Жаҳон | 22:42 / 05.03.2024
8824
3 дақиқада ўқилади

Халқаро жиноят суди Россия ҳарбий қўмондонларини ҳибсга олиш учун ордер берди 

Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди (ХЖС) Россия Аэрокосмик кучларининг узоқ масофали авиацияси қўмондони Сергей Кобилаш ва Қора денгиз флоти қўмондони Виктор Соколовни ҳибсга олишга ордер берди. 

Виктор Соколов ва Сергей Кобилаш

Улар 2022 йил 10 октябрдан 2023 йил 9 мартгача бўлган даврда Украинадаги уруш пайтида содир этилган жиноятларда гумон қилинмоқда. 

«Икки гумонланувчи ўз қўмондонлиги остидаги кучлар томонидан камида 2022 йил 10 октябрдан 2023 йил 9 мартгача Украина энергетика инфратузилмасига уюштирилган ракета ҳужумлари учун жавобгар, деб ҳисоблаш учун асосли асослар мавжуд. Бу вақт ичида [Украинадаги] кўплаб электр станциялари ва нимстанцияларига Россия ҳарбий кучлари томонидан ҳужум уюштирилгани тахмин қилинмоқда», дейилади хабарда. 

ХЖС дастлабки иш юритиш палатаси зарбалар фуқаролик объектларига берилгани ҳақида хулосага келган. 

Кобилаш ва Соколов «фуқаролик объектларига ҳужум қилиш, тинч аҳолига ҳаддан ташқари тасодифий зарар етказиш ёки фуқаролик объектларига зарар етказиш, шунингдек, инсониятга қарши жиноятлар» бўйича гумон қилинмоқда. 

Украинанинг «Укрэнерго» миллий оператори маълумотларига кўра, 2022 йил октябридан 2023 йил апрелигача Россия қўшинлари Украинадаги энергетика объектларига 1200 дан ортиқ ракета ва дронларни учирди. Натижада, ноябр ойининг ўрталарига келиб, энергия тизимининг деярли ярми ўчирилиб, Украина аҳолиси ёруғлик ва иссиқликсиз қолди. 2023 йил июн ойи ҳолатига кўра, Киев иқтисодиёт мактаби мамлакат энергетика тизимига етказилган умумий зарарни 8,8 миллиард долларга баҳолаган. 

Аввалроқ Украина Хавфсизлик хизмати Кобилашнинг Украина фуқаролик объектларини ўққа тутишда иштирок этганига оид далиллар тўплаганини даъво қилган эди. Украина терговига кўра, Кобилаш «Россия олий ҳарбий-сиёсий раҳбариятининг Украина шаҳарларини вайрон қилиш бўйича кўрсатмаларига амал қилган ҳолда» Украина ҳудудидаги турар-жой бинолари, шифохоналар ва муҳим инфратузилма объектларига оммавий ракета ҳужумлари учун буйруқ берган. 

2023 йил сентябрида Украина махсус операция кучлари Виктор Соколов Севастополдаги Россия Қора денгиз флоти штаб-квартирасига ракета ҳужуми оқибатида ҳалок бўлганини даъво қилган эди. Бир неча кундан кейин Россия Мудофаа вазирлиги фото ва видеоларни эълон қилди, унда Соколов вазирлик ҳайъати йиғилишида иштирок этганини кўриш мумкин эди. 

2023 йил март ойида Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди Россия президенти Владимир Путинни ҳибсга олишга ордер берди. У ва болалар ҳуқуқлари бўйича комиссар Мария Лвова-Белова Украинанинг босиб олинган ҳудудларидан болаларни Россияга ноқонуний равишда депортация қилишда гумон қилинмоқда.

Мавзуга оид