20:47 / 16.01.2024
35311

“Танлов имконияти янада тораяди” — иқтисодчилар маиший техника лоббиси ҳақида

Ўзбекистонда телевизор, кондиционер, кир ювиш машинаси каби маиший техникалар импортига янги чекловлар ўрнатилиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга имтиёзлар кенгайтирилди. Kun.uz суҳбатлашган иқтисодчи Отабек Бакиров ва Прогрессив ислоҳотлар маркази эксперти Шоҳруххўжа Фахриддинхўжаевга кўра, бу – мамлакатнинг Жаҳон савдо ташкилотига кириш ҳаракатларига зид бўлиб, рақобат муҳитининг янада чекланишига олиб келади.

Аввалига ОАВ маҳаллий маиший техника ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, уларга кўпроқ имтиёзлар бериш ва Ўзбекистонга маиший техника олиб киришда антидемпинг божлари жорий этишни назарда тутган ҳукумат комиссияси баённомасини эълон қилди.

Шундан кейин бу борадаги алоҳида қарор қабул қилингани, унга асосан электротехника саноатидаги маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга имтиёзларнинг янги пакети тасдиқлангани маълум бўлди.

– 1 февралдан Ўзбекистонда расмий дилерлари ва сервис хизмати мавжуд бўлмаган брендларнинг маиший техника маҳсулотларини олиб кириш тақиқланади. Бу нимани англатади ва унинг иқтисодий оқибатлари қандай?

Шоҳруххўжа Фахриддинхўжаев: Бу янги тартиб талаб ва таклифга таъсир қилади. Таклифга таъсири деганда, маиший техника олиб келадиганлар сони қисқаришни бошлайди. Натижада бу нархларга таъсир қилади. Иқтисодиётда йўқотишлар кенгайишни бошлайди. Истеъмолчиларнинг фойдаси қисқаради ва умумий иқтисодиётга зарар келтиришни бошлайди.

Салбий таъсир энергетикага ҳам етиб бориши мумкин. Чунки бизда ҳозир янги ишлаб чиқарилаётган маиший техникалар энергосамарадор ҳисобланиб, энергия ҳажмини кўтариш учун мўлжалланган. Биз энергосамарадорлик бўйича дунёда жуда паст кўрсаткичларга эгамиз. Энергосамарадорлик бу – энергияни иқтисодиётда қанчалик самарали ишлатаётганимизни кўрсатадиган кўрсаткичдир. 2022 йилда қабул қилинган президент қарорига кўра, 2022 йилда энергия ҳажми 5 фоизга етказилган бўлса, 2023 йилда 14 фоизга етказилган. Ҳозир биз нима қиляпмиз? Бу ўзгариш ортидан маиший техникалар нархи ошади, одамларда эски маиший техникаларни энергия самарадор техникаларга алмаштиришга рағбат йўқолади. Натижада биз белгиланган таргетга ета олмаймиз.

Шундоқ ҳам энергетика билан катта муаммоларимиз бор. Эски маиший техникалар энергия самарадор эмас. Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти маълумотларини олсак, бизда турар жой ва тижорат бинолари энергиянинг қарийб 45 фоизини, саноат 21 фоизини ва транспорт 18 фоизини истеъмол қилади. Мамлакатлар ўзининг маҳаллий ишлаб чиқарувчисини қўллаб-қувватлаши, иш ўринларини яратиши, инновацияларни кенгайтириши чет эл тажрибасида ҳам бўлган, лекин бу [имтиёзлар] фақат белгиланган доирага бериладиган бўлса, инновация ҳам бўлмайди, рақобат ҳам қисқаради, энергия самарадор бўлган маиший техникаларга талаб кескин пасайиб кетиши мумкин.

– Ишлаб чиқарувчининг расмий дилери Ўзбекистонда фаолият юритмаса, унинг маҳсулотларини сотиш тақиқланишига оид янгиликни тушуниб олсак. Бу ўзи нима дегани?

Отабек Бакиров: Ишлаб чиқарувчиларнинг расмий дилери бўлиш талаби нимани англатади? Маиший техника импорт қилаётган бўлсангиз, ишлаб чиқарувчининг расмий дилери деган мақомга эга бўлмасангиз, бундан буёғига 1 февралдан импорт қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўласиз.

Ўтган йилга қадар Ўзбекистонга автомобил олиб кириб сотишга фақат ишлаб чиқарувчиларнинг расмий дилери бўлган автомобил импортчиларигагина рухсат берилган эди. Мисол учун, автомобил ишлаб чиқарувчиларнинг расмий дилерлари Ўзбекистонга автомобил олиб кириши ва сотиши мумкин эди. Шу чеклов бекор қилинганидан кейин 8-9 ой ичида Ўзбекистонда автомобил таклифи кескин кўпайди. Буни электромобиллар таклифида ҳам, автомобиллар таклифида ҳам ўзингиз кўрган бўлсангиз керак. Бу дегани жисмоний ва юридик шахслар дилерлик мақомига эга бўлмаса ҳам, автомобилларни Ўзбекистонга олиб келиб сота олади дегани.

Маиший техника масаласида ҳам худди шундай, шу кунгача Ўзбекистонга исталган юридик шахс ишлаб чиқарувчи билан расмий дилерлик ёки вакиллик шартномаси бўлмаса ҳам маиший техникани олиб келиб сотиш ҳуқуқига эга эди, 1 февралдан бошлаб, улар импорт қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади. Шартли LG, Samsung’нинг расмий дилерлари Ўзбекистонга импорт қила олади. Бу ўз-ўзидан бозорда таклифни кескин камайтиради, натижада нарх ошиб, сифат пасаяди. Шу жиҳатдан жуда хавотирли.

Ўзбекистонда маҳаллийлаштириш билан боғлиқ бўлган компаниялар жуда кўп хорижий ишлаб чиқарувчиларни расмий дилерлик мақомига ҳам эга. Бу Ўзбекистонда импорт ҳам, ишлаб чиқариш ҳам уларнинг назоратига ўтяпти дегани.

Шу ўринда, дўстимиз бир нарсага урғу берди, мен шуни чуқурроқ тушунтирмоқчиман. Рўйхатдаги импорт қилишда расмий дилерлар бўлиши талаб этиладиган маҳсулотларни кўрсангиз, булар сув иситкичлар, сув қозонлари, буғ қозонлари ва радиаторлар эканини кўрасиз. Ўзбекистонда 1 апрелда энергетика тарифлари аҳоли учун бозор нархларига яқинлаштирилиши эълон қилинган. Ижтимоий меъёрдан ташқаридаги тарифлар оширилади. Бу энергосамарадор, кўп энергия сарф қилмайдиган техникага талабни оширади. Шу ўринда, биз ўз ўзидан танлов имкониятини тортиб олиш билан энергосамарадорликка рағбатни ҳам ўлдирмоқчи бўляпмиз. Қарор қабул қилувчилар ўз қарорлари қандай оқибатга олиб келишини тушунишмаяпти. Бундан ким ютқазади? Истеъмолчи ютқизса, давлат ўзининг энергосамарадорлик бўйича мақсадларига эришмаса, ким ютади? Албатта, ички бозордаги “монополист” компаниялар ютади.

– Мен суҳбатлашган бошқа бир иқтисодчининг талқинига кўра, янги талабга асосан, ишлаб чиқарувчининг расмий дилери Ўзбекистонда фаолият юритишининг ўзи кифоя, унинг маҳсулотларини бошқалар олиб кириб сотиши мумкин.

– Саволингиз ўринли, бунга расмий изоҳ берилиши керак. Сизнинг версиянгизда дилерлик мақомига эга битта бўлса ҳам шуъба бўлса, ўша компаниянинг маиший техникаларини исталган юридик шахс олиб кира олади деган фикр уйғоняпти. Мен ундай тушунмадим. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги бу борада баёнот бердими?

– Вазирликдан изоҳ сўраб боғланганимизда, яқинда шу мавзуда ёки учрашув режа қилиниши, ёки изоҳ берилиши айтилди.

– Шундай бўлган тақдирда ҳам, таклиф ҳозирги даражадан кескин қисқаради. Учта вариант пайдо бўляпти: ҳозирги вазият, фақатгина дилерлар олиб кириб сота олиши ва дилерлик шохобчасига эга брендларнинг маҳсулотларини исталган юридик шахслар олиб кириши. Бунга аниқлик киритиш керак. Шу ердан ҳам билиш мумкин: [қарор] ўта шошмашошарлик билан ёзилган.

Қарорнинг яна бир жойида маиший техника ишлаб чиқарувчиларга 5 фоизлик кредит линиясини тақдим этиш ҳақида гап боради. Охирги марта Ўзбекистон 8 фоиздан ҳам қимматроқ кредит олди. Тасаввур қилинг, Ўзбекистон ўзининг суверен рейтингини, бюджет имкониятини ҳисобга олган ҳолда 8 фоиздан кредит оляптида, уларга 5 фоиздан кредит бераркан. Бу қанақа иқтисодий мантиқ? Улар ҳақиқат ҳам яшашга қобил бўлса, паразит бўлмаса, очиқ бозордан кредит олсин. Ўзбекистоннинг 10 минг аҳолисини иш билан таъминлаяпмиз деётганлар очиқ бозордан кредит олсин. Ўзбекистон ҳукумати бизнинг номимиздан 400 млн доллар кредит оларкан-да, уларга 5 фоиз кредит линиясини очаркан, ҳар бир кредитдан 3 фоиз бизнинг зиммамизга тушади. Ҳали 15 фоизгача бўлган нарх преференциясини гапирмаяпман.

– Ўзи айнан шу масалада савол бермоқчи эдим. Маиший техника ишлаб чиқарувчиларга давлат харидларидаги иштироки учун 8 фоиздан 15 фоизгача нарх преференциялари бериляпти. Бу нимани англатади?

– Ўзи 15 фоизлик нарх преференцияси олдин ҳам бор эди, шу имтиёзни олиш учун давлат буюртмасига камида 3 та маҳаллий ишлаб чиқарувчи даъвогарлик қилиши керак эди. Энди битта бўлса ҳам кифоя. Ўзбекистонда рақобат муҳити бор дейдиган маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида аслида рақобат йўқ. Иситиш қозонлари масаласида 3та ишлаб чиқарувчини топа олмайсиз, шу сабабли давлат буюртмасини эгаллаб олиш учун иштирокчилар сонини биттага туширишди. Қўшимча равишда импортни расмийлаштиришда ҚҚСни тўлашда яна енгиллик бериляпти.

  • Тўлиқ интервюни Kun.uz'нинг YouTube саҳифасида томоша қилинг

Мадина Очилова суҳбатлашди.
Оператор – Абдуқодир Тўлқинов.
Монтажчи – Муҳиддин Қурбонов.

Top