“Янги харажатлар маҳсулот нархига таъсир қилади” — маиший техника импортчилари
Ўзбекистонда импорт қилинган совиткич, музлаткич ва кондиционерларни энергосамарадорлик бўйича синовдан ўтказиш бошланди. Kun.uz'га мурожаат қилган импортчи тадбиркорларга кўра, бу янгилик ҳам вақт, ҳам нақд нуқтайи назаридан янги харажатларга олиб келган. Келгусида бундай текширув бошқа турдаги маиший техникаларга ҳам жорий этилиши кутиляпти.
Маълумки, импорт товарлар учун мувофиқлик сертификатини олиш талаб қилинади. Янги тартибга кўра эса, энергосамарадорлик тестидан ўтмаган маиший техника товарларига бу сертификат берилмайди ва уларни Ўзбекистонда сотиш тақиқланади. Бу синовдан ўтиш учун техникалар фақат “А” тоифадаги энергосамарадорлик кўрсаткичига эга бўлиши керак.
Импортчи тадбиркорларнинг сўзларига кўра, синов баённомасини олиш учун узун навбатлар юзага келган, чунки синовни фақат битта корхона – “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ҳузуридаги “Eltech-Lab” МЧЖ ўтказа олади.
Шу йил январда қабул қилинган 15-сонли қарорда бу ягона синов лабораториясини жиҳозлаш учун давлат бюджетидан 25 миллиард сўм маблағ ажратиш кўзда тутилган. Ўтган ойда маҳаллий маиший техника ишлаб чиқарувчиларга янги имтиёзлар беришни ва импортга қўшимча чекловлар киритишни назарда тутган бу ҳужжат баҳсларга сабаб бўлганди.
“Таниш-билиш бўлгани учун 1 ой кутишим кераклигини айтишди, таниш бўлмаганлар 2 ой кутишини айтишмоқда. 2 ойдан кейин навбат келса, совиткич учун 13 сутка, жуда чўзилса 18 суткада синов натижалари чиқаркан. Бунгача олиб келган товарим божхона омборида туради, ҳар бир кун учун тўлов ҳисобланиб кетаверади”, – дейди Kun.uz'га интервю берган тадбиркорлардан бири.
Бошқа бир тадбиркорнинг вакили, “Trade Urban” корхонаси сотув бўлими бошлиғи Анвар Маҳмудовнинг айтишича, улар навбати келишини 60 кун кутиши керак, бу эса мавсумий характерга эга совуткич ва музлаткичлар сотувига таъсир ўтказади.
“Ҳозир кириб келган божхонадан ўтказилиши керак бўлган контейнерларимизнинг биттаси учун [кунига] 30 минг сўм тўлов қилиниши керак. 60 кундан кейин сертификат берамиз дейишяпти, чунки лабораторияда навбат бор эмиш. Бугундан ҳисобласак ҳам март ва апрел ойлари ўтиб кетади дегани. Музлаткич – мавсумий маҳсулот. Бу дегани апрелда мавсумга тайёргарлик кўрилади, маҳсулотларимиз дўконларга тарқатилади. Мавсумга тайёргарликка кеч қоламиз.
Ўзи импортёрлар музлаткични асосан мартнинг охири, апрелнинг бошида олиб келишади. Шунинг ҳисобига март охиригача навбат янада узайса керак. Навбат узайгани сари март-апрелда олиб келган тадбиркорларга яна қийин бўлади. Маҳсулоти мавсумдан ўтиб кетади, кузда музлаткич ҳам, кондиционер ҳам сотилмайди”, – дейди у.
Тадбиркорларни норози қилаётган яна бир жиҳат – синовдан ўтказиш тўловининг қимматлиги. Маълум бўлишича, бир турдаги кондиционерни синовдан ўтказиш тўлови 3 млн 800 минг сўмни, совиткич эса 9 млн 700 минг сўмни ташкил қилади. Бундан ташқари, тадбиркор бир хил маркали маиший техника импорт қилса-да, ҳар бир партияда келган товар қайта ва қайта синовдан ўтказилиши керак.
“Toshiba мисолини оладиган бўлсак, 3-4 хил моделимиз бор, лекин модел кодлари 10-12 та бўлади, чунки ранглари ҳар хил. Улар қаймоқрангни ҳам, оқни ҳам, “стальной”ни ҳам текширамиз дейишяпти. Бу ҳам бир муаммо. Чунки ташқи кўриниши эмас, моторини текширади. Моторни текшириш учун биттасини олса ҳам етади. Барибир чеклов сифатида ишлаяпти. Маҳсулотнинг нархи ошади. Чунки божхонада контейнерларимиз қолиб кетгани, сертификат учун тўловлар барибир нархига ўтиради”, – дейди Анвар Маҳмудов.
Маиший техника олиб киришдаги бу янгилик 2019 йилда қабул қилинган 4422-сонли қарор билан боғлиқ. Бу қарорга кўра, 2022 йил 1 январдан бошлаб илгари фойдаланишда бўлган генератор ускуналари, кучланишни пасайтирувчи трансформаторлар, электр двигателлар, шунингдек, энергия самарадорлиги “B” ва ундан қуйи тоифадаги энергия сарфловчи маиший электр приборларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш тақиқланган.
Ўзбекистонга энергия самарадорлиги бўйича фақат “А” тоифадаги товарларни олиб кириш талаби қўйилган маҳсулотлар рўйхатига 18 турдаги техникалар киритилган. Марказий иситиш қозонлари, ҳаво тортиш колпаклари, кондиционерлар, совиткичлар, музлаткичлар, сув иситкичлари, идиш ювиш машиналари, кир ювиш машиналари, чангюткичлар, микротўлқинли печлар, мониторлар, маиший стационар электр плиталар шулар жумласидан.
Техник тартибга солиш агентлиги матбуот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, юқоридаги ҳужжатга асосан маиший техникаларни тестдан ўтказадиган синов лабораторияларини ишга тушириш катта маблағ – 1 млн доллардан 3 млн долларгача талаб қилгани сабабли ишлар кечиккан. Биринчи лаборатория (Eltech-Lab) ишга тушиши билан биринчи босқичда совиткич ва кондиционерларни синовдан ўтказиш бошланган.
Нега бу ҳуқуқ фақат битта МЧЖда, деган саволга жавобан Техник тартибга солиш агентлигининг маълум қилишича, ҳозир тегишли стандартлар асосида синовдан ўтказиш имконияти ва тегишли аккредитация фақат битта лабораторияда бор. Агентликнинг қўшимча қилишича, йил охиригача яна 2 та лаборатория ташкил қилинади.
“Ўзимиздаги лабораторияни 204 млн евро Корея гранти асосида қиляпмиз. “Элтехсаноат” ҳам лабораториясини кенгайтиради. Ҳозирги билан қўшилган ҳолда янги лаборатория ташкил қилинади”, – дейилади агентлик изоҳида.
Аммо тадбиркорлар аввал лабораториялар кўпайтирилиб, кейин бундай мажбурият юкланиши керак деган фикрда.
Kun.uz сўровига жавобан Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ушбу ҳолат ҳозирги вақтда ўрганилаётгани ва ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида тегишли ташкилотларга қўмитанинг сўровлари киритилганини маълум қилди. Қўмита ўрганиш якунлари юзасидан қўшимча ахборот берилишини таъкидламоқда.
Мадина Очилова тайёрлади.
Тавсия этамиз
Тошкентда энди автомобилни онлайн рўйхатдан ўтказиш мумкин
Ўзбекистон | 20:34 / 24.04.2025
Божхонадаги чекловлар: фуқаро божни тўлай олмаса, нима бўлади?
Ўзбекистон | 22:43 / 23.04.2025
Лондонда тинчлик музокаралари барбод бўлди
Жаҳон | 21:29 / 23.04.2025
Хитой Ойда АЭС қуриш режасини тасдиқлади
Жаҳон | 17:06 / 23.04.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Японияда салкам 30 йил автобус бошқарган ҳайдовчи 7 доллар ўғирлагани учун ишдан бўшатилди
Жаҳон | 00:43
-
Нидерландия қироли мамлакатни «тиш-тирноғигача қуроллантиришга» чақирди
Жаҳон | 00:22
-
Қирғизистонда РФ армиясига ёллаш иши бўйича россиялик политтехнолог ҳибсга олинди
Жаҳон | 23:58 / 24.04.2025
-
Трамп миллионерлар учун солиқларни оширишдан бош тортди
Жаҳон | 23:25 / 24.04.2025
Мавзуга оид

19:56 / 22.04.2025
“Нархлар анча арзонроқ” — Қозоғистондан қайтаётган ўзбеклар ўзи билан нималар олиб киряпти?

23:21 / 19.04.2025
Жисмоний шахсларнинг хориждан товар олиб киришига чекловлар кучайтирилди

22:54 / 14.04.2025
Leapmotor импортига рухсат берилди, лекин шартлари бор

22:40 / 08.04.2025