Фан-техника | 19:30 / 09.04.2024
13059
2 дақиқада ўқилади

Samsung компанияси iMac услубидаги моноблок чиқарди

Компютер металлдан ясалган, минималист дизайнга эга ва Apple компаниясининг iMac моноблоки билан рақобатлашиши мумкин. 

Фото: Samsung

Samsung Жанубий Кореяда ўзининг янги All-In-One Pro шахсий компютерини тақдим этди. iMac моноблокига ўхшаш компютер All-In-One Pro деб номланади. Унга олдиндан буюртма бериш мумкин. 

Компютер ўта юпқа металл корпусга эга, унинг қалинлиги атиги 6,5 мм. Дисплей 27 дюймли, 4К матрицага эга. Унинг тепасида видео қўнғироқлар ва конференциялар учун веб-камера мавжуд. Видеомулоқот учун Samsung смартфонининг камерасидан ҳам фойдаланса бўлади. 

Компютерга Intel Core Ultra процессори ўрнатилган бўлиб, у 13-авлод Intel Core i5 чипига қараганда тезроқ ишлаш имконини беради. Оператив хотира ҳажми 16 ГБ дан бошланади. 

Портлар орасида HDMI, бир жуфт USB Type-A, Ethernet 3,5 мм эшитиш воситаси уяси мавжуд. Симсиз алоқа воситаларига Bluetooth 5.3 ва Wi-Fi 6E киради. Овоз сифати Dolby Atmos билан мос келадиган 3D динамиклар томонидан таъминланади. 

Янги All-In-One Pro компютери Windows 11 Home ва бир нечта Galaxy экотизим иловалари ва функциялари, шу жумладан автоматик Buds алмашинуви ва тезкор файллар алмашиш учун компаниянинг Quick Share опцияси билан таъминланади. 

Компютер клавиатура ва сичқонча билан бирга сотилади, шунингдек, металлдан ясалган ва минималист дизайнга эга. 

Компютернинг нархи тахминан 1469 долларни ташкил этади (≈18,6 млн сўм). Жанубий Кореяда очиқ савдолар 22 апрелдан бошланади. Кейинчалик Samsung All-In-One Pro бошқа бозорларда ҳам чиқарилиши мумкин. 

Мавзуга оид