Россиянинг Украинага шартлари, Аргентина президентининг ташаббуслари ва Путиндан чўчимаётган НАТО — кун дайжести
Дунёда содир бўлаётган аҳамиятли воқеа-ҳодисалар, янгиликлар ва баёнотларнинг мухтасар шарҳи билан одатдагидек кундалик дайжестимизда таништиришда давом этамиз.
Ғазодаги вазият
Исроилнинг 7 октябрдан буён Ғазо секторида давом этиб келаётган агрессияси қурбонлари сони 30 мингдан ошди ва 30 минг 228 кишига етди.
Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотларга кўра, қамал қилинган эксклавдаги урушнинг 147-кунига келиб 71 минг 377 киши турли даражада ярадор қилинган.
Сўнгги сутка ичида Исроил қўшинлари 16 марта оммавий қирғин ўтказган, унда 193 киши ҳалок бўлган, 920 киши жароҳатланган.
Ғазо шаҳри жанубидаги Наблуси чорраҳасида рўй берган фожиа қурбонлари сони 112 кишига етган.
АҚШдаги Исроил элчихонаси олдида ўзига ўт қўйган ҳарбий АҚШнинг давлат сирларига рухсати бўлган.
New York Post газетаси Ғазо секторидаги геноцидга ҳамда АҚШнинг Исроилни қўллаб-қувватлаётганига исён сифатида ўзига ўт қўйган ҳарбий Аарон Бушнелл ҳақида янги маълумотлар тарқатди.
Маълумотларга кўра, 25 ёшли учувчи ҳарбий разведканинг мутлақо махфий маълумотлари билан танишишга рухсати бўлган. Бушнеллнинг дўсти томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, у Исроил томонидан Ғазода қўлланаётган геноцидда АҚШнинг роли тафсилотлари билан танишиб чиққач, чидай олмаган.
Россиянинг Украинага шартлари
2022 йилнинг баҳорида Россия ва Украина ўртасидаги сулҳ музокаралари чоғида Россия томони Украина олдига қўйган шартлари тафсилотлари Wall Street Journal нашри томонидан ошкор қилинди.
Нашр 2022 йилнинг 15 апрел санаси билан имзоланган 17 бетли ҳужжат билан танишиб чиққан.
Уруш бошланганидан кўп ўтмай Москва ва Киев томонидан музокара жараёнида муҳокама қилинган бу янги сулҳ шартномасида Россия Украинадан янги агрессиядан мутлақо ҳимояланмаган давлатга айланишни талаб қилган. Гарчи Украинага Европа Иттифоқи аъзосига айланиш учун монелик қилинмаган бўлса-да, бошқа давлатлар билан ҳарбий ҳамкорлик қилиш тақиқланган. Украина қуролли кучлари сони 85 минг киши, 342 та танк ва 519 артиллерия қуроллари билан чекланиш сўралган. Киев қуролли кучлари сони 250 минг, 800 танк ва 1900 та артиллерияга кўндирмоқчи бўлган. Шунда ҳам Украина фақат ўз ресурсларидан фойдаланишга мажбур қилинган.
Россия, шунингдек, аннексия қилинган Қримни тўлиқ ўзиники қилиб олмоқчи бўлган. Россия томонидан 2014 йилдан буён оккупация қилинган Украина шарқидаги ҳудудлар келажаги шартномага қўшилмаган. Уни Путин ва Зеленский шахсан келишиши назарда тутилган. Бироқ улар учрашуви содир бўлмаган.
Украинадаги уруш
Шимолий Корея Россияга қурол-яроғ етказиб беришни бас қилган бўлиши мумкин, деб ёзади NK Pro нашри.
Нашрга кўра, қурол-яроғни денгиз орқали ташиш ниҳояланган бўлиши мумкин, чунки сунъий йўлдошлардан туширилган фотосуратлар далолат беришича, Россия кемалари ҳар икки мамлакат портлари ўртасида қатнамай қўйган.
Бу нарса КХДРнинг қурол-яроғ заводларида ишлаб чиқариш билан боғлиқ муаммолар туфайлими ёки бошқа сабабданми, буниси номаълум бўлиб турибди.
Аргентинанинг янги сайланган президенти Хавиер Милей 2011 йилда Россиядан сотиб олинган Арктика модификациясидаги иккита Ми-17 вертолётларини Украинага топширди, деб ёзмоқда Financial Times.
«Милей «эркинликни ҳимоя қилувчи» давлатлар билан алянс тузишни устувор вазифа деб белгилади ва Украинага иккита Россия ҳарбий вертолётларини топширди», — деб ёзади нашр.
Аргентина бу вертолётлар борасида 2010 йилда Россия билан шартнома имзолаган. Аввалига контракт кўпроқ сондаги вертолётлар учун тузилган, бироқ иккитаси етказиб берилгач, қолганларидан воз кечилган.
Шунингдек, айрим нуфузли оммавий ахборот воситалари Милей шу йилнинг ичида Украинани қўллаб-қувватлаб «Лотин Америкаси қўллови саммити»ни ўтказишни режалаштираётганини хабар бермоқда.
Россияга қарши чекловлар
Европанинг сўнгги давлати Россия нефтини денгиз орқали импорт қилишдан воз кечди. Novinite порталининг ёзишича, 1 мартдан эътиборан ўтган йили Россиянинг нефт ҳайдаш қувурларига эмбарго жорий этилгач денгиз орқали нефт харид қилиб турган Болгария бутунлай рус нефтидан воз кечган.
Гарчи Брюссел Болгарига имтиёз бериб, 2024 йил охиригача Россиядан нефт харид қилишга рухсат берган бўлса-да, расмий София нефт эмбаргосига муддатидан аввал қўшилишга қарор қилган. Ўз қарорини Болгария парламенти «давом этаётган сиёсий таранглик вазиятида Россияни тўғридан тўғри молиялаштиришни бас қилиш» зарурияти билан тушунтирган.
2023 йил охирида Болгария Бургасда жойлашган мамлакатдаги ягона нефтни қайта ишлаш заводи учун кунига 200 минг баррел Россия нефтини харид қилиб турган. Россия нефти ўрнига Болгария Қозоғистон, Шимолий Африка ва Яқин Шарқдан нефт харид қилади.
«Психологик дағдаға»
НАТОдагилар Россия президенти Владимир Путиннинг ядровий қуролдан фойдаланишга тайёр экани тўғрисидаги баёнотини сафсата деб атаган.
Шимолий алянсдагилар Путиннинг янги ядровий таҳдидларини навбатдаги қўрқитиш дейишмоқда. НАТО Россия президентининг Федерал кенгашга мурожаатномаси асносида айтган сўнгги фикрларини реал ният эмас, психологик қўрқитиш мантиғига тўғри келувчи мулоҳазалар деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда Испаниянинг El País нашрига берган интервюсида НАТО бош котиби ўринбосари Мирча Жоанэ айтиб ўтган.
Путин ўз мурожаатномасида Россиянинг ядровий қуроллари «тўлиқ шай» ҳолатда экани, агар НАТО қўшинлари Украинага киритилса ундан фойдаланиш мумкинлигини таъкидлаган эди.
«Биз Россия томонидан бу қуроллардан фойдаланишга доир бевосита таҳдид кўрмаяпмиз», – деган Жоанэ бу сўзларга жавобан. Бироқ бундай баёнотлар «жуда хавфли, чунки ишончга путур етказади», деган у.
НАТО қўшинлари Украинада?
Путиннинг дағдағаларига қарамасдан НАТО давлатларидан бештаси Украинага қўшин киритишга тайёр эканини таъкидлаган. Масалан, Франция Украинага махсус мақсадли қўшинлар жўнатиши мумкин.
Le Monde нашрига кўра, француз ҳокимияти махсус қўшинлар ва ҳарбийларга Украина чегарасини кесиб ўтишга рухсат бериш имкониятини кўриб чиқмоқда. Нашр манбаларига кўра, Париж Россияни «стратегик иккиланиш»га дучор қилиш учун бу ишга қўл урмоқчи. Нашр манбалари француз бўлинмаларининг киритилиши Украинанинг айрим ҳудудларини Россия томонидан нишонга олинишидан асрашда ёрдам беради.
Канада эса Украинага ўз ҳарбийларини Украина қўшинларига машғулот ўтказиш учун жўнатишга тайёр. Фақат бу ишлар фронт чизиғидан узоқда бўлиши, жанговар ҳаракатларга аралашмаслик назарда тутилиши керак, — деган Канада мудофаа вазири Билл Блэр.
Бунгача Нидерландия, Белгия ва Дания ҳам ўз қўшинлари Украинага киритилишига рози эканини билдирган эди.
Бу ҳафта сўнгида сизга етказмоқчи бўлган хабарларимизнинг сўнггиси эди. Душанбада кўришгунча.
Мавзуга оид
13:15 / 26.11.2024
Ливанда оташкесим келишуви, Нетаняҳуга олий жазо сўраган оятуллоҳ ва яҳудий роҳиб ўлимига дахлдор ўзбеклар — кун дайжести
13:52 / 25.11.2024
Ливанда мажбурий кўчганлар, Амирликда ўлдирилган раввин ва Россиядан чўчимаётган АҚШ — кун дайжести
14:38 / 23.11.2024
АҚШ ветосидан норози Ҳамас, Исроилда конституциявий инқироз хавфи ва Россия банкларига қарши санкциялар — кун дайжести
13:50 / 22.11.2024