Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ливанда оташкесим келишуви

Исроил ҳукумати Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» билан ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги дастлабки келишувни маъқуллади, деб хабар бермоқда Ynet ва CNN манбалари.

CNN маълумотига кўра, Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу келишувни умумий қоидалар бўйича қўллаб-қувватлаган, аммо айрим тафсилотларга эътирозлар билдирган. Ушбу эътирозлар Ливан ҳукуматига тақдим этилиши режалаштирилган. Келишув якуний тасдиқланиши учун уни Исроил вазирлар девони ҳам маъқуллаши керак.

Ynet маълумотига кўра, музокаралар кетаётган чоғда «Ҳизбуллоҳ» Исроилга 255 дан ортиқ ракета учириши туфайли зиддият янада кучайган. АҚШнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Амос Ҳоҳштейн Ливан томонига Исроилнинг ўт очишни тўхтатишга рози эканлигини маълум қилган. У шунингдек, агар келишувга эришилмаса, АҚШ музокараларда воситачилик қилишни тўхтатишини билдирган.

Axios маълумотига кўра, келишув 60 кунлик ўтиш даврини ўз ичига олади. Бу вақт давомида Исроил ҳарбийлари Жанубий Ливандан чиқиб кетади, Ливан армияси чегарага яқин ҳудудларда жойлаштирилади, «Ҳизбуллоҳ» эса оғир қуролларини Литани дарёси шимолига кўчиради. Бу жараёнларни назорат қилиш учун АҚШ раҳбарлигида махсус қўмита ташкил этилиши кўзда тутилган.

2024 йил сентябр ойида Исроил Жанубий Ливанга чекланган қуруқлик ҳужумларини бошлаб, ҳаво зарбалари орқали «Ҳизбуллоҳ» инфратузилмасини йўқ қилишга уринишни давом эттирди. Ўтган йилдан буён Исроилнинг зарбалари натижасида Ливанда 3754 киши ҳалок бўлган, 15 минг 626 киши яраланган. Булардан ташқари, 1,4 миллиондан ортиқ ливанлик ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган, 610 минг киши Сурияга қочиб ўтган.

Оятуллоҳ Нетаняҳуга олий жазо сўради

Эроннинг олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаий Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳуга нисбатан Халқаро жиноий суд томонидан чиқарилган ҳибсга олиш ордерини етарли эмас деб, унинг ўрнига ўлим жазоси тайинланиши кераклигини таъкидлади.

«Сионистик режим Ғазода ҳарбий жиноят содир этди. Ҳибсга олиш ордери етарли эмас. Нетаняҳу ва бу режимнинг жиноий раҳбарлари ўлим жазосига ҳукм қилиниши керак», — деди Хоманаий «Басиж» ҳаракати аъзолари билан учрашув вақтида.

Эрон ўтган ойги бомбардимонлар учун Исроилга ўз жавобини тайёрламоқда. Бу ҳақда Эрон олий раҳбари Али Хоманаийнинг катта маслаҳатчиси Али Ларижоний Tasnim ахборот агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.