New York Times нашри Эроннинг собиқ президенти Маҳмуд Аҳмадинажод Исроил билан алоқаларга эгалиги ҳақида ёзиб чиқди. Сиёсатчининг идораси бу даъволарни рад этди. Kun.uz суҳбатлашган сиёсатшунослар бундай хабарлардан мақсад Эрон ичкарисида тарқоқлик келтириб чиқаришга уриниш бўлиши мумкинлигини айтмоқда, чунки Аҳмадинажод президентлиги даврида Исроилга қарши муросасиз риторикаси билан танилган эди.
New York Times ва Исроилдаги айрим нашрларидаги даъволарга кўра, Исроил разведкаси Моссад 2022 йилдан бошлаб Маҳмуд Аҳмадинажод билан алоқа ўрнатишга ҳаракат қилган. 2024-2025 йилларга келиб, Венгриянинг Будапешт шаҳрида яширин учрашувлар бўлиб ўтгани, ҳатто ўша пайтдаги Моссад раҳбари Давид Барнеа ҳам учрашувлардан бирида қатнашгани айтиляпти.
Хабарларда Исроил томони гўёки Аҳмадинажодни Эронда режим алмашган тақдирда янги ҳокимиятнинг юзи сифатида кўришни истагани, шунингдек, унинг сафарлари ва яшаш харажатларини Исроил томони қоплагани ҳақида ҳам даъволар келтирилган.
Аҳмадинажоднинг расмий идораси бу хабарларни қатъий рад этди ва уларни “тўлиқ ёлғон” деб атади.
Юқоридаги нашрлар Аҳмадинажод Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси томонидан уй қамоғига олингани ҳақида ҳам ёзмоқда.
“Провокация эҳтимолини соқит қилиб бўлмайди”
Камолиддин Раббимов, сиёсатшунос:
— Ўтган йил июн ойида ва жорий йил февралида Эронга йирик ҳужумлар уюштирилди. Феврал ойидаги ҳужумда Эроннинг олий раҳбари Али Хоминаий ҳамда сиёсий ва ҳарбий элитанинг муҳим вакиллари ҳалок бўлди. Шу воқеалар ортидан ахборот майдонида бир даъво фаол тарқатилди, гўёки барча юқори мартабали қўмондонлар йўқ қилинган, фақат “Ал-Қудс” кучлари қўмондони генерал Қосимий тирик қолган ва бу унинг кимларгадир хизмат қилаётганидан далолат эмиш. Бироқ кейинчалик Имом Хоминаийнинг дафн маросимида генерал Қосимий иштирок этди.
Эрон – мафкуравий давлат бўлиб, сиёсий элита ичидаги хиёнат масаласига кескин муносабат билдиради. Агар юқори лавозимли амалдорнинг хиёнати исботланса, унинг жавобгарликсиз қолиши деярли мумкин эмас. Генерал Қосимийга нисбатан илгари сурилган даъволар эса тасдиқланмади. Ўша пайтда бу мавзу асосан Америка ва Исроил ахборот майдонида фаол муҳокама қилинган эди.
Бугун Маҳмуд Аҳмадинажод ҳақида ҳам шунга ўхшаш даъволар илгари сурилмоқда. Бироқ Тошкентда туриб, ишончли далил ва фактларсиз у ёки бу хулосани чиқариш тўғри бўлмайди. Бундай масалаларда вазиятни кузатиш ва тасдиқланган маълумотларгагина таяниш лозим.






