Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Мақсад сари” шина тортган бола: унинг отасига чора кўрилиши мумкин
Ота тахминан 8–9 ёшдаги ўғлини “мақсадларига етиши” учун автомобил шинасига боғлаб, жисмоний зўриқишга ундаяпти ва “машғулот” видеоларини Instagram'га жойлаб бормоқда. Ҳолат тармоқларда эътирозларга сабаб бўлди. Айрим фойдаланувчилар бола носоғлом спорт турига жалб этилаётганини таъкидлаб, отага чора кўришни сўраган. Болалар омбудсмани буни “нормал амалиёт эмас” дея баҳолаб, бола манфаатларида ҳолатга аниқлик киритиш учун тегишли идораларга мурожаат қилди.
Фото: Видеодан кадр
Фарғонада ота ўзининг тахминан 8–9 ёшли ўғлига автомобил шинасини боғлаб, югуришга мажбур қилгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди. Кадрларда ота болани “монстр ўғлим” дея, уни шина билан жисмоний машқ бажаришга ундаётгани кўринади.
Саҳифадаги бошқа видеоларда ҳам болага нисбатан жисмоний босим ҳолатлари акс этган.
Ота фарзандига “мақсадларига етиш” ҳақида гапирган, лекин қанақа мақсадлар эканини бирор видеода тилга олмайди.
Фойдаланувчиларнинг фикрича, ота фарзандини спортда юқори натижаларга етказишни, чемпион қилишни мақсад қилган бўлиши мумкин, бироқ кўрсатилган машқлар профессионал спорт тайёргарлиги талабларига мос келмайди. Аксинча, бу болага нисбатан ортиқча жисмоний ва руҳий зўриқиш сифатида баҳоланиши мумкин.
Изоҳларда фойдаланувчилар бола носоғлом спорт турига мажбурланаётгани ва отага нисбатан чора кўрилишини сўраган. Жумладан, бир фойдаланувчи қуйидагича изоҳ қолдирган:
“Мана шу ‘ота’га муносабат кутиб қоламиз. Фарзандига етарли ‘питания’сиз ва спорт учун зарур шароитларсиз жисмоний машқларга мажбурлаяпти. Саҳифасига кириб кўрсангиз, бир қатор шунга ўхшаш видеолар бор. У бола ҳозир илм олиши керак бўлган ёшда. Ишончим комил, фарзанд отасининг мажбурлаши билан носоғлом юкламалар остида машқ қилмоқда. Сизлардан илтимос, бу ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериб, чора кўришингизни сўраймиз”, дейилади изоҳда.
Болалар омбудсмани Kun.uz’га ҳолат юзасидан ўз муносабатини билдириб, бу нормал ҳолат эмаслигини таъкидлади.
“Ҳозирги кунда болаларни ижтимоий тармоқлар орқали контент яратиш жараёнига жалб қилиш амалиёти кенгайиб бормоқда ва бу глобал муаммо сифатида баҳоланади. Кўп ҳолатларда ота-оналар фарзандларини ижтимоий тармоқларда намойиш этиш орқали аудитория йиғиш ёки турли мақсадларни кўзлашга интилмоқда. Масаланинг мураккаб жиҳати шундаки, бу борада аниқ ҳуқуқий тартиб ва чекловлар етарлича белгиланмаган, натижада болалар ўз хавфсизлиги ва ҳуқуқлари нуқтаи назаридан етарлича ҳимояланмаган ҳолда қолмоқда”, дейилади омбудсман муносабатида.
Идора позициясига кўра, боланинг шахсий ҳаётини интернетда оммавий намойиш қилиш унинг манфаатларига зид бўлиб, ота-оналар фарзандларининг тобелиги ва заиф ҳолатидан фойдаланиш орқали уларнинг шахсий дахлсизлигига путур етказиши мумкин.
Айни пайтда Болалар омбудсмани сўрови асосида мутасадди идоралар томонидан ушбу ҳолат бўйича отанинг шахсини аниқлаш ва тегишли чора кўриш юзасидан ишлар олиб борилаётгани маълум қилинди.
Мавзуга оид
10:11
Болалар омбудсмани юқори кучланишли объектларда хавфсизлик таъминланишини талаб қилди
22:32 / 21.05.2026
Оғир касалликка чалинган 10 минг болада жарроҳлик амалиёти давлат ҳисобидан ўтказилади
08:24 / 20.05.2026
Фарғона ва Наманганда йирик миқдордаги наркотик моддалар мусодара қилинди
11:41 / 19.05.2026