— 19-асрда дунёда янги субъектлар пайдо бўлди, кучли давлатлар шаклланди, хусусан, АҚШ шакллана бошлади. Бундан ташқари, Европада бир қанча марказлашган давлатлар шаклланди, масалан, Пруссиянинг бирлашиши. Шу вазиятда улар томонидан бутун дунёни қайта бўлиб олиши масаласи чиқди ва давлатларнинг буюклиги дунё харитасидаги географияси ва сиёсатига боғлиқ бўлиб қолди. Шундан кейин Европада бир қанча концепциялар вужудга келди ва геосиёсат тушунчаси пайдо бўлди. Немис географи ва этнографи Фридрих Ратцель Европа марказидан туриб бутун дунёни қандай бошқариш мумкин, деган масалани киритган. Пруссияда герман қабилалари бирлашиши натижасида дунёни қайта бўлиб олишда бироз кечиккан Германия энди бутун дунёни қандай ташкил этамиз, қандай бошқарамиз, деган масалани қўйди.
20-аср бошларида Буюк Британия бу масалада Европада устунликни бой бермаслик учун турли концепция, стратегиялар ишлаб чиқа бошлаганди. Шу даврда геосиёсатга Ҳартленд тушунчасини киритган Жон Маккиндер бўлади, у Англия қиролининг махфий маслаҳатчиси ҳисобланган. Шу тушунчага асосан Британия 20-аср бошларида ўз ташқи сиёсатини шакллантирди.
Маккиндернинг олдига биз дунёни қандай назорат қилсак бўлади, таянч нуқта қаерда, деган масала қўйилди. У бутун Евросиё минтақасини “бутун дунё ороли” деб атаб, унинг марказидаги ҳудудларни Ҳартленд деб атади, бунга Россия, Хитой, Марказий Осиё, Шарқий Европа ҳудудлари киради. Яъни мана шу цивилизация ўчоқлари бўлган ҳудудларни назорат қилсак, бутун дунёни назорат қилиш мумкин деган концепцияни киритди.

Британия Биринчи жаҳон урушидан кейин ҳам шу концепция бўйича иш кўрди. Бу орада Америка қитъасида АҚШ кучайиб келиб, янги сиёсий куч сифатида бутун дунёга даъво қилишни бошлади. Натижада АҚШда ҳам янги концепция ишлаб чиқилди, бу Николас Спайкмен деган географ, политолог олим томонидан таклиф этилди. Унинг назариясига кўра, Ҳартлендни назорат қилиш муҳим эмас, унинг атрофидаги денгиз билан чегарадош ҳудудларни назорат қилиш орқали бутун дунёни назорат қилиш мумкин. Ва бу Римленд назарияси деб аталди.
Иккинчи жаҳон урушидан олдин 30-40 йилларда АҚШ концепцияси шу асосда шаклланди. Николас Спайкменнинг “Жаҳон сиёсатида АҚШ стратегияси” асари бугунги кунда ҳам АҚШ геосиёсатининг концептуал асоси бўлиб хизмат қилади. Кейинчалик Римленд концепцияси асосида Ҳартлендни ўраб олувчи Анаконда стратегияси ҳам ишлаб чиқилган.
— Бу назарияларда Марказий Осиёнинг ўрни қандай?













