Жаҳон | 10:03 / 01.03.2024
4990
4 дақиқада ўқилади

Путин сайловлар олдидан россияликларга ижтимоий соҳада ўзгаришларни ваъда қилди

Сайловдан икки ҳафта олдин Россия президенти ижтимоий соҳа, иқтисодиёт, минтақавий ривожланиш ва бизнесда кенг кўламли ўзгаришлар бўлишини ваъда қилди. 

Фото: Reuters

Россия Федерациясидаги президентлик сайловларига икки ярим ҳафта қолганда, бешинчи муддатга қайта сайланишни режалаштираётган амалдаги давлат раҳбари Владимир Путин узоқ нутқ сўзлаб, ижтимоий, иқтисодий ва хавфсизлик соҳаларида улкан ваъдалар берди. 29 феврал, пайшанба куни у Россия сиёсати, бизнеси, маданиятининг 1000 дан ортиқ вакиллари иштирокида Федерал мажлисга икки соатдан ортиқ давом этган мурожаатни ўқиб эшиттирди

Путин хавфсизликка таҳдидлар ҳақида 

Мурожаати бошида Путин Россия Федерациясининг Украинага қарши урушини «россияликларнинг мутлақ кўпчилиги» қўллаб-қувватлашини айтди. У Ғарбни Россияни қуролланиш пойгасига тортиш ва шу орқали уни тугатишга уринишда, шунингдек, Россия Федерациясини ўз ҳудудида «максимал самарали» мағлубиятга учратиш режаларини тайёрлашда айблади. Россия президентининг таъкидлашича, АҚШ хатти-ҳаракатлари «халқаро хавфсизлик тизимини деярли йўқ қилишга олиб келди» ва Ғарб қўшинлари Украинага киритилса, «фожиали оқибатлар» юз беради. Унинг сўзларига кўра, Ғарб давлатларининг баёнотлари «ядро қуролидан фойдаланган ҳолда тўқнашув» ва «цивилизацияни йўқ қилиш» бўйича реал таҳдидни келтириб чиқаради. 

Путиннинг ижтимоий соҳадаги кенг кўламли ваъдалари 

Бундан ташқари, Путин кам таъминланган ва касал фуқаролар, кўп болали оилаларни қўллаб-қувватлашни кучайтиришга, шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш учун 1 триллион рубл ажратишга ваъда берди. У 13,5 миллион россиялик ҳали ҳам қашшоқлик чегарасида яшаётганига эътибор қаратди ва кўп болали оилаларнинг қарийб 30 фоизи оғир молиявий аҳволда эканини тан олди. У 2030 йилга бориб бу кўрсаткични 12 фоизга камайтиришга чақирди. 

Путин, шунингдек, ижтимоий соҳада бир қатор дастурлар яратилишини эълон қилди, хусусан, имтиёзли ипотека ва болали оилалар учун солиқ имтиёзларига ишора қилди. У 2030 йилга бориб энг кам иш ҳақини ҳозирги 19 минг рублдан (тахминан 190 евро) 35 минг рублга (350 евро) оширишга ваъда берди. 

Транспорт, таълим ва бизнес соҳаларида ташаббуслар 

Россия президенти ҳудудлар ва экологик ташаббусларни, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш, рақамлаштиришни кучайтириш, Россия иқтисодиётига сармоя киритишни кўпайтириш, спорт инфратузилмасини ривожлантириш, таълим муассасаларини жиҳозлашни яхшилаш, илм-фанга сармоя киритиш, янги йўллар қурилиши ва ҳаво қатновини яхшилаш чоралари зарурлигини таъкидлади.

Бундан ташқари, Путин яқин олти йил ичида минглаб янги саноат тармоқларини яратиш зарурлигини маълум қилди. «Биз саноат технопаркларини ривожлантиришни давом эттирамиз. Кластер ёндашувидан фойдаланиш муҳим. Биз камида 100 та шундай майдонча яратишимиз керак. Муҳим соҳаларга киритилаётган инвестициялар ҳажми 70 фоизга ошиши лозим», - деди у. Россия давлат раҳбари, шунингдек, тадбиркорларни Россия юрисдикциясида фаолият юритишга ва хорижга пул олиб чиқиб кетмасликка чақирди. 

Россия ЯИМ ўсиши ҳақида 

Шу билан бирга, Россия президенти РФ дунёдаги тўртта йирик иқтисодий кучлардан бирига айланишига умид билдирди. Шу билан бирга, у 2023 йилда Россия ялпи ички маҳсулотининг юқори ўсиш суръатларини таъкидлаб ўтди, бу жаҳон ўртача кўрсаткичидан ва «Катта еттилик»нинг барча давлатларидан юқори бўлди. Унинг фикрича, сезиларли иқтисодий ўсишда «сўнгги ўн йилликда яратилган хавфсизлик чегараси» катта рол ўйнади. Айни пайтда, мустақил экспертлар Россия иқтисодиётининг ўсиши Украинага қарши уруш давом этиши фонида фақат ҳарбий саноатдаги жараёнга асосланган ва уруш тугаши билан якунланади, деб ҳисоблаяпти.

Россия Федерациясида президентлик сайловлари 15-17 март кунлари бўлиб ўтади. Россияни 24 йил бошқариб келаётган 71 ёшли Владимир Путин яна олти йилга президент этиб сайланиш ниятида. Бу Путиннинг Федерал мажлисга йўллаган 19-мурожаати. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид