Жаҳон | 13:02 / 08.04.2024
7006
9 дақиқада ўқилади

Хон Юнусни тарк этган Исроил, Россия ва Қозоғистондаги тошқинлар, Трампнинг «тинчлик режаси» — кун дайжести

Дунёда содир бўлган аҳамиятли воқеа-ҳодисалар, янгиликлар ва баёнотларнинг қисқача шарҳи билан анъанавий тарзда таништириб боришда давом этамиз.

Ғазодаги вазият

7 октябрдан буён Исроилнинг Ғазода амалга ошираётган агрессияси қурбонлари сони 33,1 минг нафардан ошган. Яна 75 минг 886 киши яраланган. Бу Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумоти.

Сўнгги бир сутка ичида Исроил ҳужумлари ортидан 38 киши ўлган ва 71 киши ярадор бўлган.

Вайрон бўлган бинолар ва йўл четларида ҳалок бўлганларнинг жасадлари йиғиштирилмасдан турибди. Тез ёрдам бригадалари ва фуқаро мудофааси кучлари Исроил кучларининг тўсиқлари боис маййитларнинг олдига яқинлаша олмаётгани хабар қилинмоқда.

Исроил Хон Юнусни тарк этди

Исроил Ғазо жанубидаги Хон Юнус шаҳрида пиёда қўшинларини олиб чиқиб кетгани хабар қилинмоқда. Тўрт ойлик жанглардан кейин фаол амалиётларда иштирок этган барча қуруқлик қўшинлари секторнинг жанубий қисмидан олиб чиқилганини маълум қилинди.

Қолдирилган ҳарбийлар секторни иккига ажратиб турувчи йўлакни қўриқлайди.

БМТ бир неча бор Рафаҳдаги ҳар қандай амалиёт ҳуманитар фалокатга олиб келишидан огоҳлантирганди.

«Биз Хон Юнус ҳудудидаги миссиямизни якунлаганимиз учун қўшинлар ротация қилинди», — деган ЦАҲАЛ вакили подполковник Питер Лернер.

Лернернинг сўзларига кўра, Рафаҳ ҲАМАСнинг таянч пункти бўлиб қолмоқда ва у ерда исроилликларнинг тўртта баталёни бор.

Исроил яқин вақтлар ичида Миср билан чегара яқинидаги бир миллиондан ортиқ фаластинликлар бошпана қилган Рафаҳ шаҳрида амалиёт бошлашни режалаштирганди.

Исроил мудофаа вазири Йоав Галант қўшинларнинг Хон Юнусдан олиб чиқилиши Исроил ҳужумининг якунланиши эмаслигини таъкидлаган.

«Қўшинларнинг Хон Юнусдан олиб чиқилишига асосий сабаб ҲАМАСнинг ушбу шаҳарда ҳарбий ташкилот сифатида ортиқ фаолият кўрсатмай қўйганида. Исроил армияси кучлари Рафаҳдаги операцияга тайёргарлик кўриш учун олиб чиқилди», — деган Галант.

Исроилдаги намойишлар

Шанба куни Исроилда кўп минг кишилик норозилик акцияси ўтказилиб, унинг иштирокчилари бош вазир Бинямин Нетаняҳунинг истеъфосини ва ярим йил муқаддам ҲАМАС томонидан гаровга олинган исроилликларни озод этишни талаб қилишди.

Нетаняҳу ҳукуматига қарши намойишлар 2023 йилнинг бошидан буён ҳар шанба куни ўтказиб келинаётганди. 7 октябрдан сўнг намойишлар бир муддат тиниб қолган эди. Энди янгича куч билан қайта бошланмоқда.

Тел-Авив ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларидаги намойишлар исроиллик ҳарбийлар гаровга олинганлардан бири — Элад Кацирнинг жасади қайтарилганини эълон қилиши ортидан бошланди. Январ ойида тирик асирларнинг видеоси эълон қилинганида, улар орасида Кацир ҳам бор эди.

Намойишчилар бош вазир Бинямин Нетаняҳунинг зудлик билан истеъфоси ва муддатдан аввалги сайловлар ўтказилишини талаб қилмоқда. Шунингдек, ҳукумат ҲАМАС томонидан гаровда ушлаб турилганларни озод қилиш бўйича келишувга эришиш талаби ҳам илгари сурилмоқда.

Кўчаларга чиққанлар Нетаняҳу ҳукумати ҳамон Ғазода ушлаб турилган 130 нафар атрофидаги исроилликни озод эта олмайди деб ҳисобламоқда.

Норозилик акцияларида қатнашганлар орасида гаровдагиларнинг қариндошлари ҳам бор.

Ташкилотчиларнинг маълумотларига кўра, норозилик акцияларида 100 мингга яқин киши иштирок этган.

Эроннинг Исроилга таҳдиди

Исроилнинг дунёдаги ҳеч бир элчихонаси ўзини ортиқ хавфсиз ҳис қила олмайди. Бу ҳақда якшанба куни Эрон олий раҳнамоси оятуллоҳ Али Хоминаийнинг ҳарбий маслаҳатчиси генерал-майор Яҳё Раҳим Сафавий таъкидлаб ўтган.

«Сионистик режимнинг бирор бир элчихонаси ортиқ хавфсиз ҳолда бўлмайди. Яшайверсак нималар бўлишини кўраверамиз», — деган Сафавий Дамашқда Эрон консуллигига берилган зарбаларни шарҳлай туриб.

Сафавий икки генерал дохил етти нафар эрон фуқароси ҳалок бўлган консулликка зарбада Исроилни айблаган. Унинг айтишича, оятуллоҳ Хоминаий Исроил «консулликка берилган зарба учун ҳали афсус қилади», деган. Маслаҳатчи «қаршилик фронти бунинг учун тўлиқ шай ҳолатга келтирилгани»ни айтиб ўтган.

Украинадаги уруш

Россия Украинанинг катталиги жиҳатидан иккинчи шаҳри бўлган Харкивни «кулранг зона»га айлантиришни истамоқда, деб ёзади The Economist нашри.

Унга кўра, урушгача 2 миллион аҳоли яшаган, айни кунларда 1 миллион 300 минг аҳоли истиқомат қилаётган Харкив шаҳри одамлардан холи, вайрона ҳудудга айланиши керак.

Аввалроқ, Украина президенти Володимир Зеленский Харкивни эгаллаш учун 1 июнгача Россия 300 минг аскарни мобилизация қилишни режалаштираётганини айтган эди.

Харкив шаҳар раҳбари Игор Терехов шаҳар асло таслим бўлмаслигини таъкидлаган. Унинг қайд этишича, урушнинг аввалида вазият жуда оғир бўлган ва 2 миллионлик шаҳарни 1 млн 700 минг киши тарк этган. Кейинроқ уларнинг катта қисми шаҳарга қайтиб келган.

«Қандай қилиб шундай шаҳарни кулранг зонага айлантириш мумкин? Одамлар бу ерни энди тарк этишмайди. Чунки бир марта кетиб кўришди ва қайтиб келишди. Одамлар етарли тарзда азобланиб бўлишган», – деган Терехов.

Трампнинг «тинчлик режаси»

Яна АҚШ президенти бўлиб сайланиш учун тайёрланаётган Доналд Трампнинг Украинадаги «тинчлик режаси» Украинанинг Россия томонидан босиб олинган ҳудудларидан воз кечишидан иборат, — деб ёзган The Washington Post нашри.

Трамп билан бу таклифни муҳокама қилган инсонларнинг сўзларига кўра, кўра режага кўра Украина Қрим ва Донбассдаги чегараолди ҳудудларни Россияга топширишга мажбур қилинади.

Трампнинг фикрича, Россия ҳам, Украина ҳам вазиятдан «юзини асраб қолган ҳолда» чиқишни истайди. Боз устига, Украинанинг айрим қисмидаги одамлар ўзлари яшаётган ҳудуд Россиянинг бир қисми бўлишига «асло қарши эмас».

Аммо республикачилар партиясидаги ҳамма ҳам Трампнинг бу ғоясини қўллаётгани йўқ. Сенатор Линдси Греҳэм Россия уруш учун “тўлов қилиши” кераклигини айтиб, Украинанинг НАТОга аъзо бўлиш учун қилаётган саъй-ҳаракатларини қўллашга чақирган. У шунингдек, Трамп Россия президенти Владимир Путиннинг позициясини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган ён беришларга йўл қўймаслиги кераклигини таъкидлаган.

Қозоғистондаги сув тошқинлари

Қозоғистонда баҳорги эриш мавсумида дарёларга муз парчалари тиқилиб қолиши ортидан юзага келган тошқин туфайли эвакуация қилинганлар сони 72 мингдан ошган, уларнинг 16 мингдан ошиғи ёш болалар.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ушбу тошқинларни мамлакатда сўнгги 80 йил ичида рўй берган энг йирик табиий офат, деб атаган.

Қозоғистоннинг 10 та областида маҳаллий миқёсдаги 30 тача фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

Бугунги кунда Ақтўбе, Қўстаной, Павлодар, Ақмўла, Атирау областларидаги ҳудудларда 3702 та уй сув остида қолмоқда.

Авария ва қутқарув ишларига 12 минг киши, 1300 та техника ва 7 та вертолёт жалб қилинган. Атирау областида икки инсоннинг жасади топилган. Улар сув остида қолган уйларига ўзлари етиб боришни мақсад қилишган ва ҳалок бўлишган.

Тармоқда Тобол шаҳри аҳолиси тошқиннинг олдини олиш учун қум тўлдирилган қоплардан 5 км узунликка тенг мустаҳкам девор тиклагани тасвирлари тарқалди.

Туркия табиий офат оқибатларини бартараф этиш учун барча зарур ёрдамни кўрсатишга тайёр эканлигини билдирган.

Россиядаги сув тошқини

Россиянинг Оренбург областида жойлашган Орск шаҳри ҳам сув тошқинидан азият чекмоқда. Урал дарёсини тўсиб турувчи тўғонлардан бирининг ёрилиши натижасида Орск ва унга ёндош аҳоли пунктлари сув остида қолган. Тўғонларнинг ёрилишига эса Ириклинск сув омборидан Урал дарёсига ортиқча сув ташлангани сабаб бўлган.

Ҳукумат комиссияси Оренбург областидаги сув тошқинини Федерал характердаги фавқулодда вазият деб тан олиш ҳақида қарор чиқарган.

Кейинроқ тўғоннинг яна бир қисмини сув уриб кетган. Айрим ҳудудларда сувнинг баландлиги 1 метрга етган ва у камайиш ўрнига тобора кўтарилиб бораётгани маълум қилинмоқда.

Сув тошқини натижасида 100 га яқин инсон жабрланган. Етказилган зиён 21 миллиард рублдан ортгани айтилмоқда. Одамларда ичак инфекцияси аниқланган. Орск шаҳрида олтита тиббиёт муассасаларини эвакуация қилиш бошланган. Шунингдек, 4 мингга яқин аҳоли эвакуация қилинган.

Орск шаҳрида 4 инсон ҳалок бўлгани маълум. Қутқарув ишларига Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 700 дан ортиқ қутқарувчилари эалб қилинган.

Оренбургда вазият янада оғирлашмоқда. Урал дарёсида муз тиқинлари сабабли сувнинг сатҳи 28 сантиметрга кўтарилган. Оренбург областида сув босган уйларнинг сони 6,3 мингдан ошмоқда. Биргина Орск шаҳрида 4,5 минг уй сув остида қолган. 

Мавзуга оид