Жаҳон | 20:51 / 07.03.2024
11620
7 дақиқада ўқилади

Қизил денгизда интернет кабелларининг узилиши: бу техник масалами ё сиёсий?

Тор ва серқатнов денгизда алоқа симларининг узилиши турли сабаблар туфайли аввал ҳам кўп марта рўй берган. Яқин Шарқдаги ҳозирги вазият фонида бу сафарги воқеа шов-шувга сабаб бўляпти, дейди сиёсий таҳлилчи Фарҳод Каримов. Унинг сўзларига кўра, Ямандаги исёнчиларда бу кабелларнинг жойлашуви ҳақида маълумотлар ва денгиз остига тушиб уларни узиш учун имкониятлар бор бўлиши эҳтимоли кам.

Бугунги кунда глобал интернет ва алоқа тизимларининг асосий қисми денгизости кабел тармоқлари орқали таъминланади. Сўнгги вақтларда сувости кабеллар тармоғининг муҳим бўғинларидан бири – Қизил денгизда алоқа инфратузилмасига зарар етгани дунё бўйлаб кўплаб муҳокамаларга сабаб бўляпти. Сабаби ҳодиса асоратлари нафақат минтақавий миқёсда, балки жаҳон бўйича сезилди: айрим глобал тармоқлар ишида вақтинча узилиш кузатилди.

Kun.uz мухбири бу борадаги саволларга жавоб олиш учун “Геосиёсат” дастурига Яқин Шарқ масалалари бўйича эксперт Фарҳод Каримовни таклиф этди.

— Қизил денгизда алоқа кабелининг узилиши қайси давлатлараро савдо ва коммуникацияларни энг кўп таъсирлантирди?

— Бу ҳудуддан ўтувчи алоқа инфраструктураси Осиё ва Европани боғловчи бўлиб хизмат қилади. Европа ва Осиё интернет алоқалари, техник алоқаларнинг 90 фоизи шу ердан ўтади, шу сабаб фойдаланувчиларнинг барчаси зарар кўриши мумкин.

Бу алоқа кабеллари бу даражада муҳим бўлса-да, ҳимоя қилиш даражаси у қадар юқори эмас. Бундай узилишлар тарихда ҳам кўп бўлган. Бу сафар муҳим бўлган 15 та кабелдан 4 таси (Осиё ва Африка ўртасидаги) узилган, натижада 25 фоиз алоқа йўқолди дейилди.

2013 йилда Қизил денгиздан Миср орқали ўтиб Ўртаер денгизига ўтадиган жойда ҳам кабел узилишлари бўлган, бунга кемалар қатнови, уларнинг лангар ташлаши ва техник носозликлар сабаб бўлган. Мана шундай ҳолатларда алоқалар узилиб қолмаслиги учун алтернатив захира кабеллари ҳам бор. 2013 йилдан 2023 йилгача 100 дан ортиқ бундай техник носозликлар, узилишлар бўлган. Бугунги Яқин Шарқдаги вазият фонида мазкур ҳолат бошқача таҳлил этиляпти, аслини олганда, тарихда бундай ҳолатлар кўп бўлган.

Бу кабеллардан асосий фойдаланувчилар – Ҳиндистон, Ҳонгконг, Форс кўрфази араб давлатлари, Ироқ, Эрон каби давлатлар. Айни шу кабеллар алоқа воситаларини бутун дунё билан боғлайди. Энг кўп зарар кўрган давлатлар – Ироқ, Эрон, Ҳиндистон, Ҳонгконг. Бундан ташқари, Африканинг ҳам бир қанча давлатлари зарар кўрди, масалан, Жибутида интернет ўчиб қолган, 90 фоиз алоқа воситалари тармоқдан узилган.

Бундай узилиш пайтида бир неча сония ичида тармоқлар бошқа алтернатив кабелларга уланади ва у қадар кескин узилишлар бўлмайди. Алтернативи бўлмаган давлатлар, хусусан, Ироқ ва Эрон кўпроқ зарар кўрди.

— Қизил денгиз жанубидаги узилган кабелларни улаш учун сувости таъмирлаш ишларига рухсат олиш жараёни нега шунчалик мураккаб ва узоқ муддат талаб қилади?

— Бу Қизил денгиздаги вазият ва кемалар қатнови билан боғлиқ. Чунки бу жойда кемалар жуда серқатнов ва тор жой. Таъмирлаш ишлари сабаб кемалар маршрути ўзгариши мумкин, бу нарсаларни келишиб, тартибга солгунча анча вақт ўтади.

Иккинчи сабаб ҳам бор: кабеллар узилган жой Яман ҳусийлари назоратидаги ҳудудларга тўғри келади. Санодаги хусийлар ҳукуматини эса дунё тан олмаган, улар халқаро ҳужжатларни бажармаса ҳам, ҳеч қандай жавобгарликка торта олишмайди. Бугунги ҳусийларнинг Исроилга, Ғарбга бўлган муносабати сабаб ишлар бирмунча қийинлашади. Ҳусийлар таъмирлаш ишларини улар билан келишган ҳолда қилиш кераклигини талаб қиляпти. Таъмирлашни Исроилни қўллаётган давлатлар компаниялари амалга оширади, ҳусийлар эса улар билан келишиши жуда қийин. Бу вазиятда ҳусийлар билан келиша оладиган бошқа компанияларни топиш керак бўлади.

Учинчи томон ҳам бор. Таъмирлаш ишлари учун компанияларга кабеллар ўтган хариталар берилади. Давлатлар эса бу хариталар ҳусийларга маълум бўлиб қолишидан қўрқади. Шу жараёнларни тартибга солиш учун камида бир ой керак.

— Бу иш бўйича тергов ҳаракатлари ўтказилиши мумкинми?

— Йўқ, бундай бўлиши қийин. Чунки юқорида айтганимдек, бундай ҳолатлар 100 дан ортиқ бўлган. Бу вазиятда кўпчилик ҳусийларга қараётганига сабаб – ҳозир тўқнашувлар, ракета зарбалари бўляпти, ҳам бу ерлар ҳусийлар назоратидаги ерлар. Бундан ташқари, яқинда ҳусийлар кабелларнинг умумий харитасини эълон қилди ва шу орқали таҳдид қилганди. Бу аниқ координатали харита бўлмаса-да, шу баёноти туфайли ҳусийларга айб қўйиляпти. Лекин хизмат кўрсатувчи компаниялар хусийларда бунақа технология йўқ, кемалар лангарни узиб юборган бўлиши мумкин, деган фикрни айтишяпти. Лекин Ғарб ва бошқа давлатларга ҳусийларни айблаш учун бир восита бўлди бу ҳам.

— Бу жараёнлар Исроил ва уни қўллаётган давлатлар учун босим сифатида ишлаши мумкинми?

— Агар ростдан ҳам бу ишни ҳусийлар қилган бўлиб, бу исботланса, катта пул айланмаларини амалга оширадиган корпорациялар ўз ҳукуматларига қайсидир маънода босим қилишлари мумкин. Лекин бу узилишларни ҳусийлар қилганини исботлаб беришолмаса, босим қилишолмайди. Лекин умумий ҳолатга қарасак, бунақанги муаммолар Қизил денгизда бўляпти фақат, бу ерда эса ҳусийлар бор. Юк ташувчи компаниялар, суғурта компаниялари, алоқа компаниялари катта зарарлар кўряпти ва улар қайсидир маънода АҚШ ва Исроилга босим қилишади, кўп давом этиши мумкин эмас бундай ҳолатлар.

Умуман, Қизил денгиздаги ҳар қандай муаммолар минтақадаги ва Ғазодаги муаммоларга боғланаверади. Илгари симлар узилиши билан боғлиқ 100 дан ортиқ ҳолатлар бўлган бўлса ҳам, улар Исроил–Фаластин муаммосига боғланмаган. Бугунги вазият фонида бундай воқеликлар шу конфликтга боғланяпти ва геосиёсий ахборот майдонида шов-шувга сабаб бўляпти. Бундан кейин ҳам шу каби ҳолатлар минтақадаги вазиятга боғланаверади, умуман алоқаси бўлмаса ҳам. Шунинг учун тезроқ минтақадаги можарони ва сиёсий босимни бартараф этиш керак.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид