда. ХВЖ бу борада тушунтириш берди.

Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) маълумотларига кўра, Украинага қарши уруш бошланганидан кейин Москвага қарши Ғарб томонидан киритилган санкциялар фонида Россия иқтисодиёти ўзининг ўсиш суръатлари билан «ҳайратга солди». Бу ҳақда 22 феврал, пайшанба куни Вашингтонда ХВЖ алоқалар бўйича директори Жули Козак маълум қилди. «Бу ҳарбий иқтисод, - дея аниқлик киритди у. - Россия иқтисодиёти ишлаб чиқаришга туртки берувчи ҳарбий харажатларнинг юқори улушига эга». Бундан ташқари, истеъмолнинг ошишига ҳисса қўшадиган бир қатор «ижтимоий трансфертлар» мавжуд, дея қўшимча қилди Козак.

Бироқ, ҳозирги вақтда иқтисодиётнинг «ҳаддан ташқари қизиб кетиши» белгилари ҳам мавжуд - масалан, инфляция ўсиши - бу ўрта муддатли истиқболда Россия иқтисодий ўсишининг секинлашишига олиб келиши мумкин, деб ҳисоблайди Козак. Воқеалар бундай ривожланишига сабаб сифатида у мамлакатнинг халқаро молия тизимидан узилганлигини ва технологиядан фойдаланиш имконияти жуда чекланганлигини келтирди. Бундан ташқари, «Россия инсон капитали нуқтайи назаридан юқори малакали ишчи кучининг бир қисмини йўқотди», деб таъкидлади эксперт.

Январ ойида ХВЖ 2024 йилда Россия иқтисодиёти ўсишини 2,6 фоиз даражасида прогноз қилди, бу ўтган кузда кутилганидан 1,5 фоизга юқори. Мутахассисларнинг фикрига кўра, прогнозни юқорига қараб қайта кўриб чиқишга иш ҳақи ошиши билан қўллаб-қувватланадиган юқори ҳарбий харажатлар ва шахсий истеъмол сабаб бўлган. Келгуси йилда ХВЖ Россия иқтисодиёти 1,1 фоизга ўсишини башорат қилмоқда.

Немис мутахассиси: Россия иқтисодиёти урушдан кейин таназзулга юз тутади

Россия Федерациясидаги ҳозирги иқтисодий ўсиш фақат «Украинада янгиларини яратиш учун йўқ қилинган» қурол ишлаб чиқаришнинг ўсиши билан боғлиқ», дейди Оксфорд университетининг иқтисод профессори, Россия, Шарқий Европа ва Евросиё бўйича эксперт Майкл Рохлиц Германиянинг n-tv каналига берган интервюсида. Унинг таъкидлашича, Россияда қурол ишлаб чиқаришнинг ўсиши иқтисодиётда ижобий омил сифатида қабул қилинса-да, бу «келажакка сармоя эмас» ва бундай иқтисодиёт «уруш тугагач, қулаб тушади».

Мавзуга оид