Давлат солиқ қўмитаси Ўзбекистонда йўловчи ташиш хизматларидан 3 ойда бюджетга қанча тушум бўлганини маълум қилди.

Қўмитага кўра, нақд ва нақдсиз ҳисоб-китобларда тўловларни фискаллаштириш бўйича ҳамкорликда олиб борилган ишлар натижасида декабр-феврал ойларида бюджетга 9,7 млрд сўм солиқлар тўланган.

Солиқ қўмитаси бу соҳани легаллаштириш ишлари фаол давом этаётганини таъкидларкан, расмий иш билан банд бўлмаган шахслар фаолиятларини қонунийлаштирган ҳолда ушбу бозордаги айланмалар ҳисобини юритиш бўйича бошланган ишлар йил сўнгига бориб ўзининг илк самарасини берганини маълум қилган.

“Биринчидан, бозорнинг энг катта иштирокчилари солиқ тизимлари билан интеграция қилиниб, такси хизматлари учун фискал чек бериляпти.

Иккинчидан, йўловчи ташиш хизмати билан шуғулланувчи ўзини ўзи банд қилган фуқароларнинг расмий даромад манбаи шаклланиб, иқтисодий ҳаракатларда даромад тўғрисидаги маълумотлар (меҳнат стажи, ипотека, истеъмол кредитлари, товарларни бўлиб тўлаш) ҳисобга олина бошланди”, дейилади расмий хабарда.

Маълум қилинишича, 2023 йил декабр ойида онлайн-такси агрегаторлари орқали 4,4 млн ташувлар амалга оширилган. Жорий йил январ ойида қатновлар сони 5 млнга етган. Ташиш хизматлари 113,5 минг нафар ўзини ўзи банд қилган ҳайдовчи томонидан кўрсатилган.

Бу рақамлар янада ўсишда давом этяпти ва 1 март ҳолатига жами кўрсатилган такси хизматлари сони 18,3 млндан ошди. Шундан 8,9 миллиони феврал ойига тўғри келади. Энг юқори айланмага эга шахслар сони 8 446 та бўлиб, битта ҳайдовчига ўртача 8,5 млн сўмдан тўғри келган, дейилади қўмита ахборотида.

Солиқ органи бу йўналишда ечимини кутаётган ва охирига етказилиши керак бўлган яна бир қатор масалалар борлигини қўшимча қилган.

Аввалроқ Yandex Go хизмати Солиқ қўмитасининг талаби билан Ўзбекистон резидентига айланиб, қонунчиликда белгиланган барча солиқларни тўлай бошлагани, шу билан бир пайтда ҳайдовчилардан оладиган хизмат комиссиясини оширгани хабар қилинган эди. Солиқ қўмитаси ушбу компания 1-6 декабр оралиғида 13,5 млрд сўмлик 800 483 та чек шакллантирганини маълум қилганди. Бу пайтда Yandex Go фақат карта орқали тўловлар учун чек берарди. Феврал ойидан бошлаб компания Yandex Go такси учун нақд пулда тўлов қилган йўловчиларга ҳам электрон фискал чеклар берила бошланди