Жаҳон | 10:49 / 26.03.2024
4123
3 дақиқада ўқилади

Хитой давлат идоралари маҳаллий дастурий таъминот ва чипларга ўтишга мажбур бўлади

Янги қоидалар Американинг Intel ва AMD компаниялари чипларидан, шунингдек, Microsoft компаниясининг Windows операцион тизимидан компютерларда фойдаланишдан босқичма-босқич воз кечишни англатади.

Фото: Chen Yuxuan

Хитой ҳукумати ҳукумат идораларига бир неча йил ичида хорижий технологияларни маҳаллий ечимлар билан алмаштиришни буюрди, деб хабар берди Financial Times 25 март, душанба куни. Давлат идоралари 2027 йилгача маҳаллий технологияларга ўтишни якунлаши керак. 

Янги қоидалар Американинг Intel ва AMD компаниялари чипларидан шахсий компютерлар ва серверларда фойдаланишдан босқичма-босқич воз кечишни англатади. Шунингдек, Американинг Microsoft компаниясининг Windows операцион тизими ва хорижий компаниялар томонидан ишлаб чиқилган маълумотлар базаларидан босқичма-босқич воз кечиш кўзда тутилган. 

«Хавфсиз» ишлаб чиқарувчилар рўйхати фақат Хитой компанияларини ўз ичига олади 

Қоидалар 2023 йил декабр ойи охирида Молия вазирлиги, шунингдек, Хитой Саноат ва ахборот технологиялари вазирлиги томонидан «АТ-иловаларда инновациялар» дастурида тақдим этилган, деб ёзади Британия нашри. У шаҳар даражасидан юқори бўлган давлат идоралари ва партия органларидан асбоб-ускуналар ва дастурий таъминотни харид қилишда фақат Хитой компанияларини ўз ичига олган «ишончли ва хавфсиз» ишлаб чиқарувчилар рўйхатига таянишни талаб қилмоқда. 

Ҳозирги вақтда тасдиқланган технологиялар рўйхатига 18 та процессор, 6 та Linux базасидаги операцион тизим ва 11 та маълумотлар базасини бошқариш дастури киради. Уларнинг аксарияти эски моделлар, деб ёзади газета. 

Ғарб компаниялари сертификат олиши даргумон 

FT маълумотларига кўра, Ғарб компаниялари керакли сертификатни олиши даргумон: улар сертификатлаш учун барча ишлаб чиқиш ҳужжатлари ва дастурий таъминотнинг ўзини Хитой расмийларига топшириши керак бўлади. Баҳолаш мезони Хитойда дастурий таъминотни ишлаб чиқиш ва ишлаб чиқариш улуши ҳам бўлади.

Хитойнинг Intel ва AMD маҳсулотларидан фойдаланишдан бош тортиши иккала компания сотувларини сезиларли даражада камайтиради, дея қайд этади FT. Хитойнинг Intel даромадидаги улуши ўтган йили 27 фоизни, AMD даромадида эса 15 фоизни ташкил этди. Microsoft бош директори Брэд Смит ўтган йили Конгрессда Хитой улушига компания даромадининг 1,5 фоизи тўғри келганини айтди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид