Уруш — ёмон. Унда одамлар ҳалок бўлади, шаҳар-қишлоқлар вайронага айланади. Урушда бир томон босқинга учрайди. Иккинчи томон босқинчилик учун келажакда тавқи лаънат остида қолади. Японлар 1930-1940 йилларда қилган босқинчиликлар ва ноинсоний ишлари учун ана шундай тавқи лаънатга қолган.

ХХ асрнинг 30 йилларида дунёдаги энг қудратли давлатларнинг бири бўлган Япония армияси шафқатсизликда донг чиқарганди. Японлар ўзлари эгаллаб олган ҳудудларни жуда қаттиққўллик билан бошқарган ва қарши чиққанларни аяб ўтирмаган.

Бундан ташқари, японлар босиб олган мамлакатларда махсус масканлар ташкил этиб, у ерда аёлларни жинсий қулликда сақлаган.

Урушдан кейин ўтказилган суриштирувларда, турли тадқиқотларда японлар 1932 йилдан 1945 йилгача 360-410 минг атрофидаги аёлни жинсий қулликда сақлагани маълум бўлган.

Жинсий қулликда сақланган аёллар турли миллат вакиллари, жумладан японлар, хитойликлар, корейслар, филиппинликлар ва бошқалар бўлган.

Хўш, японлар нега аёлларни жинсий қулликда сақлаган ва бу иш қачондан бошланган? Қуйида японлар учун ўтмишнинг исноди ва қора доғи ҳисобланадиган бу иш ҳақида ҳикоя қиламиз.

Тасалли берувчи аёллар”

Барчаси 1932 йилда Хитойни бошқариб турган Япония армияси генерал-лейтенанти Ясудза Окамуранинг қўлига япон ҳарбийлари томонидан зўрланган хитойлик аёллар ҳақидаги ҳисоботлар келиб тушганидан бошланади.

Шундан сўнг генерал Токиога, бош қўмондонликка мурожаат қилади ва япон аскарларининг маҳаллий аёлларни зўрлаши оқибатида аҳолида Япония армиясига нисбатан кучли нафрат уйғонаётганини маълум қилади.

Шунингдек, генерал япон аскарлари маҳаллий аёллар билан жинсий муносабатда бўлиб, турли касалликлар юқтираётганини ва бу армия жанговар руҳига акс таъсир этаётганини таъкидлайди.

Ўз навбатида Ясудза Окамура бош қўмондонликдан муаммони ҳал қилиш учун Япония босиб олган ҳудудларда ҳарбийлар учун махсус масканлар ташкил этиш учун рухсат сўрайди.