Жаҳон | 10:34 / 09.03.2024
8401
3 дақиқада ўқилади

ОАВ: Россия раҳбарияти Навалнийнинг ўлими кунида унинг алмашинувини муҳокама қилган

«Агентство» манбаларига кўра, Россия раҳбарияти мухолифатчи сиёсатчининг ўлимидан бир неча соат олдин бизнесмен Роман Абрамович билан учрашув чоғида Навалний алмашинувига оғзаки розилик берган.

Фото: РИА Новости

Россия президенти Харпдаги ИК-3да мухолифатчи ўлимидан бир неча соат олдин Алексей Навалнийнинг алмашинувини муҳокама қилган. Бу ҳақда 8 март, жума куни номи ошкор этилмаган манбаларга таяниб, «Агентство» интернет нашри хабар берди

«Агентство» икки суҳбатдошига кўра, Алексей Навалнийнинг ўлими ҳақидаги расмий хабарлар пайдо бўлишидан тахминан тўрт соат олдин, у бизнесмен Роман Абрамович билан шахсий учрашув ўтказган ва унда мухолифатчи сиёсатчини алмаштиришга оғзаки розилигини билдирган. 

Суриштирувлар билан шуғулланувчи журналист Христо Грозев розилик тасодифий эмаслигига амин. «Менимча, бу режаларни яшириш ёки музокараларни деярли якунлаш учун қилинган стратегик ҳаракат эди. Улар Германия принципиал равишда Вадим Красиковдан воз кечишга рози бўлганлиги сабабли, Навалний йўқлигида уни унчалик аҳамиятли бўлмаган маҳбусга алмаштиришга рози бўлади, деб ўйлаган», - дейди журналист.

Алексей Навалнийни алмашиш бўйича музокаралар

«Агентство» манбаларига кўра, Навалнийнинг алмашинуви бўйича музокаралар жараёни 2023 йил баҳоридан бери давом этган. Тахминларга кўра, музокаралар давомида Россия томони Ғарбга нафақат Алексей Навалний, балки The Wall Street Journal журналисти Эван Гершкович, шунингдек, истеъфодаги америкалик денгиз пиёда аскари Пол Уиланни ҳам топширишга тайёрлигини маълум қилган.

Бунга жавобан Ғарб 2019 йилда чеченистонлик собиқ дала қўмондони Зелимхон Ханқошвилини ўлдирганликда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган ФСБ зобити Вадим Красиковни Москвага экстрадиция қилиши керак эди. Музокаралар давомида Красиковдан ташқари «М13» компанияси асосчиси, АҚШда Америка компаниялари компютер тармоқларини бузиш ва инсайдерлик савдосида айбдор деб топилган Владислав Клюшин ҳам тилга олинган бўлиши мумкин. 

Навалнийнинг алмашинуви ҳақида биринчи хабарлар 

Ямал-Ненец автоном округи бўйича федерал жазони ижро этиш хизмати 16 феврал куни тушдан кейин Алексей Навалнийнинг Харпдаги колонияда вафот этгани ҳақида хабар берди. Унинг ўлими ҳақидаги хулосада айтилишича, сиёсатчи табиий сабабларга кўра вафот этган. Сиёсатчининг тарафдорлари унинг ўлдирилганига ишоняпти. 

Мухолифатчининг ўлими ҳақидаги хабардан кўп ўтмай, Германиянинг Bild таблоид газетаси Россия, АҚШ ва Германия гўё Навалнийни Красиковга алмаштириш бўйича музокаралар олиб боргани ҳақида хабар берди. 

Кейинроқ Навалнийнинг иттифоқчиси Мария Певчих алмашинув музокаралари ҳақида гапирди. Унинг таъкидлашича, Навалний ва исм-шарифи айтилмаган икки АҚШ фуқароси Вадим Красиковга алмаштирилиши режалаштирилган. Унинг сўзларига кўра, музокаралар «якуний босқичда» эди. 

Мавзуга оид