Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ХЖС Лукашенко танқидчиларининг Беларусдан чиқариб юборилишини тергов қилмоқда
Халқаро жиноий суд 2020 йилги президент сайловларидан кейин Беларус ҳокимияти томонидан инсониятга қарши жиноятлар содир этилган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги гумонлар юзасидан расмий тергов ўтказиш зарур, деган хулосага келди.
Фото: Nicolas Economou/NurPhoto/IMAGO
Ҳаагадаги Халқаро жиноий суд (ХЖС) прокуратураси Беларусга нисбатан ушбу мамлакат раҳбари Александр Лукашенко ва унинг режими танқидчиларини депортация қилишда гумон қилиниб, расмий тергов бошлади. ХЖС 12 март, пайшанба куни билдиришича, батафсил дастлабки текширувдан сўнг Минск ҳокимияти инсониятга қарши жиноятлар содир этган бўлиши мумкинлиги ҳақида асосли гумонлар мавжуд.
2020 йилдан буён сиёсий мухолифларни мамлакатдан куч билан чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилган ҳукуматнинг юқори лавозимли аъзолари гумон остига тушди. Ҳужжатда қайд этилишича, “айблов томони тахмин қилинаётган жиноятлар ҳокимиятнинг энг юқори поғоналари томонидан рағбатлантирилган ёки маъқулланган, деган хулосага келди”. Прокуратура маълумотига кўра, беларус режими танқидчилари Литвага чиқариб юборилган.
Тергов 2024 йил 30 сентябрдан Литванинг сўровига биноан олиб борилган. Беларусдан фарқли ўлароқ, Литва ХЖС аъзоси ҳисобланади. Агар тахмин қилинаётган қонунбузарликлар камида битта иштирокчи давлатга дахл қилса ёки бу масала БМТ Хавфсизлик кенгаши қарорига оид бўлса, Халқаро жиноий суд тергов ўтказиш ҳуқуқига эга.
ХЖС прокуратураси тахмин қилинаётган жиноятлар трансчегаравий хусусиятга эга бўлганини ва қисман Литва ҳудудида содир этилганини аниқлади, шу сабабли улар Ҳаагадаги суд юрисдикциясига киради. Тергов якунларига кўра, етарли асосли гумонлар мавжуд бўлса, ҳибсга олиш ордерлари берилиши мумкин.
2020 йил август ойидаги президент сайловларидан сўнг Беларусда уларнинг натижалари сохталаштирилганига қарши кенг кўламли намойишлар бошланди. Александр Лукашенко ўзини сайлов ғолиби деб эълон қилди, сайловолди кампаниясининг бошқа иштирокчилари эса озодликдан маҳрум этилди ёки мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди. Ўн минглаб одамлар қўлга олинди, минглаб кишилар ҳукм қилиниб, ҳозир ҳам қамоқда сақланмоқда. Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, 500 мингдан 600 минг нафаргача одам Беларусни мажбуран тарк этган.
Мавзуга оид
17:51 / 09.03.2026
Лукашенко Беларус ўзбекистонлик мигрантлардан мамнун эканини айтди
09:21 / 07.03.2026
Литва Европадаги посилкалар портлаши иши бўйича беш кишини айблади
14:52 / 28.02.2026
Немцовнинг ўлдирилганига 11 йил: ЕИ жиноят ҳақида эслатди
13:03 / 05.02.2026