Жаҳон | 20:39 / 01.03.2024
7909
2 дақиқада ўқилади

Ядро урушида ғолиб бўлмайди — Хитой ТИВ

Хитой Путиннинг янги ядровий таҳдидларига муносабат билдирди. 

Фото: Reuters

Хитой Халқ Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Россия президенти Владимир Путиннинг бошқа мамлакатларга нисбатан сўнгги ядровий таҳдидларига жавоб қайтарди. 

«Ядро урушида ғолиб бўлмайди, Хитой барча томонларни вазминликни сақлашга чақиради», деди вазирлик матбуот котиби Мао Нинг. 

Унинг сўзларига кўра, томонлар кескинлик ва стратегик хавфларни камайтириш учун биргаликда ҳаракат қилиши зарур. 

«Биз барча томонларни мувозанат ва вазминликни сақлашга ҳамда мулоқот ва маслаҳатлашувлар орқали мувозанатли, самарали ва барқарор Европа хавфсизлик архитектурасини қуришга чақирамиз», деб таъкидлади ТИВ вакили. 

Россия агар мағлубиятга учраса, босиб олинган Қримга ҳужумлар уюштирилса, айрим турдаги қуроллар Украинага топширилса ва Ғарб қўшинлари фронтга жўнатилса, ядро қуролидан фойдаланишга бир неча бор ваъда берган. 

Европанинг 20 нафар етакчиси шу ҳафта Парижда учрашиб, Украинадаги урушни муҳокама қилди. Кейинроқ Франция президенти Эммануэл Макрон Украинага келажакда қўшин юбориш имкониятини муҳокама қилишганини айтди. 

Кремлнинг таъкидлашича, бу «Россия ва НАТО ўртасидаги тўғридан-тўғри тўқнашув эҳтимолига эмас, балки муқаррарлигига» олиб келади. Кейинчалик Путин дунёга ядро уруши ва «фожиали оқибатлар» билан таҳдид қилган эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид