Москвадаги терактдан кейин, “Адолатли Россия – Ҳақиқат учун” партияси раиси Сергей Миронов Марказий Осиё давлатлари билан виза режимини жорий қилиш кераклигини айтиб чиқди. Kun.uz суҳбатлашган сиёсий таҳлилчилар бу оғзаки риторикадан бошқа нарса эмаслиги, Россия иқтисодиётининг мигрантларга боғлиқлиги узоқ истиқболда ҳам фақат ошиб боришини таъкидлади.

Россия ички сиёсатидаги муаммоларни мигрантлар билан боғлаш қанчалик асосли?

Алоуддин Комилов, Прогрессив ислоҳотлар мазкази эксперти: — Россия ички сиёсатига назар ташлаш керак. Украина уруши фонида Россиядаги миллатчи, ултрамиллатчиларнинг аҳамияти, норозилиги ортиб боряпти ва оғир вазиятларни мигрантлар билан боғлашга ҳаракат қиляпти. Бу эса ўзининг таъсирини кўрсатяпти.

Мухтор Назиров, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори: — Россиядаги ижтимоий, сиёсий жараёнларга қарасак. Ўтган ҳафтадаги терактнинг юзи мигрантлар бўлди, ҳамма жойда: ОАВда, пропаганда маълумотларида мигрантлар кўп тилга олинди. Мигрантлар масаласи қарор қабул қилувчилар доирасида эмас, кўпроқ парламент муҳокамаларида, жамоатчиликка таъсири бор шахслар томонидан тилга олиняпти ва мигрантларга нисбатан босимлар ортиб бораётганини ҳам кўриш мумкин.

Бу жараёнлар ташқаридан қараганда мақсадлига ҳам ўхшайди. Бошқа томондан бу масала жамоатчиликни чалғитиш учун ҳам бўлиши мумкин. Виза билан боғлиқ масалалар кўтарилгани билан амалий ҳолатга ўтгани йўқ бу, аввалдан бор бундай чақириқлар.

Камолиддин Раббимов, сиёсий таҳлилчи: — Дунё давлатларининг, Россиянинг кейинги 15-20 йилдаги тажрибасига қарасак, ҳар сафар кучли ижтимоий, иқтисодий ёки сиёсий инқироз бўлганида ташқи таҳдид хавфи омили билан жамиятни бирлаштиришни кузатиш мумкин. Мисол учун, 2017 йилда ҳам терактлар бўлганди, 2000-йиллардаги терактларда эса Кавказдаги сепаратизм, мусулмон халқларининг ўзлигига қарши туришимиз керак, деган масала қўйилганди жамият олдига.

Россия ўзини империя сифатида билади, яқинда Медведевнинг ёшлар билан учрашувидаги фикрларида ҳам буни кўрдик. Лекин Россиянинг ўзида миллатчилик, шовинизм кучли. Терактдан кейин Россияда янги консолидация кузатиляпти, асосий таҳдид сифатида этник тожик бўлган шахсларга суд бўлмасидан олдин қийноқлар қилиняпти ва буни очиқчасига кўрсатяпти. Дунё давлатларида бундай бўлмайди, бўлса ҳам, яширилади. Россия эса яширмаяпти, тарқатяпти ҳам. Табиий равишда жамиятда ҳам мигрантларга нисбатан нафрат шаклланяпти.