АҚШ давлат котиби ўринбосари Виктория Нуланд истеъфога чиқмоқда
АҚШ Давлат департаменти учинчи мартабали дипломат Виктория Нуланд ой охирида ўз лавозимини тарк этишини маълум қилди.
Профессионал дипломат ҳисобланган Нуланд Обама маъмурияти даврида давлат котибининг Европа масалалари бўйича ёрдамчиси бўлиб ишлаган, Доналд Трамп 2016 йилги сайловларда ғалаба қозониб, 2017 йил январида лавозимга киришгач, ишдан кетган ва тўрт йил ўтиб Байден маъмуриятида давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ёрдамчиси лавозимига қайтганди.
У Венди Шерман истеъфога чиққанидан кейин унинг ўрнига давлат котиби ўринбосари вазифасини ҳам бажариб турганди — аммо якунда Жо Байден бу лавозимга бошқа одам топди.
Нуланд 1990-йилларда АҚШнинг Москвадаги элчихонасида ишлаган, кейин АҚШнинг НАТОдаги элчиси бўлган, кейин эса — Барак Обаманинг биринчи муддатида Давлат департаменти матбуот котиби бўлиб ишлаган.
Давлат департаменти матбуот котиби бўлганида, кейин давлат котибининг Европа масалалари бўйича ёрдамчиси сифатида ишлаганида Нуланд, айниқса 2014 йилда Россия Қримни аннексия қилганидан кейин Украинани қизғинлик билан қўллаши туфайли кўп марта Россия раҳбариятининг қаттиқ жаҳлини чиқарган.
Собиқ давлат котиби Жон Керрининг хотирлашича, Нуланд Европа бўлимига раҳбарлик қилиш учун матбуот котиби лавозимини тарк этганида, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров уни «ушбу аёлдан қутулгани» билан табриклаган. Керрининг сўзларига кўра, у Лавровга ундан қутулмагани, балки «лавозимини кўтаргани»ни айтиб жавоб берган.
Ҳозирги давлат котиби Энтони Блинкен Нуландни ўттиз йилдан ортиқ вақт давомидаги фаолияти учун мақтаган ва унга олти президент ҳамда 10 нафар давлат котиби даврида АҚШнинг бутун дунё бўйлаб сиёсатини шакллантиришдаги роли учун миннатдорчилик билдирган.
«Унинг саъй-ҳаракатлари Путиннинг Украинага кенг кўламли бостириб киришига қарши туриш, унинг стратегик муваффақиятсизликка учрашини таъминлаш учун глобал коалиция тузиш ва Украинага демократик, иқтисодий ва ҳарбий жиҳатдан оёққа туришига ёрдам беришда беқиёс бўлди», — дейилади Блинкеннинг баёнотида.
Россияда Нуланд «Давлат департаменти печенелари» билан ёдда қолган — 2013 йил Киевдаги Майдан воқеалари вақтида у АҚШнинг Украинадаги элчиси Жеффри Пайетт билан бирга намойишчиларнинг палаталар шаҳарчасига ташриф буюриб, уларга элчи томонидан келтирилган пакетлардаги бутербродлар ва булочкаларни тарқатишган.
Россия нашрлари хабарларида бу маҳсулотлар «печене»га ўзгаради, бу сўз кейин Россия медиасида намойишларнинг АҚШ томонидан қўлланишини ифодалаш учун ишлатила бошланади.
Давлат департаменти баёнотида Нуланднинг истеъфоси сабаби келтирилмаган.
Унинг ўрнига бошқа профессионал дипломат, Афғонистондаги собиқ элчи, Америка қўшинларининг мамлакатдан олиб чиқилишига раҳбарлик қилган Жон Басс вақтинча давлат котиби ўринбосари лавозимини эгаллайди.
Мавзуга оид
21:00 / 12.11.2024
Россияда мигрантлар учун уй-жой ижараси қоидалари кучайтирилади
18:09 / 12.11.2024
Полша Бош штаби бошлиғи Россия билан урушга тайёргарлик кўришга чақирди
16:07 / 12.11.2024
Greenpeace: НАТО ҳарбий жиҳатдан Россиядан сезиларли даражада устундир
14:14 / 12.11.2024