Жаҳон | 14:20 / 08.03.2024
10855
2 дақиқада ўқилади

Россияда дрон иккинчи энг йирик пўлат комбинатига ҳужум қилди

Портлаш комбинат печи ҳудудида содир бўлган. Жабрланганлар йўқ, дея хабар беради Вологда вилояти губернатори вазифасини вақтинча бажарувчи. 

Фото: AP

7 март, пайшанба куни эрталаб Череповецдаги «Северстал» металлургия комбинатига учувчисиз учиш аппарати ҳужум қилди. Бу ҳақда биринчи бўлиб маҳаллий «Череповецкая истина» нашри хабар берди, «воқеа» ҳақидаги маълумотни кейинроқ Вологда вилояти губернатори вазифасини вақтинча бажарувчи Георгий Филимонов тасдиқлади

Филимоновнинг сўзларига кўра, «келиб чиқиши номаълум» учувчисиз учоқ «Северстал» корхонасининг печига урилган. «Ҳодиса жойида тезкор-қидирув хизматлари ишламоқда. Эрталаб соат 05:40 дан буён вазиятни назоратда ушлаб, тергов органларининг хулосасини кутмоқдамиз», — деб ёзади губернатор вазифасини бажарувчи. Филимонов, шунингдек, ҳодиса натижасида қурбонлар бўлмагани, дрон урилган печнинг ишлаши тўхтамаганини таъкидлади. Шу билан бирга, «Череповецкая истина» нашри печ «портлаган» деб хабар беради. 

Череповетс металлургия комбинати - Россияда иккинчи йирик пўлат ишлаб чиқариш корхонаси. У Алексей Мордашовга тегишли «Северстал» компаниясига қарашли. Украинада уруш бошланганидан кейин Мордашов Европа Иттифоқи ва АҚШ санкциялари остида қолган.

УУА Россиядаги саноат объектларига ҳужум қилмоқда 

Россия ҳарбийларининг Украинага ҳужуми бошланганидан бери турли РФ объектларига учувчисиз учоқлар томонидан ҳужумлар содир бўлмоқда. Шу тариқа, бир кун аввал, 6 март куни Курск яқинидаги кон-қайта ишлаш комбинатига иккита дрон ҳужум қилган, феврал ойи охирида эса УУА ҳужуми Липецкдаги пўлат заводида ёнғинга сабаб бўлган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш