Ўзбекистон | 13:02 / 19.03.2024
2776
2 дақиқада ўқилади

Элчихона Ҳиндистонда тазйиққа учраган хорижлик ёшлар орасида ўзбекистонлик талаба борлиги ҳақидаги маълумотни рад этди

Бугунги кунда Ҳиндистоннинг Гужарат университетида ўзбекистонлик ёшлар таҳсил олмаётгани аниқланди.

Фото: Дунё

Ўзбекистон ва хорижий ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларда Ҳиндистоннинг Гужарат университетида таълим олаётган хорижлик ёшлар маҳаллий номаълум гуруҳ аъзолари томонидан тазйиққа учрагани ва улар орасида ўзбекистонлик талаба ҳам борлиги ҳақида маълумотлар тарқатилган эди, деб хабар қилмоқда "Дунё".

Мамлакатнинг Деҳлидаги элчихонаси консуллик бўлими ушбу воқеа юзасидан тезкор суриштирув ишларини амалга оширди.

Дипломатия миссиясининг консуллик ҳисобида Гужарат университетида ўқиётган Ўзбекистон вакиллари йўқлиги маълум бўлди. Шунингдек, Ҳиндистондаги ўзбек талабалари ҳамжамияти аъзолари юқорида номи келтирилган олий билим юртида мамлакат вакиллари борлигини тасдиқламади.

Ҳиндистоннинг расмий идоралари билан олиб борилган мулоқотлар доирасида ҳам Гужарат университетида ўзбекистонлик ёшлар таҳсил олмаслиги аниқланди.

Мамлакатнинг Деҳлидаги элчихонаси ушбу воқеани ўрганиш муносабати билан Ҳиндистонда таълим олиш ёки бошқа мақсадлар билан узоқ муддат давомида бўлиб турган ватандошларимизга уларнинг дипломатия миссиясида консуллик ҳисобига туриши зарурлигини қатъият билан яна бир бор эслатиб ўтади.

Бу эса турли кутилмаган нохуш ҳолларга тушиб қолган фуқароларимизга тезкор ва самарали консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш учун имконият яратади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид