Жаҳон | 17:27 / 15.03.2024
25054
10 дақиқада ўқилади

Россияда уч кунлик сайлов. Жараён ҳақида асосий маълумотлар

Россия президентлик сайловида овоз бериш старт олди. 15 март тонгида аввалига шарқий регионларда, кейин бутун мамлакат бўйлаб овоз бериш участкалари очилди. Овоз бериш уч кун давом этади, регионларнинг учдан бир қисмида электрон овоз бериш ҳам мумкин. Сайлов якунларига кўра Владимир Путин бешинчи бор президентликка сайланишига шубҳа йўқ. BBC сайловолди кампанияси қандай кечгани ва сайлов жараёни ҳақидаги асосий маълумотларни келтирди.

Фото: Анна Юрьева / AFP / Scanpix / LETA

Путинда — уч нафар «рақиб» бор. Уларнинг ҳеч бирида ғалаба учун имконият йўқ

Бу сайловларда амалдаги президент Путин билан рақобатлашишга фақат уч нафар спарринг-ҳамкорларга рухсат берилди. Булар КПРФ (Коммунистик партия) депутати Николай Харитонов, ЛДПР (либерал-демократлар партияси) раҳбари Леонид Слуцкий ва «Янги одамлар» ҳаракати вакили, Дума спикери ўринбосари Владислав Даванков. Улардан ҳеч қайсиси Украинадаги урушни қораламайди ва Путинни тўғридан тўғри танқид қилмайди.

Мустақил номзодлар сайловда иштирок этишига йўл қўйилмад — Марказий сайлов комиссияси рўйхатга олиш жараёнида Ржевдан бўлган журналист Екатерина Дунцовага ҳам, «Фуқаролик ташаббуси» партиясидан номзодини илгари сурган сиёсатчи Борис Надеждинга ҳам рад жавобини берди. Уларнинг иккиси ҳам Украинага босқинни қоралаган ва ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирганди.

Сезиларли кампания олиб борган (шу билан бирга, буни ўз номи билан атамасдан) ягона номзод Владимир Путиннинг ўзи бўлди. Бу сайловлар унинг учун бешинчисидир. 2020 йилда Давлат думаси орқали мамлакат Конституцияси қайтадан ёзилгани ва президентлик муддатлари «ноллаштирилгани» туфайли у яна давлат раҳбарлиги учун сайланиш ҳуқуқига эга бўлди.

Феврал ва март ойларида Путин мамлакат бўйлаб сафарлар қилди, ҳарбийлар, ишчилар, олимлар, аграр соҳа вакиллари ҳамда ёшлар билан учрашувлар ўтказди. «Сайловлар» сўзи тилган олинмаган ва сайлов участкаларига боришга чақириқлар янграмаган бўлса-да, амалда булар сайловолди тадбирлари эди.

Қолган номзодлар эса ўзига эътибор жалб этмасликка ҳаракат қилди. Овоз беришдаги ягона интрига — улардан қайси бири қандай натижа билан иккинчи ўринни олишида.

Сайловчилар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи «Голос» ҳаракати сайловлар арафасида чиқарган ҳисоботда бу сафарги кампания Россия тарихидаги барча сайловлардаги «энг мазмунсизи» деб баҳоланган. «Голос» экспертлари келган хулосага кўра, сайловларга на федерал, на ҳудудий нашрлар қизиқиш билдирган. Номзодлар эса «президентлик лавозими ва сайловчилар овози учун курашиш истагини кўрсатишга ҳам уринмаган».

Ҳатто Путиннинг ўзининг кампанияси ҳам аввалгилари каби ёрқин бўлмади, дея қайд этади «Голос»: «Моҳиятан, фуқаролар сайлов ўтказилиши фактини сезмаслиги учун барча иш қилинмоқда. Асосий эътибор — ҳокимиятга садоқтига шубҳа бўлмаган назорат остидаги сайловчиларни маъмурий йўл билан жалб этишга қаратилган».

Ҳукумат, одатдаги каби бюджет ишчиларини сафарбар этган. Асосий мақсад — давоматни ошириш

«Медуза»нинг ёзишича, Кремлнинг бу сайловлардаги мақсади — сайловчиларнинг 70-80 фоизи қатнашишига эришиш. Президент маъмурияти режасига кўра, шундан тахминан 80 фоизи Владимир Путинга овоз бериши керак.

Кремл бундай давомат ва натижага эришиш учун анъанавий усулларга қўл урган — бюджет ходимларини овоз беришга жалб этиш. 

Ушбу президентлик кампаниясидаги асосий янгилик — масофадан овоз бериш имконияти. 29 регионда — яъни Россиянинг учдан бир қисмида — президентлик сайловларида илк бор электрон овоз бериш (ДЭГ) қўлланмоқда. BBC маълумотига кўра, бу ҳудудларда маъмурий ресурслар одамларни айнан электрон овоз беришга мажбурлашда фойдаланилди — овоз беришнинг илк куни, 15 мартданоқ.

Кўпчиликдан тизимни синовдан ўтказишда иштирок этиш сўралган. Бюджет ходимларидан бир қисми иш вақтида сайловда масофадан иштирок этиш учун рўйхатдан ўтгани ҳақидаги скриншотларни юбориши талаб қилинган.

Ҳафта бошида МСК 4,5 миллион киши электрон овоз беришда иштирок этиш учун ариза топширганини хабар қилганди. Бу Москвадаги сайловчиларни ўз ичига олмайди, пойтахтда масофадан овоз бериш учун алоҳида ариза юборилиши шарт эмас.

Электрон овоз бериш жараёни мустақил кузатувчиларда саволлар туғдирган — чунки бу ҳолатда натижаларни назорат қилиш амалда имконсиз. 2021 йилда дума учун сайловларда айнан электрон овоз бериш натижалари Москвада бир мандатли округлардаги вазиятни тубдан ўзгартириб юбориб, ҳукумат тарафдори бўлган номзодлар ғалабасини таъминлаганди.

Давоматни ошириш учун расмийлар нафақат овоз беришга мажбурлаш, балки бошқа услублардан ҳам фойдаланмоқда. Москвадаги ва регионлардаги сайловчиларга овоз бериш участкаларига келганлик учун одатга кўра совғалар ваъда қилинган. Пойтахтда масофадан иштирок учун дўконлар ва ресторанлар учун промокодлар ваъда қилинган. Марий Элда сайлов участкасида тушилган оилавий фото учун Ozon учун совға сертификатлар ўйналади. Свердловск областида қимматлироқ совғалар ўйналмоқда — масалан, смартфонлар ва машиналар.

Сайловлар олдидан ижтимоий тармоқларда одамлар сайловларга боришга чақирилган анъанавий «вирус роликлар» тарқалди, гарчи 2018 йилги президентлик кампаниясидаги каби кўламда бўлмаса ҳам.

Бу сайловлардаги алоҳида сюжет — оккупация қилинган ҳудудлардаги овоз бериш бўлмоқда

AFP / Scanpix / LETA

2024 йилда Россия президенти учун илк бор Украинанинг қисман босиб олинган тўрт региони — Запорижжя, Херсон, Донецк ва Луҳанск областларида ҳам овоз берилмоқда (аннексия қилинган Қримда 2018 йилда ҳам президентлик сайловлари ўтказилганди).

Бу регионларда ҳам аҳоли фаоллик билан сайловларда қатнашишга мажбурланди — овоз бериш жараёни сайловчилар яшовчи ҳудудлардаги ҳарбий ҳолат шароитига мослаштирилган.

Аннексия қилинган ҳудудларда овоз бериш жараёни муддатидан илгари бошланганди. Регионларда сайлов участкалари фаолият кўрсатмоқда, аммо расмийлар аҳолини уйда туриб овоз беришга чақирган. Натижада қуролланган кишилар ҳамроҳлигидаги комиссия аъзолари сайлов қутиларини кўтарган ҳолда уйма-уй юришди.

Бу ҳудудларда яшовчилар исталган ҳужжат билан, ҳатто украин паспортлари билан ҳам овоз бериши мумкин.

Бу сўнгги вақтларда оккупация қилинган ҳудудлардаги иккинчи кампаниядир — 2023 йил сентябрида бу ҳудудларда маҳаллий сайловлар ҳам ўтказилганди. Ғарб мамлакатлари бир неча бор Россия ҳарбий тажовуз билан эгаллаб олган ҳудудларда ҳар қандай сайлов ўтказилишини қоралаб чиққан. Евроиттифоқ буни халқаро ҳуқуқ ва Украина суверенитети бузилиши деб баҳолаган.

Мухолифат 17 март куни тушда акция ўтказишга тайёрламоқда

Тизимли бўлмаган рус мухолифатининг аксарият вакиллари ҳозирги кампания вақтида ёки қамоқда ёки хорижга кетишга мажбур бўлган. Сўнгги ойларда улар натижаларига шубҳа бўлмаган сайловда қандай ҳаракатланиш кераклигини қизғин муҳокама қилишди.

Феврал ойида қамоқхонада вафот этган Алексей Навалнийнинг жамоаси ҳам ўз вариантини таклиф қилган. Бу мухолифатчиларнинг тарафдорлари 17 март куни соат 12:00 да «Путинга қарши чошгоҳ» акциясида иштирок этишини кўзда тутади.

Сиёсатчининг ўлими туфайли акциянинг моҳиятини унинг жамоаси вакиллари изоҳлашига тўғри келди. Улар сайловчиларга амалдаги президентдан бошқа исталган номзодга овоз бериш ёки бюллетенларни яроқсизга чиқаришни таклиф қилишган.

Москва прокуратураси аллақачон бу акцияда «экстремистик фаолият белгилари» борлигини маълум қилган.

Сайловлар бошланишидан бир кун олдин Навалний жамоаси сиёсатчининг мактуби билан ролик эълон қилди. Унда россияликларга «квант физикаси» ёрдамида ўз танловини амалга оширишга ёрдам берувчи ғоя ҳақида гап кетади. Якунда унинг тарафдорлари сайлов куни ҳар бир сайловчи учун тасодифий тарзда овоз бериш стратегиясини танлайдиган илова ишлаб чиқишди.

Таниқли мухолифатчиларнинг аксари акция ғоясини қўллаб-қувватлашди. Аммо улардан бири, сиёсатчи Максим Кац бир неча миллион кишилик аудиториясини муайян номзодга — «Янги одамлар» ҳаракатидан номзоди кўрсатилган Владислав Даванковга овоз беришга чақирди. Кац бу танловини Даванков Россия ва Украина урушида тинчлик тарафдори бўлган ягона номзод экани билан изоҳлаган. Даванков чиндан ҳам тинчлик ҳақида гапирган — лекин бундай тинчлик «Россия шартлари» асосида бўлиши кераклигини таъкидлаган. Қолаверса, у Думада уруш билан боғлиқ қонунларга — масалан, Украина ҳудудлари аннексияси тўғрисидаги қонунга овоз берган. Навалнийнинг тарафдорлари Кацни бу чиқиши учун танқид қилишди.

Овоз бериш бошланишидан бир неча кун олдин сиёсатчининг беваси Юлия Навалная Washington Post нашридаги колонкада дунё етакчилари Россияда март ойида бўлиб ўтаётган президентлик сайловлари натижасини тан олмасликка чақирди. У Владимир Путинга сиёсатчи эмас, балки «мафия бошлиғи» сифатида қараш кераклиги ва уни демократик йўл орқали сайланган сиёсатчилар билан бир қаторга қўймаслик кераклигини таъкидлади.

Россия мухолифати вакиллари ғарблик сиёсатчилар билан музокаралар олиб бормоқда ва камида бир неча давлат Россиядаги президентлик сайловлари қонунийлигини тан олмаслиги ҳақида расман эълон қилишига умид қилмоқда.

«Биз Ғарб ҳукуматлари ва парламентларининг сезиларли қисмини бўлажак сайловларнинг ноқонунийлигини тан олишга ишонтира оламиз, деб умид қиламиз. Ёки, ҳеч бўлмаганда қонунийликни тан олишингизни расман эълон қилманг. Ҳозирда бу борада жиддий илгарилаш ва жиддий ўзгаришлар кузатилмоқда», — дея қайд этган Ходорковский.

Европа кенгаши парламент ассамблеяси ўтган йил октябрида «Владимир Путиннинг амалдаги президентлик муддати якунланганидан кейин ноқонуний деб тан олиниши» ҳақидаги резолюцияни қабул қилганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид