22:01 / 04.04.2024
7807

Болалар шоири ва ёзувчиси Раим Фарҳодий вафот этди

Адиб болалар учун 50 дан ортиқ шеърий ва насрий китоблар ёзган. Ўзбек болалар шеъриятидан асарларни, Навоий, Бобур ғазалларини рус тилига таржима қилган. 

Таниқли болалар шоири, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, «Булоқча» журнали бош муҳаррири Раим Фарҳодий 82 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси хабар берди. 

Раим Фарҳодий 1942 йил 16 май куни Самарқанд шаҳрида туғилган. 1955 йили Самарқанд тиббиёт институтини, 1971 йили Максим Горкий номидаги адабиёт институтини тамомлаган. 

Раим Фарҳодий 1967 йилдан бошлаб Ёшлар ташкилоти лектори, «Звезда Востока» журнали шеърият бўлими мудири, Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти бош муҳаррир ўринбосари, «Халқ сўзи», «Народное слово» газеталари маданият бўлими муҳаррири, Ёзувчилар уюшмаси Русийзабон адабиёт кенгаши раиси, «Булоқча» («Родничок») болалар журнали бош муҳаррири сифатида ишлаган. 

Раим Фарҳодий болалар учун 50 дан ортиқ шеърий ва насрий китоблар ёзган. Ўзбек болалар шеъриятидан асарларни, Навоий, Бобур ғазалларини рус тилига таржима қилган. 

1989 йил «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими» фахрий унвони, 1999 йил «Дўстлик» ордени билан тақдирланган.

Top